Жамият | 09:14 / 16.02.2020
15012
4 дақиқада ўқилади

Топшириқ нега ҳамон бажарилмади? Пахтаободда ёмғир ёғса, сув оқадиган Сувоқова кўчаси

Kun.uz таҳририятига Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги маҳалладан мурожаат келиб тушди.

«Андижон вилояти Пахтаобод тумани «Зокиржон Ҳабибий» маҳалласи Сувоқова кўчасида яшаймиз. Маҳалламизда 30дан зиёд хонадон бор. Ёмғир ёғиши билан кўчамизда юришнинг иложи бўлмай қоляпти.

Маҳалламиз вакиллари юқори ташкилотларга кўп марта мурожаат қилишди. Лекин бундан натижа бўлмади. Шу масалада амалий ёрдам беришингизни сўраймиз», дейилади мурожаатда.

Мурожаат ортидан Пахтаобод туманига бориб, ушбу кўчадаги ҳолатга гувоҳ бўлдик.

«Ёмғир ёғиши билан кўчада сув тўпланади. Бу сув оқиб бориб туман марказидаги лотокка чиқиб кетиши керак. Лекин чиқмайди. Аёлларимиз коляска билан юриши қийин. Айниқса, сув тўпланиб қолган вақтда мактаб ва боғчага борадиган ёш болалар деворлар ёқалаб зўрға юришади. Маҳалладошлар билан кавлаб, канализация туширишга роса уриндик. Қилиб бўлмас экан. Сабаби, туман марказига магистрал ичимлик суви линияси шу йўл орқали ўтган экан. Акам (Муталлибжон Нишонов) ҳам 2-3 йил олдин шу кўчани суратга олиб, хатлар ёзиб ҳокимият вакилларига кўп марта мурожаат қилган. Ўшанда ҳам натижа бўлмаган», дейди маҳаллада яшовчилардан бири Қутбилло Нишонов.

«Маҳалламиз раиси Ойиста Ғуломова 2019 йил дастурга тушади, деб ваъда берган эди. Яна қолиб кетди. Суриштирсак, 2020 йилга қолган экан. Бу кўча асфальт қилинганига 30 йил бўлди. Йўлнинг пастқам қисмларига цемент қуйиб ҳам чиқдик. Барибир сув тўпланиб қолаверди. Ёмғир ёғиши биланоқ, 10-12 киши кетмон билан сув йўлини тўғрилаб, оқизиб ташлашга ҳаракат қиламиз.

Кучли ёмғир ёғганда, тўпланиб қолган сув уйимизга ҳам кириб кетади. Айниқса, автомашиналар ўтганда сув сачрайди. Кўча деворларимиз захлаб, нураб кетяпти», дейди Абдурайим Абдуқодиров.

«Бизку майли, маҳалламизда қариялар бор. Маҳалла раиси янги лавозимга тайинланиш пайтида ваъда берган эди. Ваъдалигича қолиб кетди. Унинг устига деворларни оқланглар деб топшириқ бергани-берган», дейди Ҳабибахон Шамсутдинова.

Энг қизиғи, 2019 йил 8 октябрь куни вилоят прокурори «Ёлғизбоғ» МФЙ ҳудудидаги 11-МТТда сайёр қабул ўтказган. «Зокиржон Ҳабибий» маҳалласидан вакил Санжарбек Раҳимов Сувоқова кўчасидаги муаммони ҳал қилиш учун амалий ёрдам сўраган. Сайёр қабулда ушбу муаммони бартараф этиш вазифаси туман ташкилотлари - Автойўл корхонаси, туман Ободонлаштириш бошқармаси ва Сув хўжалиги корхоналарига юклатилади.

Бироқ, берилган топшириқ мутасаддиларнинг ўз ишига совуққонлиги ҳисобига шу пайтгача бажарилмайди.

Пахтаобод тумани ҳокимлиги мутасаддилари Сувоқова кўчасидаги муаммодан хабардорми?

Туман ҳокимлигида қурилиш ишлари бўйича ҳоким ўринбосари Дониёрбек Бурхонов семинарда бўлгани сабабли мутахассис Жамолдин Мўйдиновдан изоҳ олдик.

У Сувоқова кўчасидаги ачинарли ҳолатдан хабардорлигини айтиб, маҳалла вакиллари кўп марта мурожаат этганини ҳам тан олди.

«Туманимизда бундай кўчаларимиз йўқ эмас. Муаммоларни навбатма-навбат бартараф қилиб келяпмиз. Барчаси пулга бориб тақалади. Автойўл корхонасига топшириқ бердим. Ҳозироқ автогрейдер иш бошлайди», дейди мутахассис.

Пахтаобод тумани тоғли ҳудуд бўлгани учун ёғингарчилик кўпроқ кузатилади. Туман марказидан 150-200 метр узоқликда жойлашган, бозор кунлари серқатнов бўладиган Сувоқова кўчасига сектор раҳбари ёки туман мутасадди вакиллари эътибор қаратишса, аҳоли қийинчилик ва оворагарчиликда халос бўлар эди.

Умид қиламизки, соҳа мутасаддилари Сувоқава кўчасидаги мавжуд муаммони тез кунларда ҳал этиш чорасини излаб топишади.

Сарварбек Назаров, Андижон

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид