Ўзбекистон | 19:26 / 10.01.2020
57596
3 дақиқада ўқилади

Мингбулоқ туман ҳокими маъмурий жавобгарликка тортилди

Наманган вилояти Мингбулоқ туман ҳокими вазифасини бажарувчи Нуршод Худойбердиев маъмурий жавобгарликка тортилди. У 4 млн 460 минг сўм миқдорида жарима тўлайди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берган.

«2019 йил 27 декабрь куни «Facebook» ва «Telegram» ижтимоий тармоқларида “Мингбулоқ туман ҳокими фермерларни сўкиб ташлади” мавзусида тарқатилган аудиоёзувдаги ҳолатлар юзасидан Наманган вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилди.

Аниқланишича, 2019 йил 9 декабрь куни соат 10:00да Мингбулоқ тумани, «Меҳнатобод» МФЙ ҳудудидаги «Гигант» муқобил машина трактор парки саройида Мингбулоқ туман ҳокими вазифасини бажарувчи Н.Худойбердиев раҳбарлигида техника ва кузги-қишки агротехник тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказилиб, унда тумандаги «Гигант», «Гулистон», «Гулбоғ-1» ММТП ҳудудлари раислари ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси мавжуд фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этган.

Йиғилиш давомида туман ҳокими вазифасини бажарувчи Н.Худойбердиев «Гулистон дача» фермер хўжалиги иш бошқарувчиси М.Халилов ва бошқа фермер хўжаликлари раҳбарларини қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирламаётгани, сусткашликка йўл қўйиб келаётганлари хусусида танбеҳ бериб, сўнг ҳақорат қилгани ҳамда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлиги аниқланган.

Текшириш натижасига кўра, Наманган вилоят прокуратураси томонидан Н.Худойбердиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси билан маъмурий ҳуқубузарликка доир иш қўзгатиш ҳақида қарор қабул қилиниб, маъмурий чора қўллаш учун тўпланган ҳужжатлар Мингбулоқ тумани маъмурий судига юборилган.

Мингбулоқ тумани маъмурий судининг 2020 йил 10 январдаги қарорига кўра, Н.Худойбердиев МЖтКнинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган шахс деб топилиб, унга нисбатан қайд этилган модда билан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида, яъни 4 млн. 460 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган», дейилади Бош прокуратура хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2 январь куни ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиевга мансублиги таъкидланган аудиоёзув тарқалганди. Унда туман ҳокими қўл остидагиларни турли сўзлар билан ҳақоратлагани кўрсатилганди.

3 январь куни Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров иштирокида ўтказилган йиғилишда ушбу ҳолат муҳокама қилинган, туман ҳокими ўз хатти-ҳаракатлари учун танқидга учраган, Нуршод Худойбердиев пушаймонлигини айтган, йиғилганлардан ҳамда туман халқидан кечирим сўраганди.

Мавзуга оид