Жамият | 14:20 / 25.11.2019
84030
10 дақиқада ўқилади

Совуқда уйни нима билан иситиш керак? Кун совиши ҳамоно қалқиб чиқувчи саволлар

Қиш фасли келди. Уйини кўмир ва ўтин билан иситишга мажбур хонадонларнинг барчаси қўлбола печлардан фойдаланади. Айтайлик, давлат стандартидан ўтган кўмир печкани излаб ўтиришдан фойда йўқ. Чунки одам яшаётган уйидаги печкада кўмир ёқиш аслида мумкин эмас.

Яқинда «Ўзтрансгаз» АЖга қарашли корхона томонидан берилган эълонга кўзим тушди. Унда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш учун айрим тавсиялар берилган. Жумладан, аҳолидан бир қатор қўлбола печлардан фойдаланмаслик сўралган. Кўп қаватли уйларда газ плитадан уйларни иситиш мақсадида фойдаланмаслик, суюлтирилган газ солинган маиший баллонлардан уй ичида фойдаланмаслик шулар жумласидан. Қолаверса, ностандарт электр иситиш ускуналаридан фойдаланиш ҳам азалдан тавсия этилмайди.

Бир томондан, бу каби эълонларда мантиқ бор, албатта. Ахир деярли ҳар куни қайсидир вилоятда ис газидан ҳалок бўлган юртдошларимиз ҳақида эшитяпмиз. Аммо масаланинг иккинчи ва оғриқли томони ҳам бор: унда совуқ фаслда уйни нима билан иситиш керак?

Кўп қаватли уйлардан бошлаймиз.

Қоида бўйича кўп қаватли уйлардаги хонадонлар иссиқ сув (отопление) билан иситилади. Иситишнинг энг хавфсиз ва стандарт усули шу. Энди бу борадаги аҳволимизга қисқача тўхталиб ўтамиз.

Шу йил 4 октябрда республика президенти иштирокида аҳолини узлуксиз иссиқ сув ва иссиқлик қуввати билан таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказилганди. Йиғилишда бугунги кунда мавжуд қозонхоналар ва иссиқлик тармоқларининг муайян қисми эскиргани, айримлари фойдаланишга яроқсиз аҳволга келиб қолгани, соҳага ҳозиргача хорижий инвестициялар умуман жалб қилинмагани, мавжуд имкониятлар етарлича ишга солинмагани айтиб ўтилганди.

Йиғилишда айтилганидек, йиллар давомида технологик модернизация ишлари амалга оширилмагани учун соҳа даромадининг 85 фоизи ёқилғи-энергетикага сарфланмоқда. Тармоқдаги йўқотишлар 35–40 фоизга етган. Энергия ресурслари харажати ва тўловлардаги номутаносиблик оқибатида кредитор ва дебитор қарздорлик юзага келмоқда.

Содда қилиб айтадиган бўлсак, иссиқлик манбаи соҳаси оғир аҳволга келиб бўлган. Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги маълумотига кўра, республика бўйича 39 мингта кўп қаватли уй бўлса улардан 23 минг 800 тасини иссиқлик билан таъминлаш шарт. Аммо айни вақтда 13 минг 900та кўп қаватли уйга иссиқлик бериляпти, холос.

20 мингдан ортиқ уй иссиқликсиз қолиб кетмоқда. Бу — тан олинган расмий маълумот. Сизнингча, ҳозир бу уйларда иссиқлик ниманинг эвазига таъминланяпти. Юқорида айтилганидек, газ плита билан иситиш мумкин эмас, газ баллондан фойдаланиш мумкин эмас, ўтин ё кўмир печка ўрнатиш-ку умуман мумкин эмас! (Ахир, бу «дом»-ку?!)

Вазият ана шундай бўлгач, кўп қаватли уйларда одамлар қишнинг совуқ кунларида, яшаш учун мумкин бўлмаган барча чораларни қўллашга мажбур. Вариантлардан энг яхшиси, турли электр иситгичлар. Шаҳар марказида, электр таъминоти узилмайдиган ҳудудларда шундан умид қилса бўлади. Ёмони шуки, иссиқлик таъминоти бўлмагач, совуқ тушган заҳоти электр узатиш тармоқлари ва иншоотларида авариялар сони фавқулодда ошиб кетади. Албатта, зўриқишдан.

Қишлоқ жойларда эса аҳвол янаям оғирроқ.

Неча йиллардан буён қишда одамларнинг ягона ташвиши мана шу бўлиб қолмоқда. Таълим, дам олиш, маънавият, ватанпарварлик, сайлов, китобхонлик... кабилардан сўз очсангиз энсаси қотадиганлар пайдо бўлаётгани шундан. Қишлоқда уйни ким қандай иситаётгани билан қизиқсангиз, хаёлингизга ҳам келмаган ҳолатларга гувоҳ бўласиз. Бошқа илож йўқ, қўлбола, ностандарт печлар ҳақдаги расмий гаплар бошқа сайёра учун!

Демак, қишлоқларда, табиий газ, ўтин, кўмир, ёғоч қириндиси, ёнғоқ пўчоғи, мол тезаги (таппи), сандал ва турли хил электр (аксарияти қўлбола ва ностандарт) ускуналар билан.

Кейинги вақтларда тарқалган биргина «Уч кун керосинга ботириб қўйилган пишиқ ғиштни печкага солсангиз чўғ бўлиб, эрталабгача уйни иситармиш», деган гапнинг ўзи ҳолатимиз қанчалик ночор эканига далолат. Сабаби пишиқ ғишт, тупроқ ҳеч қачон ёнмайди, чўғ бўлмайди. Буни ҳамма билади. Аммо ишонгиси келади, бошқалардан сўраб кўради, ростмикин, деб.

Сўнгги беш-олти йилда шу каби ўнлаб «ихтиро»га қўл уриб кўрилди. Айрим қишлоқларда темирчилар кам ёқилғи билан кўпроқ исита оладиган ажабтовур ускуналар ҳам ясай олишди. Печканинг дудбурони уйнинг ярмини бир айлантириб кейин ташқарига йўналтирилган хонадонларни ҳам кўрдик (кўпроқ иссиқлик бериш учун экан). Хуллас, уйни иситишнинг турли йўллари санъат даражасига кўтарилди.

Дарвоқе, нима учун ностандарт электр жиҳозлар дейишингиз мумкин? Аввало, қишлоқда ҳамманинг ҳам қиммат ва сифатли электр жиҳозларига кучи етмайди. Иккинчидан, қиш кунларида электр кучланиши қишлоқларда пасайиб кетгани боис, қатор турдаги электр жиҳозлар, мисол учун кондиционерлар ишламайди.

Очиғини айтиш керак, аҳолига қиш кунларида жон сақлаш учун давлат томонидан белгиланган нархда кўмир етказиб берилаётганига бир неча йил бўлди. Биргина Самарқанд вилояти учун бу йил 111 минг тонна кўмир етказилмоқда. Ҳеч ким «кўмир хавфли экан», деб ўтирган эмас, аксинча, ўтган йиллар ўз улушини ололмай қолганидан шикоят қилиб келган фуқаролар ҳам бўлди. Фикримизча, тегишли идоралар уйни кўмир билан иситишда амал қилиш керак бўлган қоидалар тарғиботидан тортинмасликлари керак. Аксинча шарт бу. Эҳтимол, ўшанда ис газидан заҳарланаётганлар сони камаяр?

Нима қилиш керак?

Таҳририятга ҳар куни «маҳалламизга газ беришсин» мазмунидаги кўплаб мурожаатлар бўлади. Ҳар йили газтаъминот идоралари вакиллари билан суҳбатларда қишда газ босими пасайиб кетиши сабаби билан қизиқамиз. Одатда «газ аслида уйни иситиш учун эмас, ошхона учун, агар ҳамма тўғри фойдаланса газ бемалол етади», қабилида жавоб берилади. Аммо ҳали бирор марта «табиий газни етказолмаяпмиз», деган гап айтилган эмас...

Дунё тажрибасига таянадиган бўлсак, аксарият мамлакатларда уйлар ёки электр жиҳозлар ёки иссиқ сув билан иситилишига гувоҳ бўламиз. Табиий газ эса ниҳоятда қиммат.

Ҳар икки вариант ҳозирча бизга тўғри келмаяпти. Иссиқ сув билан таъминлаш тизими эса боя айтганимдай хароб ҳолга келиб қолган. Самарқанд вилоят «Иссиқлик манбаи» корхонаси ҳам дебитор қарздорлик ботқоғига ботиб қолган бўлиб, улкан иқтисодий ёрдамсиз оёққа туролмаслиги аниқ. Аксарият ҳудудларга иссиқлик етиб бормаётганига неча йиллар бўлиб кетди. Тармоқлар чириб, узилиб йўқ бўлиб кетган.

Электр энергияси танқислиги иккинчи вариантни ҳам йўққа чиқаради. Салкам ўттиз йил давомида электр ишлаб чиқаришда йирик лойиҳалар амалга оширилмагани бугун бизни шу аҳволга солиб қўйгани бор гап. Бошланган лойиҳалар ҳам охирига етмай қолиб кетди. Мавриди келганда ана шу лойиҳаларнинг энг «машҳури»ни эслаб ўтамиз.

Бизни шарманда қилган 500 миллион долларлик лойиҳа

Интернетга кириб, Google қидирув тармоғида «Самарқандда қуёш электр станцияси» деб ёзсангиз 46 сонияда 11400та маълумот пайдо бўлади.

2013 йил президентнинг «Муқобил энергия манбаларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони эълон қилингач, шу ҳужжат асосида Самарқандда қуввати 100 МВт қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши ҳақда бутун республика оммавий ахборот воситалари тинимсиз бонг урди.

Ўша йилиёқ Тошкентда Осиё қуёш энергияси форуми йиғилиши бўлиб ўтди. Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка мамлакатларидан қарийб 300 нафар халқаро молия институтлари, компания ва корпорациялар, илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, олимлар, соҳа мутахассислари ва экспертлар қатнашди. Иштирокчилар, «Марказий Осиёда илк марта» қуёш электр станцияси қурилаётган шаҳар — Самарқандда бўлишди, дабдабали анжуманлар ташкил этилди. Станция 2016 йил қуриб битказилиши эълон қилинганида ўша вақтдаги оғир электр танқислиги сабаб журналистлар «2016 йилни кутиш самарқандликлар учун оғир синов эмасми?» сарлавҳаси билан ОАВда чиқиш ҳам қилишди.

Аҳоли билан учрашувларда электр танқислигидан гап очилса «Ана, қуёш электр станцияси қуриляпти» қабилидаги баёнотлар урфга кирди. Аммо 2016 йил ҳам, ундан кейин ҳам фотоэлектр станция ишга тушмади. Энг ёмони, халққа бунинг сабаби ҳам ошкор этилмади. 2017 йилдан электр таъминоти бироз яхшилангач, улкан лойиҳа эсдан чиқди-кетди (ўртада ўша станция қуриладиган жойда 4–5 миллиард сўм сарфланиб, тайёргарлик ишлари олиб борилгани қолди, холос). Ўтган йилдан бошлаб бу борада яна янги лойиҳалар бўй кўрсата бошлади ва бу сафар улар амалга ошишига умид билдириб қоламиз.

Дарвоқе, юқорида «Нима қилиш керак» деган савол қўйилганди. Сирасини айтганда, бу масалага неча йиллардан бери «ихтирочилик» қилиб келаётган фуқаролар ҳам, журналистлар ҳам ечим тополмайди. Бундай вазиятда сўз навбатини аллақачон олимларимиз олиши керак эди.

Эҳтимол, энди ҳам нисбатан арзон ва самарали локал қозонхоналар қуриш вақти келгандир. Эҳтимол, деярли анъанавий ва эски қолиплардан воз кечиб, уйлар қурилишида энергия тежамкор ва иссиқликни сақловчи қурилиш материалларидан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш лозимдир. Хуллас, буёғига халқ ҳаётидаги энг муҳим бу масала устида олимларимиз ҳам бош қотириши шарт деб ҳисоблаймиз.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид