Коронавируснинг дунё иқтисодиётига таъсири: Ўзбекистон учун хулоса ва тавсиялар
Иқтисод фанлари доктори, БМТ Ривожланиш дастурининг Ўзбекистондаги эксперти Сергей Воронин коронавирус тарқалишининг дунё ва Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Коронавируснинг тарқалиши билан боғлиқ умумий ҳолат ва унинг дунё иқтисодиётига таъсири
2019 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Ухань шаҳрида COVID-2019 коронавируси эпидемияси юзага келди. Бу ҳолат дунё мамлакатларининг ўз ижтимоий-иқтисодий сиёсатига бўлган муносабатини ўзгартиришга мажбур қилди.
Халқаро Валюта Жамғармаси (ХВЖ) ижрочи директори Кристалина Георгиеванинг фикрича, воқеалар ривожининг салбий тус олишига тайёргарлик кўриш керак ва коронавируснинг дунё иқтисодиётига нохуш таъсирини тезда бартараф қилинишини кутмаслик лозим. Бу ҳақда у G20 мамлакатлари марказий банклари раҳбарларининг Саудия Арабистонида ўтказилган учрашувида айтди.
«Агар вирус тезда жиловланган тақдирда ҳам, унинг салбий оқибатлари дунё ва Хитой иқтисодиётидаги ўсишга таъсир қилади. Табиийки, биз вазиятнинг тезда ўнгланиб олишидан умидвормиз. Аммо ҳозирги вақтдаги ноаниқликни ҳисобга оладиган бўлсак, воқеалар ривожининг жуда нохуш тус олишига тайёр туришимиз шарт», деди у.
Ҳозирги кунда дунё молиявий бозорларида битимлар камаймоқда. Чегараларнинг ёпилиши, аҳоли қатновининг тўхташи натижасида, истеъмол ҳам, ишлаб чиқариш ҳам пасаймоқда. Бу биринчи навбатда жаҳон савдоси суръатларининг пасайишини англатади.
Коронавирус билан боғлиқ сўнгги воқеалар замирида Ўзбекистон 1 февралдан Хитой билан, 1 мартдан эса Афғонистон ва Эрон билан авиақатновларни тўхтатди. Коронавирус аниқланган бошқа мамлакатлар билан ҳам шундай чоралар кўрилиши мумкин.
Хитойдаги иқтисодий вазият ва унинг Марказий Осиё давлатларига таъсири
Хитой жуда катта сакраш эвазига, атиги 40 йил ичида жаҳон саноат тизимининг ажралмас қисмига айланиб олди. Дунё ишлаб чиқаришининг тахминан 1/6 қисми шу мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Бу эса Хитойни жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчисига айлантирди.
Хитойнинг иқтисодий салоҳиёти мамлакат доираси билан чегараланиб қолмаган. Хитойлик истеъмолчилар автомобиль ва смартфонларни бошқа давлатларга қараганда кўп сотиб олишади. Жаҳон туризм ташкилоти маълумотига кўра, хитойликлар ҳар йили хорижда 258 миллиард доллар сарфлашади. Бу америкалик туристларнинг харажатларидан 2 баробар кўпдир.
Ухань шаҳрида йирик автомобилсозлик қувватлари ва асосий ишбилармонлик алоқалари мужассамлашган. У ерда Европа, Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон билан ҳам музокаралар ўтказилади.
2019 йил якунларига кўра, Марказий Осиё ва Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасидаги Хитой улуши экспортда 14,1 фоизни, импортда 21 фоизни ташкил қилган. Хитой саноат соҳасига бутловчи қисмларни, машиналарни, технологик ва энергетик ускуналарни, кимё маҳсулотларини ва истеъмол товарларини етказиб берувчи энг йирик ҳамкордир.
Ўз навбатида, хитойлик истеъмолчилар томонидан нефть ва газга бўлган талабнинг тушиб кетиши натижасида, бу хомашёнинг нархи пасаяди. Натижада, бу ҳолат жуда катта ҳудуднинг иқтисодиётига зарар етказиши мумкин. Ҳозирги вақтда Ўзбекистондан Хитойга экспорт ҳажмининг пасайгани кузатилмоқда.
Агар транспорт алоқаси ҳам чекланадиган бўлса, нафақат йўловчилар қатнови, балки юк ташиш ҳажми ҳам пасаяди. Бу эса мамлакатлар ўртасидаги товар алмашинувига салбий таъсир қилади.
Хитой – истеъмол товарлари ва бутловчи қисмларни етказиб берувчи энг йирик ҳамкорлардан бири бўлиб, транспорт алоқаларининг чекланиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар харажатларини кўпайтиради. Бу эса маҳаллий бозорда товарлар нархини оширади (электроника ва кийим-кечак).
Коронавирус тарқалиши оқибатида, чегаралардан ўтишга ўрнатилган чекловлар натижасида, туризм соҳаси ҳам жиддий талофат кўриши мумкин. Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2019 йилда Хитойдан Ўзбекистонга 61,9 минг турист келган. Бу Туркиядан кейинги иккинчи кўрсаткичдир.
Экспертлар фикрига кўра, вируснинг Марказий Осиё ҳудудига кириб келишига тўсиқ қўйиш мушкул. Шу туфайли, ҳудуд мамлакатларининг ҳукуматлари эпидемияни жиловлашни уддалашига, касалларни даволашни эплашига фақат умид қилса бўлади. Аммо коронавируснинг Марказий Осиё иқтисодиётига таъсири янада узоқроқ давом этиши мумкин.
Хитойдаги вазиятнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири
Коронавирус туфайли Ўзбекистон хитойлик туристларнинг бир қисмидан айрилиши мумкин. Эпидемия натижасида Хитой ҳукумати маҳаллий туроператорлар ва турагентларга хорижга йўлланма сотишни тақиқлади. Шунингдек, Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳам маҳаллий туроператорларга Хитойга йўлланма сотишни тўхтатишни тавсия қилган. Хитойлик туристларнинг камайиши меҳмонхоналар, ресторанлар, кафелар, гидлар, авиакомпаниялар, ички йўналишлардаги транспорт компаниялари, ҳунармандларнинг даромадларига салбий таъсир қилиши мумкин.
Хитойдаги коронавирус билан боғлиқ таътилнинг чўзилиб кетиши натижасида Ўзбекистоннинг импорт-экспорт ҳажми пасайиши мумкин. Чунки бир неча йиллардан бери Хитой мамлакатимизнинг асосий савдо ҳамкори бўлиб келмоқда.
2019 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг Хитой билан умумий савдо ҳажми $7,6 миллиардни ташкил қилди. Шундан $2,9 миллиард экспортга, $5,1 миллиард импортга тўғри келди. Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо ҳажмида Хитойнинг улуши 18,1 фоизга етди. Қайд қилиш жоизки, Хитой билан савдо ҳажмининг миқдори иккинчи ўриндаги Россиядан 1 миллиард долларга кўпроқдир.
Ўзбекистон Хитойга энерготашувчилар ва нефть маҳсулотларини ($917 млн), текстиль маҳсулотларини ($437,6 млн), хизматларни ($694 млн) ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши нисбатан камроқ - $76,9 млн. Мева-сабзовотларнинг асосий бозорлари Қирғизистон, Қозоғистон ва Россияга тўғри келади. Хитой бу рўйхатда атиги 7-ўринда ($46,2 млн).
Коронавирус карантини туфайли Ўзбекистондан Хитойга газ етказиб бериш 20 фоизга қисқарди. Агар бу ҳолат қисқа вақт давом этса, қўрқинчли эмас. Аммо узоқ вақт давом этса, ҳалокатли натижаларга олиб келиши мумкин. Аввало бу газнинг асосий экспортчилари ҳисобланмиш Қозоғистон ва Туркманистон иқтисодиётига бевосита таъсир қилади. Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга эса нефть нархининг пасайишидан зарар кўраётган Россия орқали билвосита таъсир қилади.
Ўзбекистон Хитойдан асосан машина ва ускуналарни (2019 йилда $3,2 миллиард) сотиб олади. Бу мамлакат импортининг ярмидан кўпроғидир. Иккинчи ўринда кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган товарлар туради ($768,2 млн доллар).
2019 йилда Хитой Ўзбекистонда ташкил қилинган янги компаниялар сони бўйича 1-ўринни эгаллади. Ўтган йили Хитой капиталига эга 531та корхона ташкил қилинди. Умумий ҳисобда уларнинг сони 1652тага етди.
Ўзбекистон учун хатарни пасайтириш ва имкониятни ошириш бўйича тавсиялар
Хитойдаги инқирозли вазият яқин истиқболда дунё иқтисодиёти ривожига, жумладан Марказий Осиё давлатларига, Ўзбекистонга ҳам салбий таъсирини кўрсатади. Бу маҳаллий корхоналарнинг эпидемия тарқалган Хитой ва бошқа мамлакатлар билан хўжалик алоқалари узилиши ва ишлаб чиқариш тўхтаб қолиши билан боғлиқ.
Шу туфайли, Марказий Осиё давлатлари глобал ривожланишнинг муқобил вариантларини излаш ва ҳудуд ичидаги имкониятларга кўпроқ эътибор қаратиб, Хитойга бир томонлама боғлиқликни пасайтириш, шунингдек, ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш йўлларини излаш билан шуғулланса мақсадга мувофиқ бўларди.
Бошқа томондан олганда, денгизга чиқувчи йўлга эга бўлмаган Ўзбекистон учун муқобил имкониятлар кўп эмас. Бундай шароитда ҳудудий ва Евроосиё савдо имкониятларини қайта кўриб чиқиш керак. Агар Хитойдаги вазият йил охирига қадар барқарорлашмаса, Марказий Осиё давлатлари савдо ва инвестиция йўналишида МДҲга ёки дунёнинг бошқа ҳудудларига эътибор қаратиши лозим.
2020 йилдаги салбий омиллар таъсирида давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг даромад қисмини шакллантиришда жиддий хатарлар бўлиши кутилмоқда.
ҚҚС, импортдан олинадиган акциз солиғи, Хитойдан келтирилаётган импорт товарларидан (ускуналар, бутловчи қисмлар, тайёр истеъмол товарларидан) олинадиган божларнинг камайиши натижасида, бюджет тушумлари қисқаради.
Бундан ташқари, Хитойдан хомашё ва бутловчи қисмларни оладиган корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайиши ва маҳаллий йирик корхоналар фаолиятининг тўхтаб қолиши натижасида солиқлар ва тушумлардан ҳам йўқотишлар бўлиши мумкин.
Шу туфайли, йирик солиқ тўловчи ҳисобланадиган корхоналардаги вазиятни ва истиқболни яқин орада таҳлил қилиб чиқиш лозим бўлади. (Навоий тоғ-металлургия комбинати – давлат бюджетидаги улуши 10 фоиздан ортиқ, «Ўзтрансгаз» АЖ – 5 фоиз, ОКМК – 4 фоиз, «Лукойл оверсис саплай трединг» 3 фоиз, «Муборакнефтегаз» МЧЖ – 1 фоиз, «Ўз Кор газ кемикал» - 1 фоиз, «Шўртан газ-кимё мажмуаси» МЧЖ 1 фоиз ва бошқалар).
Барча йирик солиқ тўловчилар Молия вазирлиги, ДСҚ, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига солиқлар бўйича 2020 йилги янги прогнозларни жўнатиши ва буни таъминлаш учун давлатдан қандай ёрдам кераклигини кўрсатиши мақсадга мувофиқ бўларди.
Ўз навбатида, қисқа муддат ичида ички ва ташқи товар бозорларида пайдо бўлган бўшлиқларни аниқлаш ва уларни маҳаллий товар ишлаб чиқарувчилар эгаллашини таъминлаш зарур. Мутасадди ташкилотлар эса барча хўжалик субъектлари учун адолатли рақобатни шакллантиришга ва уларга зарур ёрдамни беришга куч сарфлаши мақсадга мувофиқдир.
Бундан ташқари, коронавирус тарқалишидан олдин қабул қилинган (айниқса, Хитой ва коронавирус тарқалган бошқа мамлакатлардан келтириладиган материалларга боғлиқ бўлган) жуда катта лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган бюджет харажатларини қайта кўриб чиқиш тавсия қилинади. Уларнинг баъзиларини консервация қилиш ёки ўзгартиришга тўғри келади.
Шунингдек, 2020-2025 йиллар давомида хусусийлаштириш режалаштирилган давлат улушига эга корхонлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш керак. Дунё иқтисодиётидаги мураккаблашиб бораётган вазият шароитида мамлакат аҳолиси (миллий хавфсизликни, фаровонлик даражасини оширишни, тиббий хизматлар сифатини яхшилашни, таълим ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга хизматларни таъминлайдиган) ижтимоий рентадан маҳрум бўлмаслиги лозим.
Шу туфайли, «Давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида»ги президент қарори лойиҳасини муҳокама қилиш ва таклиф бериш муддатини 12 мартдан 1 июлга кўчириш мақсадга мувофиқдир. Шу санага қадар коронавирусга қарши кўрилган чоралар ва уларнинг натижалари бўйича вазият ойдинлашади.
Коронавирус ва бошқа хавфли инфекциялар, касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган самарали чора-тадбирларни ўз вақтида ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарур.
Шунингдек, мавжуд ресурслар ва имкониятдан келиб чиқиб, дўстона Хитойнинг иқтисодиёти ва аҳолисини (айниқса коронавирусдан зарар кўрганларни) қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш ҳам мақсадга мувофиқ.
Бу ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш коронавируснинг тарқалиши билан боғлиқ хатарларни сезиларли даражада пасайтириш, иқтисодий ўсишнинг юқори суратларини таъминлаш ва шунинг асосида бюджет тушумларини ошириш имконини беради.
Давлатнинг иқтисодиётни бошқаришдаги самарадорлигини ошириш ва интеграция жараёнларига оқилона ёндашиш билан бу натижаларга эришиш мумкин.
Иқтисод фанлари доктори
Сергей Воронин.
Мавзуга оид
11:28 / 20.11.2024
Ҳукумат инвестиция комплекси иқтисодиёт учун муҳим бўлган 300 дан зиёд йирик лойиҳани ишга туширади
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
20:57 / 08.11.2024
Хитой иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун триллион доллар ажратди
19:18 / 05.11.2024