Ўзбекистон | 07:40 / 10.02.2020
41417
7 дақиқада ўқилади

Президент бўш турган объектларга алоқадор янги қарор имзолайди

Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари қабул қилинади

Президентнинг “Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги “Давлат мулкини ижарага бериш маркази” давлат унитар корхоналари негизида муассаса шаклида Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази;

“Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг биноларидан фойдаланиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси негизида муассаса шаклида Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бинолардан фойдаланиш дирекцияси ташкил этилади.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланади:

мулкчилик шаклидан қатъий назар барча тоифадаги бўш турган нотурар бино ва иншоотлар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини аниқлаш ва ҳисобини юритиш;

бўш турган объектларни мониторинг қилиш, уларнинг ишга туширилганлиги ҳисобини юритиш;

бўш турган давлат объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш;

давлат мулкини ижарага бериш;

давлат мулки бўлмаган объектларни уларнинг мулкдорларининг ихтиёрига кўра ижарага беришда қатнашиш.

Қуйидагилар:

Марказнинг марказий аппарати тузилмаси тасдиқланади;

Марказнинг бошқарув ходимлари чекланган сони 377 нафар, шу жумладан, марказий аппарати – 20 нафар этиб белгиланади;

Агентликнинг Бўш турган давлат объектларини аниқлаш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш бошқармасининг 8 та штат бирликлари қисқартирилиб, Марказга ўтказилади;

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаларидан 5 тадан, жами 70 та штат бирликлари Марказнинг ҳудудий бошқармаларига ўтказилади;

Марказнинг марказий аппарати моддий таъминоти ва 9 та штат бирлиги Давлат бюджетидан, ҳудудий бошқармаларининг 70 та штат бирлиги Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва маҳаллий бюджетлардан, қолганлари Марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Марказ раҳбарига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

зарур ҳолларда Агентлик директори билан келишган ҳолда, бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида Марказнинг тасдиқланган тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;

Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари тузилмаларини ва бошқарув ходимлари чекланган сонини тасдиқлаш;

марказий аппарат ва ҳудудий бошқармаларда марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қўшимча штат бирликларини жорий этиш.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича намунавий таркибдаги идоралараро комиссиялар тузилади.

Идоралараро комиссиялар раҳбарлари этиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгиланади.

Идоралараро комиссияларга қуйидагилар амалга оширилишини ташкил этиш ва назорат қилиш юклатилади:

тегишли ҳудуддаги бўш турган объектларни аниқлаш ва уларни хўжалик фаолиятига жалб этиш бўйича маҳаллий ҳокимликлар ва давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш;

бўш турган объектларнинг мулкдорларга нисбатан давлат солиқ хизмати органлари томонидан қўлланилаётган таъсир чораларини назоратини олиб бориш;

бир ойда камида бир марта туман/шаҳар ҳокимларининг бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича ҳисоботларини эшитиб бориш.

Қуйидагиларга:

идоралараро комиссиялар раҳбарларига – ўз фаолиятида холислик ва очиқлик принципларига амал қилиб, бўш турган объектларни тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлигига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, комиссияга юклатилган вазифа ва функцияларнинг сўзсиз ва сифатли бажарилиши учун;

туманлар (шаҳарлар) секторлари раҳбарларига – бўш турган объектлар негизида инвестиция лойиҳаларини амалга оширадиган мулкдорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш, шунингдек, уларда юзага келадиган муаммоли масалаларни ҳал этиш учун;

Марказга – идоралараро комиссияларнинг ишчи органи функцияларини бажариш учун;

Давлат солиқ қўмитасига – бўш турган объектларнинг мулкдорларга нисбатан белгиланган тартибда таъсир чораларининг ўз вақтида ва сўзсиз қўлланилиши учун;

идоралараро комиссиялар ва ишчи гуруҳлар аъзоларига – ўзлари вакил бўлган давлат бошқаруви органи ва ташкилотларнинг масъулият соҳалари бўйича жавобгарлик юкланади.

Белгиланишича:

вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, мансабдор шахслар, шунингдек, мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар хўжалик юритувчи субъектлар Марказнинг талабига биноан унга юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур маълумотларни тақдим этишлари шарт;

Марказнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади;

ўз ваколатларини мустақил равишда ва барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда олиб боради ҳамда ўз фаолиятида бевосита Агентлик директорига бўйсунади ва ҳисобот беради;

Марказ раҳбари мақоми, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шароитлари бўйича Агентлик директори ўринбосарига, Марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари тегишлича Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларига тенглаштирилади ҳамда уларга Агентлик ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилади;

Давлат мулкини ижарага беришдан тушган маблағлар Марказ ва унинг ҳудудий бошқармаларини моддий-техник таъминлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек уларнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш учун сарфланади;

Марказ тугатилаётган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги “Давлат мулкини ижарага бериш маркази” давлат унитар корхоналарининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Марказ раҳбари Агентлик директорининг тақдимномасига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Марказ раҳбари бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича унга юкланган вазифалар тўлақонли ва ўз вақтида бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

Қуйидагилар Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг жорий таъминоти ва молиялаштириш харажатлари (иш ҳақи, мукофотлар, устамалар ва бошқа тўловларни ўз ичига олган ҳолда) манбалари этиб белгиланади:

Давлат бюджети маблағлари;

давлат мулки ижарасидан тушадиган маблағлар;

Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари ўзига юклатилган ваколатларга мувофиқ судларга кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Марказ беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида Тошкент шаҳри, А.Темур кўчаси, 6-уй манзили бўйича, Марказнинг ҳудудий бошқармалари Агентликнинг ҳудудий бошқармалари биносига жойлаштирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид