Иқтисодиёт | 15:30 / 05.02.2020
57505
2 дақиқада ўқилади

Коронавирус эффекти. Ўзбекистон иқтисодиётида пасайиш юз бериши тахмин қилинди

Асосий сабаб - ташқи чеклов омилларнинг таъсири, шу жумладан, Хитойда коронавируснинг тарқалиши

Фото: AP

Яқин келажакда Ўзбекистон иқтисодиёти қийин шароитларга дуч келиши мумкин. Бу ҳақда Fitch Solutions шарҳида айтилган (Fitch Rating’га боғлиқ бўлмаган мустақил бўлинма, шунинг учун уларнинг маълумотлари ўзаро фарқ қилиши мумкин), деб ёзмоқда Spot.

Fitch Solutions таҳлилчилари фикрига кўра, 2020 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг реал ўсиши 5,4 фоизгача секинлашади, 2019 йилда эса бу рақам 5,6 фоиз даражасида прогноз қилинганди.

Бунинг сабаби - ташқи чеклов омиллари, жумладан, Уханда коронавируснинг тарқалиши бўлиб, у Хитой иқтисодиётининг ўсиш истиқболлари, айниқса савдо ва импортга бўлган талаб нуқтаи назаридан жиддий хавф туғдиради. Айни пайтда, Ўзбекистон экспортининг энг катта улуши Хитой ҳиссасига тўғри келади.

«Бизнинг прогнозга кўра, соф экспорт улуши 2019 йилдаги -0,5 фоиз пункти прогнозидан 2020 йилдаги -1,3 фоиз пунктига пасаяди», - дейилади ҳисоботда.

Шунингдек, иқтисодий беқарорлик, операцион қийинчиликлар ва номутаносибликлар яқин йиллар учун потенциал хавф сифатида қайд этилган.

Сўмнинг қадрсизланиши ва инфратузилмадаги заифлик натижасида инфляцион босимнинг кучайиши иқтисодий фон янада беқарор бўлишига олиб келади, дея ҳисобламоқда таҳлилчилар.

«Биз ташқи талабнинг заифлиги туфайли ўсиш суръатлари пасайишини прогноз қилмоқдамиз. Ўзбекистон глобал савдо ва инвестициялар билан боғлиқ бўлганлиги сабабли, кескин иқтисодий пасайишга дуч келиши мумкин», - дея қайд этади Fitch Solutions.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда операцион муаммолар ҳали ҳам мавжуд ва ҳукумат чет эл инвестицияларини кўпайтиришга қаратилган ислоҳотлар режалари доирасида транспорт инфратузилмаси ҳамда бошқа қатор ҳолатлар ҳисобга олинишини таъминлаши керак.

Fitch’нинг операцион хатар бўйича жамоаси Ўзбекистонни 100 баллдан 44,2 баллга баҳолаган. Таҳлилчилар огоҳлантиришича, ташқи молиявий оқимларнинг очилиши спекуляция, ортиқча инвестициялар ва қарз юкининг ошиши хавфини туғдиради.

Шунингдек, мамлакат захиралари ташқи молиялаштириш бўйича эҳтиёжларни қоплаётгани қайд этилган. 

Мавзуга оид