Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сўз эркинлиги, мухолифат ва ташқи сиёсат: хорижлик элчилар депутатликка номзодлардан нималар ҳақида сўради?
12 декабрь куни сиёсий партиялар вакиллари ва Ўзбекистондаги хорижлик дипломатлар ўртасида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда АҚШ, Буюк Британия ва Жанубий Корея элчилари ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги бош координатори қатнашди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда бундай форматдаги давра суҳбати Ўзбекистон тарихида илк марта ўтказилаётгани таъкидланган.
Учрашувда дипломатлар Олий Мажлис депутатлиги учун номзодларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Хорижлик ҳар бир делегат навбатма-навбат тарзда 3-4тадан савол билан ўзбек сиёсатчиларига юзланди.
Жумладан, АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм партиялар вакилларига депутатликка номзодини қўйишлари учун нима туртки бўлгани, улар вакил бўлаётган ўз ҳудудларидаги аҳоли муаммоларини қандай ҳал этмоқчилиги, партияларнинг ташқи сиёсат борасидаги фикрлари билан қизиқди.
Унинг «Сиз партияни танладингизми ёки партиялар сизларга аъзолик бўйича таклиф билан чиқишганми?» дея берган саволига бешта партия вакилидан уч нафари ташаббус партиялардан чиққанини билдирди.
Америкалик дипломатнинг ташқи сиёсат бўйича саволига жавоблар эса Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи ва Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзолик масалаларига уланиб кетди. Тўртта партия ЕОИИга қўшилиш борасида ижобий фикр билдирган бўлса, «Миллий тикланиш» ҳозирча бу борада ўрганишлар давом эттирилиши лозим, деб ҳисоблашини билдирди.
Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кан Чжэ Квон ҳам америкалик ҳамкасбининг саволини давом эттириб, партиялар ўз номзодларини парламент аъзолигига уларнинг қайси фазилат ва сифатлари учун илгари сургани, умуман депутатлик учун номзодлар қандай умумий мезонлар асосида саралаб олингани ҳақида савол берди.
Корейс элчиси, шунингдек: «Ўзбекистондаги бу йилги сайловлар халқаро жамоатчиликнинг эътиборини қай даражада торта олди, деб ўйлайсиз?» деган саволни ҳам ўртага ташлади.
Номзодлар орасидан ЎзЛиДеП францияси аъзоси Расул Кушербаевнинг жавоби бошқаларникидан ажралиб турди:
«Тўғриси, қанча халқаро кузатувчи келяпти, менга унча қизиқ эмас. Улар кузатаверади. Менга қизиғи – сайловчиларим билан ишлаш ва сайловда кўпроқ овоз олиш», – деди Кушербаев.
Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлот эса партиялар демократик принципларга асосланган фуқаролик жамияти қуриш учун қандай ишлар қилиш ниятида экани, мамлакатда мухолифат партиялар борлиги кўзга ташланмаслиги ва одамларнинг сиёсатчиларга ишончини қандай қилиб ошириш мумкинлиги бўйича депутатликка номзодларнинг фикрларини сўради.
Элчининг мухолифат ҳақидаги саволига тадбир модератори – Марказий сайлов комиссияси аъзоси, Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев муносабат билдирди.
«Кўриб турибманки, сиз Ўзбекистоннинг хориждаги мухолифатини назарда тутяпсиз. Улар ўз пайтида Ислом Каримов билан ҳокимият талашиб, бу ердан чиқиб кетишга мажбур бўлишган. Мен номларини айтмайман, кимлигини биласизлар. Мана 30 йил бўляпти – улар бир авлод алмашиб улгургунича четда яшашди; Ўзбекистонда кўп ўзгаришлар бўлди, айниқса охирги уч йилда.
Пресс-клубнинг раиси сифатида баъзида кўраман: парламентнинг ҳукуматга нисбатан оппозицияси бор, масалан. Ҳукуматнинг ҳамма таклифлари ҳам ўтмайди. Ўз пайтида улар орзу қилган нарсалар бугун Ўзбекистонда амалда. Ўзбекистондаги ёш сайловчилар уларни ҳатто танимайди ҳам.
Совет тизимида улғайганмиз – бизда коммунистик мафкура сақланиб қолган. Коммунистик тузумда ҳукмрон партия болшевик бўлса, қолганлар – меншевик. Меншевикни Сталин отиб ташлаган, шунинг учун ҳам Сталиндаги муносабат ва шу қўрқув ҳамон бизда бор: ҳукмрон партияга қарши боролмаймиз. Менинг нуқтайи назарим шундай», – дейди Қудратхўжаев.
БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Ҳелена Фрейзер мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигини таъминлаш борасида депутатларнинг роли, атроф-муҳит муҳофазаси ва гендер тенглиги масалаларида партия вакилларининг қарашлари билан қизиқди.
У, шунингдек, Ўзбекистон БМТнинг «Ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенциясини 10 йил олдин имзолагани, аммо ҳамон ратификация қилмай келаётгани бўйича муносабат билдиришларини сўради.
Бу саволга партиялар реакцияси турлича бўлди. ЎзЛиДеП вакили мазкур конвенциянинг ратификация қилиниши тадбиркорлар зиммасига қўшимча харажатларни юклаши, шунинг учун уни қабул қилишни кейинроққа қолдириш маъқуллигини айтди.
Халқ демократик партияси аъзоси эса ҳозир Ўзбекистонда ногиронлиги бор шахслар учун деярли шароитлар йўқлиги, шу боис бу халқаро ҳужжатни ратификация қилиш зарурлигини таъкидлади.
Унинг бу сўзларига «Адолат» партияси аъзоси қарши чиқиб, «Кечирасиз, бизда ногиронлиги бор инсонлар учун шунақанги боғчалар, мактаб-интернатлар борки, бориб қарасангиз – ўз уйингизда бунақа шароит йўқ. У ерлардаги шароитнинг юксак даражада эканини кўриб ҳавасингиз келади. Бундан ташқари, ҳар бир сайлов участкаси пандуслар билан жиҳозланган. [Конвенцияни] ратификация қилиш учун бизга ҳали бироз вақтли, менимча», дея фикр билдирди.
Kun.uz давра суҳбатида билдирилган яна баъзи бошқа фикрларни ҳам яқин вақт ичида ўқувчилар эътиборига ҳавола этади.

Мавзуга оид
23:01 / 20.04.2025
Собиқ депутат Расул Кушербаев ИИБга чақирилди
14:01 / 06.03.2025
WizzAir Ўзбекистонга амалга оширадиган рейсларида ўзбек тилида ҳам хизмат кўрсатади
14:41 / 18.01.2025
“Йўловчи овозини кўтариб, жанжал чиқарган” – Wizz Air Кушербаев масаласи юзасидан муносабат билдирди
17:27 / 08.01.2025