Ўзбекистон | 19:06 / 24.12.2019
10843
3 дақиқада ўқилади

«Жабрланувчиларнинг ярмидан кўпи – болалар». Ўзбекистонда овқатдан заҳарланишга оид рақамлар

Фото: Pixabay

Ўзбекистонда 2017─2019 йиллар давомида 154та овқатдан заҳарланиш ҳолати қайд этилган бўлиб, уларда 1700 нафар фуқаро жабрланган. Жабрланганларнинг 60 фоиздан ортиғи (665 нафари)ни болалар ташкил этади.

Заҳарланиш ҳолатларининг 15таси ўлим билан тугаган.

Бу ҳақда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаевга асосланиб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Сенаторнинг маълум қилишича, овқатдан заҳарланиш ҳолатлари асосан умумий овқатланиш шохобчалари, таълим муассасаларида кузатиляпти.

Шу билан бирга, 5 ёшгача бўлган ҳар 10 боланинг биттаси (асосан ўғил болалар) етарлича овқатланмаслик натижасида ўсишдан орқада қолмоқда. Болалардаги камқонликнинг 75 фоизи темир танқислиги сабабли ривожланган.

«Ўзбекистонда истеъмол қилинаётган «йодланган» белгиси қўйилган тузнинг 36 фоизигина талаб даражасида йодланган. Қолганларида эса йоднинг изи ҳам йўқ. Истеъмол қилинадиган уннинг 30 фоизигина темир моддаси билан тўйинтирилган», ─ деди Низомхўжаев Сенат кенгашининг 24 декабрдаги кенгайтирилган мажлисида.

Зайниддин Низомхўжаев мамлакат бўйича мактабгача таълим ҳамда умумтаълим муассасаларида ичимлик суви таъминотининг талабга жавоб бермаслигини қайд этиб ўтди.

«Республика бўйича 1533тадан зиёд мактабгача таълим ташкилотида ичимлик суви ташиб келтирилади. 2000дан ортиқ мактаб эса ичимлик суви билан таъминланмаган. Майли, сув ташиб келтирилади, лекин уни гигиеник нуқтайи назардан тўғри сақлаш учун керакли шароит ташкиллаштирилмаган. Ёш бола ҳатто қўлини ҳам гигиеник жиҳатдан тоза сув билан ювиши керак, аммо ичиладиган сув ҳам нотўғри сақланмоқда», ─ дейди сенатор.

Унинг айтишича, кўплаб таълим муассасаларида ошхоналар ачинарли аҳволга келиб қолган.

«Республика бўйича 300та мактабда ошхона таъмирталаб аҳволга келиб қолган ёки умуман ошхона мавжуд эмас. 343та мактабгача таълим ташкилотида овқат тайёрлаш учун ўтиндан фойдаланиляпти. Тўғри, ҳаммамиз ўчоқда пиширилган овқат билан катта бўлганмиз. Лекин боғчаларда ўчоқнинг устига шунчаки битта шифт ёпиб, тўрт томони очиқ ҳолда овқат қилиняпти.

Шунингдек, егулик маҳсулотларининг сақланиши ҳам талабга мутлақо жавоб бермайди. Технологик жиҳозларнинг 60 фоиздан ортиғи яроқсиз аҳволда, музлаткичлар бўлмаган ошхоналар ҳам мавжуд. Музлаткич бор жойларда эса электр муаммо», ─ дейди Зайниддин Низомхўжаев.

Мавзуга оид