Жамият | 10:10 / 05.12.2019
10466
5 дақиқада ўқилади

Нафас олишдан маҳрум мурғак гўдак саховатли инсонлар кўмагига муҳтож

Таҳририятга Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида яшовчи Сафия Абдиалимова бир йилдан бери бетоб ётган фарзанди учун кўмак сўраб мурожаат қилди.

Унинг айтишича, ўғли Ҳакимжон шамоллаш оқибатида кутилмаганда комага тушиб, яримжон бўлиб қолган.

«2018 йилнинг сентябрида фарзандим шамоллаб, ҳар замонда иситмаси чиқа бошлади. Ўшанда болам 2 ёшу 2 ойлик эди. Қайнонамга дўхтирга олиб борайлик десам «Биз ҳам бола боққанмиз, сал нарсага дўхтирга югуриб боравермаслик керак!» деб койиб берди», дейди Ҳакимжоннинг онаси.

Сафиянинг сўзларига кўра, ўғлида 2018 йил 27 сентябрь кутилмаганда болада талваса (судорги) бошланиб, комага тушиб қолган. Шундан кейин она ўғлини олиб поликлиникага борган, у ердан тез ёрдам машинасида туман марказий шифохонасига кетишган. Ҳакимжон шифохонанинг реанимация бўлимида 3 ҳафта комада ётган. Боланинг бурун ва томоқ йўли ёпилиб қолгани учун шифокорлар бўғзидан тешиб очиб, трубка улаб қўйишган.

«Болам нафас ололмай ҳаракатсиз ва ҳушсиз комада ётган вақтда хўжайиним ва қайнонам «Энди умид йўқ, одам бўлмайди», дея шифохонадан чиқиб кетишганича қайтишмади. Ҳозир бемор фарзандим билан ота-онамникида яшаяпман», дейди она.

Ҳакимжон бир йилдан бери фақат томоғидаги трубка орқали нафас олади. Бурун ва томоқдаги нафас йўли беркилиб қолган. Табиий нафас ололмагани боис трубкасида балғам тўпланиб қолади. Онаси махсус аппаратда ҳар 5-10 дақиқада трубкани тозалаб турмаса бола нафас ололмай бўғилиб қолади.

«Фарзандим ҳозиргача ўтиролмайди, ўрнидан туролмайди, юролмайди. Бўйнидаги трубка сабабли фақат ётади. Зўрға нафас олади. Кечаси ухлолмайди. Тинчлантирувчи дори бериб ухлатамиз. Табиий нафас ололмагани боис трубкасида балғам тўпланиб қолади. Ўзим уйда аппаратда ҳар 5-10 дақиқада трубкани тозалаб ўтираман, бўлмаса нафас ололмай бўғилиб қолади. Ҳар ўн беш кунда Бухорога бориб трубкасини алмаштириб келамиз. Ҳеч кимнинг фарзандига бунақа дардни раво кўрмайман», дейди аёл.

Сафиянинг сўзларига кўра, Ҳакимжоннинг касалини Ўзбекистонда даволашнинг имкони йўқ. Тошкентга беморларни кўрикдан ўтказишга келган ҳиндистонлик шифокорлар уч босқичли жарроҳлик операцияси орқали боланинг нафас йўлини очиш мумкин деб айтишган. Шундан бери онанинг кўнглида умид пайдо бўлган. Бироқ жарроҳлик амалиёти учун 12 минг доллар керак. Бундан ташқари, Ҳиндистонга бориш-келиш, дори-дармон, таржимон харажатлари бор. Айни пайтда болани ёлғиз катта қилаётган она учун бу пулни топиш имконсиз. Шу сабабли у саховатпеша юртдошларимизнинг кўмагига муҳтож.

«Бир йилдан бери боламнинг овозини эшитмадим. Шу тузалиб кетса бошқа ҳеч нарса керак эмас. Биттагина фарзандимнинг бошқа болалар каби эркин нафас олиши учун ёрдам берингизлар. Сизларни бир умр дуо қиламан. Сизлар учун бир умр қўлим дуода бўлади», дея зорланади онаизор.

Сахий юртдошларимизни Ҳакимжоннинг шифо топишига ўз ҳиссангизни қўшишдек хайрли ишга чорлаб қоламиз. Бугун қилган яхшиликларингиз охиратингизга замин бўлсин.

Ҳакимжоннинг онаси Safiya Abdialimova номига очилган карта

Click/PayMe:

8600 0602 5046 3610 (Xalq banki)

Виза карта:

4143 8100 7001 2028

Хориждан маблағ юбормоқчи бўлганлар учун Сафия Абдиалимованинг паспорт маълумотлари: Abdialimova Safiya Baxtiyor qizi AB 9607789

Жамшид Ниёзов

Kun.uz мухбири

Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!

Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз, дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.

Мавзуга оид