Спорт | 17:25 / 14.12.2019
11538
11 дақиқада ўқилади

«Арсенал» «Сити»га қарши. Англияда «боксинг дэй» арафасидаги «репетиция»лар

Фото: Getty Images

Еврокубокларнинг кузги мавсуми ниҳоясига етди ва бундан кейин икки ой фақат ички мусобақаларни кузатишимиз мумкин. Испания Эл Класико, Англия эса, «боксинг дэй» олдидан қайсидир маънода «репетиция»ни бошламоқда. Албатта, бу палла ҳам бизга жуда қизиқ ва муросасиз учрашувларни таклиф қилади.

РЕАЛ СОСЬЕДАД - БАРСЕЛОНА (14 декабрь, 20:00)

Каталонияликлар Эл Класико олдидан бошқа «Реал» билан машғулот ўтаб олишади. Аслида ҳаммаси аксинча, Мадрид клуби «Барселона» учун «реаллар» ичида энг қулайи бўлса, Сан Себастяндаги стадион каталонлар учун яқин яқингача ўтиб бўлмас довон эди. 2007 йилдан бери то 2018 йилгача «Барселона» Примерода ушбу стадионда ғалаба қозона олмаётганди.

Ўшанда ҳам басклар аввалига 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишган, лекин меҳмонлар иккинчи бўлимда вазиятни ўнглашганди. Қизиғи, кейинги учрашув - ўтган мавсумдаги ўйинда ҳам, «Сосьедад» ҳисобни очган. Фақат иккинчи бўлимда Дембеле ва Суареснинг голлари Вальверде шогирдларига ғалаба олиб келганди. Демак, бугун ҳам жуда қизиқарли учрашув энг камида мезбонлар томонидан фаол бошланишини кутсак бўлади. Дарвоқе, «Бернабеу»даги ўйинда ҳам «Сосьедад» жуда яхши бошлаб, ҳисобда олдинга чиқиб олганини ҳам эслаш мумкин.

Умуман, Алгуасил жамоаси ушбу мавсумни анча яхши ўтказмоқда ва ҳатто турнир жадвалини ҳам бир муддат бошқарди. Ҳозир ҳам «Сосьедад» 27 очко билан 4-ўринни эгаллаб турибди. Пешқадам «Барселона»дан фарқ 7 очкони ташкил қилмоқда. «Барселона» эса азалий рақиби «Реал» билан эски режимга тушиб олишган - параллел тарзда кетма-кет рақибларни мағлуб этиб, тенг очко тўплаган ҳолда пешқадамлик қилишмоқда.

Каталония жамоаси учун қувончли хабар шундаки, сўнгги турларда ўрни жуда билинаётган қанот ҳимоячилари - Нелсон Семеду ва Жорди Алба сафга қайтишди ва бугунги ўйин қайдномасидан жой олиб, Сосьедадга келишди. Энди «Барселона» сафида жароҳатланганлар деярли қолмади. Усмон Дембелени айтмаганда. Мезбонларда эса, Асьер Ильяраменди ва Давид Сурутуса каби етакчи футболчилар учрашувга тайёр эмас. Шунингдек, Робин Ле Норман сариқ карточкалари кўпайиб кетгани боис, дисквалификация қилинган. Шундай бўлса-да, мезбонлар таркибида ўша машҳур Мартин Эдегор, ўтган йили бошқа каталон клуби - «Жирона»да тўп сурган Порту ва бир қатор топ-клублар, жумладан Пеп Гвардиола қизиқиш билдираётган Микел Ойарсабалдан иборат ярим ҳимоя «Барселона»га қарши қандай туриб бериши жуда қизиқарли бўлса керак.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД - ЭВЕРТОН (15 декабрь, 19:00)

«Манчестер Юнайтед» мухлислари бу ўйинни бироз хавотир билан кутаётгани шубҳасиз. Бир томондан «Юнайтед» сўнгги икки топ-ўйинни ғалаба билан якунлади ва гўёки ўз ўйинини топиб, ғалабалар сериясига тушиб олгандек. Лекин «МЮ»нинг топ-рақибларга қарши муваффақиятли ўйнаши мавсум бошидан кузатилаётган ҳолат. Аксинча, турнир жадвалининг қуйи қисмидаги жамоаларга қарши Сульшер жамоаси ўта омадсиз ҳаракат қиляпти. Эътибор беринг, «Юнайтед» топ рақибларга қарши 6 ўйиндан 4тасини ўз фойдасига ҳал қилишнинг уддасидан чиққан бўлса, ўртамиёна ва аутсайдерларга қарши кечган 10 ўйинда атиги 2 марта ғалаба қозона олди, холос.

Демак, ҳамма масала мезбонларнинг «Эвертон»га нисбатан қандай муносабатда бўлишига боғлиқ. Ёзда топ-клублар қатори трансферлар қилган, таркибда «Барселона», «Арсенал», «Челси», «МЮ» каби клубларнинг собиқ футболчилари жамланган кучли «Эвертон»ми ёки 16 ўйиннинг 9тасини бой бериб, 14-ўринни эгаллаб турган «Эвертон»ми? Балки кучли «Эвертон»га қарши тайёрланиш «МЮ»га осонроқ бўлади, биринчидан, «кўклар» ўтган турда «Челси» устидан ишончли ғалабага эришишди. Иккинчидан, айнан «Эвертон» ўтган мавсумда «МЮ»га энг аламли зарба (4:0) берган эдики, бу ўйинни Сульшер ҳали ҳам унутгани йўқ ва жуда кўп матбуот анжуманларида энг ёмон ҳолат сифатида эслаб ҳам турибди.

Данкан Фергюсон, «Эвертон»нинг янги вақтинчалик мураббийи, ғалаба билан бошлади. У тўлақонли мураббий сифатида иш бошламоқчи эмаслигини айтаётган бўлса-да, кўпчилик уни Сульшер билан ҳам қиёслаяпти. Ўз вақтида клубда тўп сурган британиялик мураббий. Бундан ташқари, ўйин услуби жиҳатидан ҳам Фергюсон кўпроқ британ футболига хос, тезкор ва вертикал футболни танлаётгани сезиляпти, худди норвегиялик ҳамкасби сингари.

Андре Гомеш, Фабиан Делф, Шнайдерлин, Коулман, Уолкотт, Йерри Мина - бу меҳмонлар таркибида жароҳатланган футболчилар. Мезбонлардан эса, Поль Погба ҳали ҳам тўлиқ тикланиб улгургани йўқ. Жесси Лингарднинг ҳолати ҳақида эса, мураббий аниқ гап айтмади. Шунингдек, «МЮ» пайшанба куни Европа Лигаси ўйинида қатнашди, демак жисмоний ҳолат бўйича, меҳмонларда қўшимча имконият пайдо бўлиши шубҳасиз. Ўша ўйинда Сульшер аралаш таркибни синаб кўрган бўлса-да, шу куни майдонга тушган Магуайр, Янг, Марсиял, Перейра каби футболчилар «Эвертон»га қарши ҳам керак бўлишлари мумкин.

АРСЕНАЛ - МАНЧЕСТЕР СИТИ (15 декабрь, 21:30)

Гвардиола янги келган пайтларда бу жуфтлик ўйини АПЛнинг энг гўзал томошаларидан бирига айланар, сабаби ҳужумни ташкил қилиш, тўпни назорат қилиш ва қисқа масофаларда пас беришда ҳар икки жамоа ўхшаш услубда ҳаракат қиларди. Аксарият ҳолларда «Арсенал» мағлуб этилган (Гвардиола АПЛда «Арсенал»га ҳали ютқазмаган) бўлса-да, ўйиндаги эстетик завқ мухлисларни бефароқ қолдира олмасди.

Ҳозир «Арсенал» ўзгарди, Венгердан кейинги мураббий ҳам истеъфога чиқарилди, Юнберг қўл остидаги таркиб билан ҳали нима қилмоқчи экани аниқ эмас. «Вест Ҳэм» билан ниҳоят уч очко қўлга киритилган бўлса-да, вазият ўзгаришига бир неча дақиқа рақиб ўз диққатини йўқотиши сабаб бўлганди. «Стандарт» билан дуранг қайд этилди, яъни «Арсенал» охирги 11 ўйиндан атиги 1 мартасида ғалаба қозонди, холос. Ўз навбатида, «Манчестер Сити»нинг ҳолатига ҳавас қилиб бўлмайди, айниқса, дербидаги зарба жуда қаттиқ таъсир қилган бўлиши шубҳасиз. «Ливерпуль» билан ўртадаги фарқ энди 14тага етиб улгурди.

Ҳар икки жамоадаги муаммоларни умумлаштирсак, гол уриш борасида муаммо йўқ, аслида ҳимоя чизиғидаги хатолар кўпроқ қимматга тушяпти. «Арсенал» ҳимоя чизиғидаги футболчилар савияси туфайли шу ҳолатга тушган бўлса, «Манчестер Сити» жуда кўп жароҳатлар оқибатида жабр чекяпти. Демак, бу ўйиндан очиқ, ҳимоядаги хатолар ва хавфли вазиятлар етарлича бўлган қизиқарли футболни кутишимиз мантиқан тўғри.  

«Арсенал» Европа Лигасида майдонга тушган бўлса-да, асосий таркиб футболчиларини безовта қилмади. Лекин «Манчестер Сити» ЕЧЛда барча масалани ҳал қилиб улгурган бўлса-да, муҳим ўйин олдидан Загребга жуда кўп асосий футболчиларини олиб кетгани кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлди. Жезус, Родри, Бернарду, Маҳрез, Менди, Гундўған каби футболчилар ўша ўйинда майдонда ҳаракат қилишди. Стерлинг ва Зинченко захирадан тушди. Ҳа, Зинченконинг қайтиши Гвардиола услубини майдонда татбиқ қилишда ижобий таъсир қилиши аниқ. Икки ой давомида унинг ўрнида ҳаракат қилган Анхелино ҳам, Менди ҳам, айтиш керакки, ишончни оқлай олишмади. Мезбонлар таркибида Себальос, Холдинг, Жака, Беллерин каби футболчиларнинг майдонга тушишларига бир неча кун керак бўлади. Николя Пепе эса, ўтган турда яна жароҳат олди. 

ВАЛЕНСИЯ - РЕАЛ (16 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

Ўйиннинг ҳам муҳимлиги шундаки, бу турда «Реал» ҳам, «Барселона» ҳам энг қийин сафарни амалга оширмоқда. Яъни уларнинг очко йўқотиш эҳтимоли юқори, демак бу тўқнашувлардаги ғалаба янада муҳим. Эл Класико олдидан турнир жадвалининг энг юқори поғонасида бўлиш жамоага руҳий томондан яхшигина далда бўлади.

«Валенсия» бу ўйинга анча кўтаринки кайфиятда келаётгани шубҳасиз, зеро Чемпионлар Лигасида қийин вазифа уддаланди - «Аякс» сафарда мағлуб этилди. Валенсияликлар нуфузли турнир плей-оффига йўлланмани қўлга киритишди. Умуман, Селадес шогирдлари қаторасига уч ўйиндан бери фақат ғалаба қозонмоқда. «Реал» ҳам яхши формада - мадридликлар 10 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмаяпти - 8 ғалаба ва 2 дуранг.

Аммо «Реал» яна жароҳатлар гирдобига тушиб қолган. Эден Азар ҳали жароҳатидан тикланмади, у эл класикода майдонга тушиши ҳам сўроқ остида. Хамес келаси йилда сафга қайтади, Марселонинг ҳолати ҳам Азар каби, бир икки ҳафтада фориғ бўлса ҳам катта гап. Васкеснинг бармоғи синган. Бунинг устига Ферлан Менди «Эспаньол»га қарши ўйинда қизил карточка олиб майдонни тарк этганди. Шу билан бирга, «Валенсия»нинг ҳолати ундан ҳам бадтар. Топ-ўйинлар қаҳрамони, дарвозабон - Силессен жароҳатланган. Жамоага ёрдамга бера олмайдиганлар сафида яна, Кондогбиа, Пиччини, Гедеш, Вальехо ва Гемейро ҳам бор. Фақатгина бир ойдан бери жамоага ёрдам бера олмаётган Денис Черишев ниҳоят машғулотларга киришгани мезбонлар учун умид берувчи хабар бўлиши мумкин.

Ўзаро ўйинларда мадридликлар яққол устун. Охирги 20 ўйиннинг ярмида «Реал» ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан. Аммо ўтган мавсумда «Месталья»да бўлиб ўтган учрашувда мезбонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

14 декабрь. ЛИВЕРПУЛЬ - Уотфорд (17:30), БАВАРИЯ - Вердер (19:30), Майнц - БОРУССИЯ Д (19:30), ЧЕЛСИ - Борнмут (20:00), ЛЕСТЕР - Норвич (20:00), НАПОЛИ - Парма (22:00)

15 декабрь. Вулверҳэмптон - ТОТТЕНҲЭМ (19:00), ЮВЕНТУС - Удинезе (19:00), МИЛАН - Сассуоло (19:00), Вольфсбург - БОРУССИЯ М (19:30), РОМА - СПАЛ (22:00), Фиорентина - ИНТЕР (16 декабрга ўтар кечаси, 00:45) 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид