Ўзбекистон | 16:21 / 23.11.2019
8756
2 дақиқада ўқилади

Тошкент молия институти Колумбия университети билан биргаликда фонд биржаси мутахассисларини тайёрлайди

Колумбия университети / Фото: Shutterstock

Тошкент молия институти ўқитувчилар ва талабаларнинг капитал бозори соҳасида билим ҳамда малакасини оширишда жаҳондаги энг нуфузли университетларидан бири АҚШнинг Колумбия университети билан ҳамкорлик қилиши мумкин. Ҳамкорлик 2020 йилдан бошлаб йўлга қўйилиши режалаштирилган, дея хабар берди Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати.

Шу йилнинг 7 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида капитал бозорини ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда Капитал бозорини ривожлантириш агентлигига ушбу соҳада мутахассислар тайёрлаш бўйича Молия институтини ўз оталиғига олишни топширган.

Шу муносабат билан агентлик томонидан ноябрь ойи бошида АҚШдаги Колумбия университетининг халқаро ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича амалиёт профессори Уильям Эймикининг Ўзбекистонга ташрифи уюштирилди. Ташриф чоғида Колумбия университети билан Молия институти ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Ҳамкорлик доирасида Колумбия университети профессорлари Ўзбекистонга мунтазам равишда келиб ёки онлайн равишда семинарлар ўтказиши мумкин. Бундан ташқари, Молия институти талабаларини Колумбия университетига малака оширишга жўнатиш ҳам режалаштирилган. Шунингдек, АҚШ университети Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига капитал бозори бўйича сифатли ўқув дастурини тузишда ҳам ёрдам бериши кўзда тутилган.

Капитал бозори агентлиги раҳбарияти ва ходимлари Молия институти талабаларига мунтазам маърузалар ўқишмоқда. Хусусан, агентлик директори Отабек Назиров институт талабаларига ўзбек капитал бозорининг ислоҳоти ва унинг иқтисодиётдаги аҳамияти тўғрисида маъруза қилди.

“Агар биз чинакам рақобатбардош бозор иқтисодиётини қуришни истасак, иқтисодиётда капитални тўғри ва самарадор тақсимлашимиз лозим. Афсуски, банк тизимида давлат аралашувининг кучли экани ушбу самарадорликка салбий таъсир ўтказмоқда. Ҳозирги шароитда ушбу самарадорликни оширишнинг энг мақбул йўли – капитал бозорини тезкор ривожлантириш”, – дея таъкидлади агентлик раҳбари.

Мавзуга оид