Жамият | 17:54 / 07.02.2020
15349
4 дақиқада ўқилади

10 ёшли Рухшонага ёрдам керак: оққонга чалинган қиз хотирасини йўқотиб, онасини танимаяпти

Самарқанд вилояти Паст Дарғом туман «Лолазор» маҳалласида истиқомат қилувчи Фотима Ҳакимова фарзандига кўмак сўраб таҳририятимизга мурожаат қилди.

Унинг 10 ёшли қизи Рухшона Ғофурова оққон касаллигидан азият чекмоқда. Онасининг ҳикоя қилишича, қизи 2017 йилнинг ёзида бу дардга чалинган. Шундан бери кўп харажат қилишган, қизи маълум бир даволаниш курсини ўтагандан сўнг касаллик чекингандек бўлган. Бироқ бугунги кунга келиб дард яна қайталаган.

— Рухшона қизим илк бор бу дардга чалинганида шифокорлар бирданига тўғри ташхис қўя олишмади. Ревматизмга қарши, кардиология бўлимида даволаниб кўриб шифо топмагач, шу ташхис қўйилди. Уч ой даволандик. Ҳозир касаллик яна қайталади. Врачлар касаллик бош мияга ҳам ўтганини айтишмоқда. Қизимнинг хотираси сустлашиб бормоқда. Гоҳи мени ҳам танимай қолаяпти.

Рухшонани даволаётган врач — Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази гематология бўлими мудири Зокир Саъдиев ҳам даволаниш жараёни борасида ўз фикрини билдириб ўтди.

— Рухшона 2017 йилда бўлимимизга келиб тушган. «Москва – Берлин» деб аталувчи дастур бўйича даволанган. Даволашда қониқарли натижага эришилган. Бахтга қарши, 2018 йилда унинг касаллиги қайталаган.

Биз ўзимизда бор имкониятларни ишга солиб уни даволаяпмиз. Лекин баъзи бир дори дармонларига пули етмаяпти.

Рухшона оилада уч фарзандни ўстириб тарбиялаётган оиланинг ўртанча дилбанди. Унинг 12 ёшли акаси ва 5 ёшли синглиси ҳам бор.

Оила жигарбанди даволаниши учун қўни-қўшни ва яқинлари-ю бегоналардан анча мунча қарздор ҳам бўлиб қолибди. Рухшонанинг отаси эндигина заводга пайвандчи бўлиб ишга кирган. Ҳали март ойидан иш бошлайди. Онаси эса уй бекаси. Фарзанд парвариши билан машғул.

Айни пайтда Рухшонага тўлиқ тикланиши учун дори дармонлар харид қилишга 30 миллион сўм атрофида маблағ зарур.

Улар фарзанди шифо топиши учун ҳамюртларимизнинг ёрдамига муҳтожлигини изҳор қилишди.

Биз юртимиздаги савобталаб инсонлардан мазкур оилага имконлари қадар ёрдам кўрсатишларини сўраб қоламиз.

 Ёрдам кўрсатишга ҳад қилганлар Рухшонанинг онаси Фотима Ҳакимова номига очилган пластик карточкаларга маблағ ўтказиб беришлари мумкин:

UZCARD: 8600 0417 3308 8604

HUMO: 9860 0303 1678 0441

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ тайёрлади.
Тасвирчи: Фахриддин ҲОТАМОВ.

 

Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!

Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз, дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.

Мавзуга оид