Ўзбекистон | 15:49 / 02.03.2020
5113
4 дақиқада ўқилади

ДХМларда бериладиган субсидиялар арзон уй-жойларга тааллуқли эмас – ДХА

Фото: KUN.UZ

2019 йил 28 ноябрда “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинган эди. Ҳужжатда жисмоний шахсларга ипотека кредити беришнинг замонавий бозор тизимини шакллантириш, уй-жойга муҳтож оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда манзиллилик ва шаффофликни кучайтириш мақсадида бир қатор вазифалар белгилаб берилган.

Жумладан, фармонда кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўланиши белгиланган бўлиб, 2020 йил 1 мартдан бошлаб субсидиялар олиш учун аризалар давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилиши таъкидланган.

Давлат хизматлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокированинг Kun.uz'га маълум қилишича, фармонда кўзда тутилган вазифалар айрим фуқаролар томонидан турлича талқин қилинмоқда, бугун эрталабдан аҳоли вакиллари давлат хизматлари марказларига янги уйларга навбатга қўйишни, субсидия берилишини сўраб борган ҳолатлар кузатилган.

“Субсидиялар (қайтариб бермаслик шарти билан олинадиган қарз) маълум тоифадаги фуқаролар учун уйларни бозор нархида харид қилишга берилади. Яъни арзон уйларга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 февралдаги 103-сон қарорига асосан, 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури доирасида талабгорларни танлаш бўйича туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги комиссия субсидия тайинлаш билан шуғулланмайди.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги 5886-сонли фармони чиққани муносабати билан арзон уй-жойлар дастури ёпилгани йўқ. Ҳокимликлар фуқароларни қабул қилмасликлари бўйича қонунчиликда ўзгартириш киритилмаган. Шу сабабдан, бу масалани чалкаштириш керак эмас.

Арзон уй-жой учун навбатлар ДХМлар орқали ўзгартирилмайди, уларнинг бу масалага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу бўйича маҳаллий ҳокимиятларга мурожаат этиши лозим”, – деди Севара Зокирова.

Агентлик сайтида эълон қилинган хабарда давлат хизматлари марказлари орқали янги уйларга навбатга қўйиш эмас, балки сотиб олинаётган уйга дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар бериш хизмати жорий этилиши алоҳида таъкидланади.

“Фармонда субсидия тўлаш схемаси кўрсатиб ўтилган. Бироқ субсидия тайинлаш учун фуқаролар аниқ мезонлар доирасида танлаб олинади ва улардан ариза билан бирга маълум ҳужжатлар жамланмасини тақдим этиш талаб қилинади. Ушбу мезонлар, аниқ муддатлар ва тасдиқловчи ҳужжатлар жамланмаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланиши керак ва шундан сўнггина ушбу хизмат тўлиқ ишга туширилади.

Ҳозир ДХА томонидан давлат хизматлари марказларида ариза қабул қилиш имконияти йўлга қўйилди. Қарор қабул қилингандан кейин субсидия олувчиларни танлаб олиш мезонлари тасдиқланади. Фақат қарор чиқишини кутиш керак. Субсидияни тўлаш мезонлари тасдиқланганидан сўнг расмий каналимизда бу ҳақида зудлик билан маълумот жойлаштирилади”, – дейилади агентликнинг расмий хабарида.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид