Ўзбекистон | 17:08 / 07.01.2020
38123
5 дақиқада ўқилади

2019 йилги Ўзбекистон – суратларда

Ўтган бир йил давомида Ўзбекистонда кузатилган эътиборга молик ўзгаришларни суратлар ва қисқа изоҳларда яна бир бор эслаб ўтамиз.

25 февралдан бошлаб 100 минг сўм қийматдаги купюра муомалага чиқарилди.

Хорижга чиқиш учун янги биометрик паспорт жорий этилди.

Ҳарбий хизматни ўтаган абитуриентлар учун ОТМга киришда алоҳида квоталар ажратила бошланди. Абитуриентларга учтагача таълим йўналишида танловда иштирок этиш имконияти берилди. Қатъийлаштирилган 400 минг сўм стипендия, тўлов контракт суммасининг икки хил ─ стипендияли ва стипендиясиз шакли жорий этилди.

Эр-хотинлар ўртасида зарурат туғилганда сунъий экстракорпорал уруғлантириш (ЭКО) амалиётини ўтказишга рухсат берилди.

Ўзбекистон қонун устуворлиги бўйича 126та давлат ичида 94-ўринни, Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари минтақасида 13 мамлакат орасида 12-ўринни эгаллади.

Президент мактаблари очилди.

Муайян тўлов асосида беш йилгача иш стажини сотиб олиш имконияти пайдо бўлди. Меҳнат дафтарчаси ва меҳнат шартномасини электрон шаклда тўлдириш амалиётига ўтилди.

Миллий валюта қийматининг ўзгариши (деноминация) ҳақида бир неча маротаба миш-мишлар тарқалди, лекин расмийлар буни ҳар гал рад этди. Марказий банк раиси ўринбосари Илҳом Норқулов ўз нутқларидан бирида «Деноминация умуман режалаштирилмаган, дея олмаймиз. У қачондир бўлади. Балки 5 йил, балки 10 йилдан сўнг», дея айтиб ўтди.

Энди тўлов асосида автомобиль ойнасини «тонировка» қилиш мумкин.

Эътирозлар ортидан, кундузи автомобиль чироқларини ёқиб юриш талаби 2021 йил 1 январигача кечиктирилди.

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 21 млрд доллардан ошди.

Президент топшириғи билан 220 нафар ўзбек ватандошлари Яқин Шарқдаги қуролли ҳаракатлар кечаётган нуқталардан олиб келинди.

Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши бўйича ижобий келишувга келинди. АЭС 2020 йилдан Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли олдида барпо этила бошланади.

Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар кенгашига қўшилди.

Ўзбекистон Евросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо бўлиш эҳтимолини кўриб чиқмоқда.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Ўзбекистон «охирги 13 йил ичида илк бор хавотир уйғотувчи давлат эмаслигини» маълум қилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон диний эркинликни бузаётган давлатлар рўйхатида қолдирилди.

Ўзбекистонда бўлиб ўтган инфлюенсерлар конгресси доирасида Шавкат Мирзиёев хорижий ва маҳаллий блогер ҳамда журналистлар билан селфига тушди.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилди. Комил Алламжонов – агентлик директори, Саида Мирзиёева – директор ўринбосари этиб тайинланди. АОКАдаги матбуот анжуманлари медиа ҳаётнинг кундалик бир қисмига айланди.

«Снос» масаласи. Халқнинг кескин норозилиги ва давлат раҳбари танқидига учраган Фарғона, Қашқадарё, Хоразм вилояти ҳокимлари аҳолидан узр сўради.

Хоразм вилояти Урганч тумани
Фарғона вилояти Риштон тумани
Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани

Генерал-лейтенант Абдусалом Азизов Давлат хавфсизлик хизмати раиси этиб тайинланди. У шу пайтгача эгаллаб келган Мудофаа вазири лавозими Баҳодир Қурбоновга топширилди.

Отабек Муродов Бош прокурор лавозимидан озод этилиб, унга нисбатан жиноий иш очилди. Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев Бош прокурор, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева Сенат раиси сифатида иш бошлади. Бунга қадар Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари сифатида ишлаб келган Элмира Боситхонова Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўрнини эгаллади.

Ҳокимларнинг депутатлик кенгашлари раиси мақомини бекор қилиш бўйича белгиланган вазифа бажарилмади. Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимлари ўзгарди.

Самвел Бабаян ўзбек футболига қайтди. Умид Аҳмаджонов МОҚ ва ЎФА раҳбарлигидан кетди. ЎФАда ДХХ раиси Абдусалом Азизов президент, Равшан Эрматов вице-президент сифатида иш бошлади. Миллий олимпия қўмитасида Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Рустам Шоабдураҳмонов раҳбарлик қила бошлади.


Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер истеъфога чиқарилди. Унинг ўрини Вадим Абрамов эгаллади.

Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган Юнусобод йўналишида ер ўпирилиши содир бўлиб, 6 нафар ишчи воқеа жойида ҳалок бўлди.

Ўзбекистонда Сайлов кодекси ишлаб чиқилди. Экологик партия ташкил этилди. Дебатлар кузатилди. Сайловдан сўнг, партияларнинг парламентдаги ўринлари сонида жиддий ўзгариш бўлмади.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади.

Мавзуга оид