Жамият | 18:15 / 09.03.2020
35809
6 дақиқада ўқилади

«Вақтида даволанмаса, кўзи ожизликка сабаб бўлади». Глаукома – қандай касаллик?

Глаукома – кўзи ожизлик, ногиронликка олиб келувчи оғир, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касаллик ҳисобланади. Бугунги кунда дунё бўйича 100 миллиондан ортиқ инсон глаукома билан хасталанган, шундан 40 миллионга яқини кўзи ожиз беморлардир. Яна шунча беморлар ҳали ўзида бу хасталик борлигини билмасдан, кўзи ожизлик ривожланиб бораётганлиги маълум. Фақат ўз вақтида аниқлаб, тўғри даволанган ҳолда кўзи ожизликнинг олдини олиш мумкин. Шуларни ҳисобга олган ҳолда Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти глаукомани ижтимоий аҳамиятга эга бўлган муҳим касалликлар рўйхатига киритган. Ҳар йили март ойининг иккинчи ҳафтаси дунёда «Жаҳон глаукома ҳафталиги» ташкиллаштирилади.

Бу хавфли касаллик ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида Kun.uz кўз касалликлари шифокори Улуғбек Каримов билан суҳбат қилди.

Глаукома қандай касаллик?

Глаукома – кўз ички босими ошиши натижасида кўрув нерви атрофияси ривожланиши ва кўзи ожизликка олиб келиши мумкин бўлган сурункали касаллик. Глаукома касаллиги бошида белгиларсиз кечиб, дастлаб беморни ҳеч нарса безовта қилмайди. Эрта даврларда уни аниқлаш қийин, кечки даврда, кўрув нерви атрофияси ривожлангандан сўнг бемор кўриши хиралашишини, оғриқни ҳис қилади ва шифокорга мурожаат қилади. Глаукома касаллиги эрта аниқланиб, ўз вақтида тўғри даволансагина кўзи ожизликнинг олдини олиш мумкин. Акс ҳолда, глаукома туфайли ривожланган кўрув нерви атрофияси ва кўзи ожизликни ҳозирги кунда даволаш имкони мавжуд эмас.

Глаукомани тузатиш мушкул, лекин даволаш мумкин ва лозим

Бу касалликнинг кандай белгилари бор?

Глаукоманинг очиқ бурчакли тури бошида ҳеч кандай белгиларсиз кечади ва беморни ҳеч нарса безовта қилмайди, кўз оғриши, кўрув хиралашиши касалликнинг кечки даврларида безовта қилади. Одатда беморни бир томонлама тез-тез бош оғриши, кўз олдида вақти-вақти билан туман бўлиши ва қора доғлар пайдо булиши, ёниб турган лампа олдида камалаксимон халқа бўлиши безовта қилади. Кейинги даврларга бориб беморнинг бош оғриқлари кучаяди ва тезлашади. Касалликнинг охирги даврларига бориб кўрув майдони аввалига бурун томонидан, кейин эса ташқи томондан секин-секин торайиб, бемор найча орқали кўрганда ташқи томонни кўра бошлайди.

Глаукоманинг яна бир тури борки, бу ёпиқ бурчакли глаукома. Ёпиқ бурчакли глаукома бирданига хуруж билан бошланади. Беморнинг боши кучли оғрийди ва кўз қизаради, қон босими кўтарилади. Бемор адашиб баъзи вақтларда невропатолог, кардиолог ҳузурига боради, ҳаттоки реанимация бўлимларига ҳам тушиб қолиш ҳолатлари кўзатилади. Айнан шунинг учун юқоридаги белгилар сезилса бунга эътиборсиз бўлмасдан кўз шифокорига мурожаат қилиш шарт.

Глаукомани қандай эрта аниқлаш мумкин?

Глаукомани эрта аниқлаш учун хар бир фуқоро шикоятлари бўлмаса ҳам ҳар йили офтальмолог кўригидан ўтиб туриши лозим. Ҳар бир фуқаро ўз соғлиги учун масъулият ҳис килиб, ҳар йили кўз босимини ўлчатиши, кўрув нерви ҳолатини текширтириши лозим. Бугунги кунда Республикамизнинг ҳар бир туман ва шаҳар поликникалари кўз босимини контактсиз, оғриқсиз ўлчаш ва кўрув нерви ҳолатини текшириш ускуналари билан тўлиқ таъминланган.

Кўз ички босими нормада нечага тенг?

Кўз ички босими нормада 24 мм симоб устунидан паст бўлиши лозим.

Глаукома қандай даволанади?

Глаукома аниқлангандан сўнг биринчи бўлиб дорилар, кўз томчилари ёрдамида даволаниш бошланади. Агар томчилар ёрдамида даволаш самара берса, бемор ушбу дориларни доим томизиб юриши лозим. Агар белгиланган дори самарасиз булса, текшириш натижасида бошқа дорилар тавсия килинади. Агар ҳеч бир дори таъсир килмаса, бошқа даволаш усуллари тавсия қилинади.

Лазер нури ёрдамида даволаш. Кўз ички суюқлигини димланишига сабаб бўлган йўллар лазер нури ёрдамида очилиб, кўз босими туширилади. Лазер жарроҳлиги мутлақо оғриқсиз ва хавфсиздир. Глаукоманинг барча турларида ҳам лазер нури самара бермаслиги мумкин.

Жарроҳлик усулида даволаш. Ҳозирги кунда энг самарали усул ҳисобланади. Жарроҳлик усули юқори самарали бўлиши билан бир қаторда маълум ножўя жиҳатлари бўлганлиги туфайли биринчи даволаш усули сифатида қўлланилмайди.

Кўпчилик ҳолларда ўз вақтида дори томизмаслик, кўз шифокори назоратида турмаслик, шифокор тавсияларини тўлиқ бажармаслик бемор кўришини ёмонлашиши ва тикланмас кўзи ожизликка олиб келади.

Кимлар глаукома билан касалланиши эҳтимоли баланд?

Яқин кариндошларида глаукома бўлган инсонлар, сурункали кўз касалликлари билан касалланган беморлар (миопия, гиперметропия, увеит, кўз жароҳатлари), доимий кўз зўриқиши билан ишловчилар, мигрень, қандли диабет, неврологик касалликлар билан хасталанган шахсларда глаукомага мойиллик булади.

2020 йил 8-14 март кунлари сиз ўзингиз яшаб турган туман ва шаҳар поликлиникаларида бепул ва тўлиқ офтальмологик кўрикдан ўтишингиз мумкин. Бунда шифокордан кўз босимингизни ўлчашни ва кўз тубини текшириб, кўрув нерви ҳолатини аниқлашни сўрашни унутманг.

Мавзуга оид