Ўзбекистон | 20:54 / 03.01.2020
5962
2 дақиқада ўқилади

Вазир ўринбосари: «Ўзбекистон 2030 йилгача инновацион ривожланиш бўйича топ-50таликка кирмоқчи»

Бугун, 3 январь куни Тошкентда «Умид» жамғармаси битирувчиларининг биринчи халқаро конференцияси бошланди.

Унда иштирок этган Инновация вазири ўринбосари Азимжон Назаров Ўзбекистоннинг жаҳон инновацион ривожланиш индексидаги ўрни ҳавас қилгулик эмаслиги, мазкур йўналиш бўйича Ўзбекистон 2015 йилда 140 давлат ичида 122-ўринни олгани, сўнгги тўрт йилда эса индексда Ўзбекистон кўрсаткичлари қайд этилмагани ҳақида гапирди.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, бунга маълумотларнинг ўз вақтида тақдим этилмагани сабаб бўлган.

Назаров шунингдек, янги тақдим этилаётган Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш стратегияси мазмуни билан таништирди.

«Ўзбекистон қайси тарафи билан жаҳонда ўз ўрнини эгаллаши мумкин? Масалан туризмни кескин ривожлантириб, ундан тушган капитални бошқа соҳаларни кўтаришга сарфлаш бўйича таклифлар ҳам бўлди. Лекин асосий масала доимо кадрлар муаммоси яъни инсон капитали бўлиб қолмоқда. Стратегиянинг асосий мақсади инсон капиталини ривожлантиришдир. Асосий вазифа сифатида 2030 йилгача ўша 140 давлат ичида 50таликка кириш қўйилган. Бунинг учун стратегияни бешта йўналишга ажратдик. Биринчиси — таълим тизимини такомиллаштириш ва инсон капитали, иккинчиси — инновацион фаолиятни молиялаштиришни ривожлантиришдир. Учинчиси — инфратузилма ва АКТ, тўртинчиси — рақобатни кучайтириш ва маъмурий тўсиқларни камайтириш, бешинчиси — фан, ижодкорлик, технологияларни ривожлантиришдир. Ўзбекистон индекснинг 81та индикаторида айнан шу соҳалар бўйича энг сўнгги ўринларни эгаллаган», дейди вазир ўринбосари.

Азимжон Назаровнинг айтишича, баъзилар глобал индекс ҳақиқий ҳолатни ифодалай олмайди дея ҳисоблайди. Аммо статистикага кўра, қайси мамлакатда ялпи ички маҳсулот миқдори юқори бўлса, улар рейтингда яхши ўринларни эгаллаган. Шу сабабли Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш стратегиясида халқаро индекс ўлчов сифатида олинди. 

Мавзуга оид