Жаҳон | 09:58 / 20.01.2020
57472
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Ўзбекистон сабабли тирик қорамолни мамлакатдан олиб чиқиб кетишни бутунлай тақиқлайди

Фото: KUN.UZ

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакатдан барча ёшдаги йирик ва майда шохли тирик қорамолни олиб чиқиб кетишни бутунлай тақиқлашга қарор қилди. Тегишли тузатишлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Молия вазирлигининг илгари фақат урғочи мол экспортини чеклаган  «Қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини экспорт қилишнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қўшма буйруғига киритилади.

Informburo’нинг ёзишича, мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги шу йўл билан қорамолни Ўзбекистонга оммавий олиб чиқиб кетиш ва Қозоғистондаги гўштни қайта ишлаш корхоналарида кузатилаётган паст юклама муаммосини ҳал қилмоқчи.

Билдирилишича, 2019 йилда Қозоғистондан 156 минг бош йирик шохли қорамол олиб чиқиб кетилган, улардан 78 фоизи - Ўзбекистонга, яна 14 фоизи - Арманистонга. Шунингдек, 264 минг бош қўй мамлакатдан олиб чиқилди, уларнинг ярмидан кўпи урғочи бўлган. Майда шохли қорамолнинг асосий харидори ҳам Ўзбекистондир - республикага 200 мингдан ортиқ қўй (76%) экспорт қилинди.

Кейинчалик қайта ишлаш ва қайта сотиш учун тирик қорамолнинг оммавий равишда экспорт қилиниши гўшт маҳсулотларига нархлар кўтарилиши учун замин яратди. Вазият Қозоғистондаги гўштни қайта ишлаш корхоналарида юкламанинг пасайиши ва озуқа базаларининг бўшаб қолишига олиб келди. 2019 йилда, асосан, хомашё танқислиги сабабли, уларда иш қувватининг ярмидан ками ишлаган.

2017-2021 йилларда Қозоғистонда агросаноат комплексини ривожлантириш давлат дастури Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қайта ишланган маҳсулотлар экспортини 2,5 баравар ошириш вазифасини юклайди. 

Мавзуга оид