АҚШда илк ўлим ҳолати, Жанубий Корея армияни сафарбар қилган. Коронавирус бўйича сўнгги маълумотлар
АҚШда 2019-NCoV коронавирусидан илк ўлим ҳолати қайд этилди. Янги коронавирус келтириб чиқарган Covid-19 эпидемияси кўплаб давлатларни фавқулодда чоралар кўришга ва йирик тадбирларни бекор қилишга ундамоқда. Франция Парижда 5000дан ортиқ киши қатнашиши кўзда тутилган яриммарафонни бекор қилди, Италия шимолдаги учта шаҳарда карантин муддатини узайтирди.
Шанба куни Жанубий Кореяда коронавирусдан зарарланганлар сони кескин ўсди. Айни вақтда мамлакатда вирус юқтирганлар сони 3,5 мингга етган ва бу мамлакат беморлар сони бўйича Хитойдан кейинги иккинчи ўринда турибди. Ҳукумат вирусга қарши курашга армияни сафарбар қилган.
Ҳарбий хизматчилар мамлакат жануби-шарқидаги Тэгу шаҳрини дезинфекция қилиш ишларини амалга оширишмоқда, ушбу шаҳар мамлакатдаги вирус тарқалиши ўчоғи бўлганди. Ҳукумат «Синчхончжи» диний сектаси аъзоларини вирус тарқалиши манбаи деб ҳисобламоқда, улар мамлакатда вирус тарқала бошлаганидан кейин ҳам Тэгу оммавий маросимлар ўтказишган.
Жума куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг глобал хавфини «жуда юқори» даражага кўтарганди. ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесес агар вирус тарқалиши олди олинса, эпидемия тўхтатилиши мумкинлигини таъкидлади. У касалликка қарши вакциналарнинг дастлабкилари бир неча ҳафта ичида чиқишини маълум қилди. «Дунёда 20дан ортиқ вакцина ишлаб чиқилмоқда ва бир қатор дориларнинг клиник тадқиқотлари олиб борилмоқда», деди у.
Жаҳондаги вазият
Яна кўплаб давлатлар ўз ҳудудида коронавирусдан зарарланишнинг илк ҳолатлари ҳақида маълум қилмоқда. Хитойнинг ўзида эса вирусдан зарарланиш ҳолатлари қайд этилиши ўсаётгани йўқ.
АҚШнинг ғарбий штатлари - Калифорния, Орегон ва Вашингтонда - вирусдан зарарланишнинг яна тўрт ҳолати қайд этилган, лекин бу беморлар бошқа давлатлардан келганлар билан алоқада бўлмаган.
ЖССТ маълумотига кўра, АҚШда коронавирусдан зарарланишнинг жами 62 ҳолати тасдиқланган.
Австралияда ҳам коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди. Ундан «Даймонд принцесс» кемасида бўлган 78 ёшли эркак вафот этган. Эркак ва унинг 79 ёшли рафиқаси бир ҳафтача аввал коронавирус тарқалиши қайд этилган кемадан эвакуация қилинган.
Айни вақтда «яшил қитъа»да коронавирусга чалинган 25 киши аниқланган.
Бу орада Арманистонда коронавирусдан касалланган биринчи киши аниқланди. Мамлакат бош вазири Никол Пашинян Facebook’да маълум қилишича, бемор 28 февралда Эрондан рафиқаси билан келган 29 ёшли эркакдир.
Шунингдек, КХДРда вирусдан зарарланиш ҳолатлари аниқлангани ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар пайдо бўлмоқда. КХДР раҳбари Ким Чен Ин инфекция мамлакатга кириб келиши оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
АҚШда нималар бўлмоқда?
Вашингтон штатининг Кинг-Каунти округида 19-NCoV коронавирусининг АҚШдаги илк қурбони қайд этилди. Марҳум 50 ёшда бўлган, у сўнгги вақтларда мамлакат ҳудудидан ташқарига чиқмаганди.
Штат губернатори Жей Инсли коронавирус тарқалиши ва АҚШда ундан илк ўлим ҳолати қайд этилгани сабабли штат ҳудудида фавқулодда ҳолат режими киритилишини эълон қилди. Губернатор давлат муассасалари ва департаментларига коронавирус тарқалишига қарши давлат ресурсларини қўллаш ва барча имкони бор чорани кўришни буюрган. Бундан ташқари, режим вирусга қарши курашда штат миллий гвардиясини жалб этишни кўзда тутади.
Аввалроқ штатда ўрта мактаб ўқувчилари вирусдан зарарлангани ҳақида хабар тарқалганди. Айни вақтда АҚШ ҳудудидаги вирусдан зарарланганларнинг 22 нафари мамлакат ҳудудидан чиқмасдан ва вирусдан чалинганлар билан алоқада бўлмаган ҳолда вирус юқтириб олган.
Жума куни Калифорния штатининг Санта-Клара шаҳри ҳукумати вирус сурункали касалликка чалинган бемор аёлда аниқланганини маълум қилганди. Маълум қилинишича, у мамлакатдан ташқарига чиқмаган ва вирусдан зарарланганлар билан алоқада бўлмаган.
Орегон штатида Клакамас округида мактаб ўқитувчисининг коронавирусни аниқлаш бўйича топширган тести натижалари ижобий чиққан.
Жума куни президент Дональд Трамп демократларни коронавирус тарқалиши ҳақидаги хабарларни сиёсийлаштиришда айблади. Жанубий Калифорниядаги митингда чиқиш қилган президент демократлар томонидан илгари сурилган очиқ чегара сиёсати америкаликлар ҳаёти учун хавф эканини айтиб ўтди. Унинг фикрича, гап жамоатчиликни алдаш тўғрисида бормоқда.
Коронавирус билан боғлиқ бошқа воқеалар:
- Айни вақтга келиб коронавирус тасдиқланган давлатлар сони 60га яқинни ташкил қилмоқда. Жаҳон бўйлаб жами қурбонлар сони деярли 3 минг нафар.
- Бутун дунё бўйлаб вирусдан зарарланганлар сони 85 956 минг киши, уларнинг аксар қисми Хитойда, бу мамлакатда вирус беморлари сони 79 824 нафар, қурбонлар сони - 2870 киши. 41 625 минг киши соғайиб кетган. 29 февраль куни бутун мамлакат бўйлаб 573та янги касалланиш ҳолати қайд этилган, 35 киши вафот этган.
- Британияда вирусдан зарарланганлар сони 23 нафарга етган (сўнгги қайд этилган бемор вирусни Британия ҳудудида юқтирган).
- Италияда 1128 ҳолат қайд этилган, 29 нафар бемор вафот этган.
- Францияда беморлар сони 100 нафардан ошди, 2 киши вафот этган.
- Эрон шанба куни вирусдан зарарланганлар сони 593 нафарга етгани, 43 киши ҳалок бўлганини маълум қилганди. Аммо норасмий маълумотларга кўра, ҳақиқий сонлар бутунлай бошқача. Би-би-си нашри мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбага таяниб хабар беришича, ҳақиқий аҳвол яширилмоқда ва аслида бугунги кунга келиб вирус қурбонлари сони камида 210 нафарни ташкил қилади.
- Жума куни коронавирусдан илк британиялик ўлим топди - бу «Даймонд принцесс» круиз лайнери йўловчиларидан бири эди.
- Таиландда ҳам илк ўлим ҳолати рўй берган, вирус қурбони 35 ёшли эркак бўлди.
- Коронавирус сабабли дунё биржалари кескин йўқотишларга учрамоқда. Якунланаётган ҳафтада жаҳоннинг 100та етакчи компанияси (FTSE индекс) акциялари баҳоси 18 фоизга пастлади.
Мавзуга оид
15:50
Жанубий Кореяда армиядан бўйин товлаш учун атай семирган фуқаро қамалди
02:35 / 12.11.2024
NBC: Жанубий Корея президенти Трамп билан учрашув олдидан голф машғулотларини қайта бошлади
17:52 / 11.11.2024
LG дунёдаги биринчи чўзилувчан дисплейни намойиш қилди
12:38 / 11.11.2024