Жаҳон | 16:20 / 23.12.2019
32183
2 дақиқада ўқилади

ЕОИИга аъзо давлатлар Россиянинг дастурий таъминот тўғрисидаги янги қонунига қарши чиқди

Фото: РИА Новости

Қозоғистон, Беларусь ва Қирғизистон вакиллари техник мураккаб маҳсулотлар - мобиль қурилмалар, компьютер ва смарт-телевизорларга Россия дастурий таъминоти ўрнатиш мажбуриятини юклайдиган янги қонунга қарши чиқди. Бу ҳақда "Ведомости" хабар берди.

Россиянинг ЕОИИ бўйича ҳамкорларининг фикрича, мазкур қонун иттифоқ тўғрисидаги шартнома, ЖСТнинг савдо хизматлари бўйича бош келишуви ва Божхона иттифоқининг техник регламентига зид ва Россияда ЕОИИнинг бошқа давлатларидан келадиган техник мураккаб маҳсулотлар айланмасини чеклайди. 

Қайд этилишича, бундан ташқари, янги тузатишлар иттифоқ ички бозорининг фаолиятига тўсқинлик қилиши мумкин.

Россия алоқа вазирлиги вакили Евгений Новиков "дастурий таъминот ўрнатиш тўғрисидаги қонун ЕОИИ тўғрисидаги шартномага зид келмаслигини" билдирди. 

Аввалроқ маиший техника ва компьютерлар сотувчилари ва ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси ушбу ҳужжат ЕОИИ тўғрисидаги шартнома моддаларини бузишига эътибор қаратганди.

Россия президенти Владимир Путин 2 декабрь куни Россия дастурий таъминотини ўрнатиш тўғрисидаги тузатишларни имзолаган бўлиб, улар 2020 йил 1 июлдан кучга киради. Унга кўра, Россия ҳудудида сотиладиган техник мураккаб ҳисобланувчи маҳсулотларга аввалдан Россияда ишлаб чиқарилган дастурий таъминот ўрнатилиши шарт бўлади.

Мавзуга оид