Ўзбекистон | 11:30 / 26.01.2020
5495
3 дақиқада ўқилади

2019 йилда хорижда Ўзбекистон фуқаролари 1511та жиноий иш бўйича жиноий жавобгарликка тортилган

Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти биринчи котиби Рустам Ғозиевнинг қайд этишича, вазирлик томонидан 2019 йил давомида 1511та жиноий иш бўйича Ўзбекистон фуқаролари жиноий жавобгарликка тортилгани қайд этилган. У бу ҳақда 23 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

«Ўзбекистон Республикасининг консуллик уставига биноан, Ўзбекистон фуқароларининг чет элдаги ҳуқуқ-манфаатлари Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан ҳимоя қилинади. Яъни бу консуллик ташрифи дейилади, қамоқхоналарга бизнинг ходимларимиз белгиланган вақтда бориб туришади. Ташриф давомида фуқароларимизнинг қандай ҳолатда сақланаётгани ҳақида маълумот олинади, нимадандир қониқишмаса, қамоқхонада сақланаётган ўзбекистонликларнинг ҳуқуқ-манфаатларини тиклаш мақсадида қамоқхона маъмуриятига керакли тавсияларни беришади», дейди ТИВ масъули.

Рустам Ғозиев айрим давлатлар, хусусан, Россия, Қозоғистон давлатларида Ўзбекистон фуқароларининг сони жуда кўплиги, консуллик муассасаларидаги ходимлар сони чеклангани сабабли улар ушбу мамлакатлардаги қамоқхона ёки тергов изоляторларига тез-тез бора олмаётганини ҳам айтиб ўтди.

Фото: АОКА

«Консуллик фаолияти жуда кенг қамровли. Хориждаги фуқароларимизга нотариус, ФҲДЁ хизматлари, яъни никоҳни, туғилишни, ўлимни қайд этиш, Ўзбекистонда бўлгани каби барча ҳужжатларни расмийлаштириш консуллик ходимларининг зиммасида.

Иш ҳажми жуда катта бўлгани сабабли фуқаролар сони кўп давлатларда масъул ходимларнинг қамоқхоналарга ташрифи муддати кечикиши мумкин. Фуқаролар кам давлатларда бирор ўзбекистонлик қамоққа тушган тақдирда 1 ё 2 кунда вакилларимиз қамоқхонага етиб боришади. Россия мисолида оладиган бўлсак, бу ерда 5та консулхона ташкил этилган бўлиб, консул ушбу мамлакатдаги қамоқхоналарда сақланаётган фуқаролар ҳолидан хабар олиш учун бир йилда камида икки марта қамоқхоналарга ташриф буюриши керак», дейди у.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Бахтиёр Турсуновга кўра, бир йилда ўрта ҳисобда 3000-4000 нафар ўзбекистонлик Россияда миграция қонунчилигини бузгани учун Хориж фуқароларини вақтинчалик сақлаш марказларига тушади.

«Бошқа давлат ҳудудида, хусусан, Россияда миграция қонунчилигини бузган мигрантларимиз Хориж фуқароларини вақтинчалик сақлаш марказларида сақланади. Албатта, бу – режимли объект. Аммо уни тўлақонли қамоқхона деб бўлмайди. Бу каби марказларда сақланаётган фуқароларимиз сони бир йилда ўрта ҳисобда 3000-4000 нафарни ташкил этади. Бу марказларда фақат Ўзбекистоннинг эмас, бошқа давлатларнинг миграция қонунчилигини бузган фуқаролари ҳам сақланади. Вақтинчалик сақлаш марказларида тутиб турилган ўзбекистонликларнинг қанчаси жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида маълумотга эга эмасмиз», дейди у.

Мавзуга оид