Учтаси бирда: Коронавирус, нефть можаролари ва глобал инқироз
Коронавирус дунёни тиз чўктиришда давом этаётган таҳликали бир вазиятда нефть можароси ортидан халқаро бозорда юзага келган ваҳимали вазият жаҳон афкор оммасини саросимага солиб қўймоқда. Қуйидаги мақолада ушбу муаммоларнинг кесишган нуқталари хусусида фикр юритамиз.
«Гегемон барқарорлик» назариётчилари ҳақми?
19 асрдаги «Pax-Britanica» ва 20 асрдаги «Pax-Americana» замонида ягона глобал фигуранинг сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий соҳалардаги яққол устунлиги туфайли халқаро тизим нисбатан барқарор эди, деб таъкидлайдиган «гегемон барқарорлик» назариётчилари сўнгги йилларда юз бераётган нотинчликлардан сўнг ўзларининг ҳақ эканларини ўйлашаётган бўлса ажаб эмас.
АҚШнинг Обама давридаги сокинлиги ва Трамп даврида анча шовқинли тарзда давом этаётган «глобал барқарорликни кафолатловчи фигура» ролидан чиқиш стратегияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимини ҳам, унинг глобал иқтисодий бошқарув архитектурасини ҳам жиддий равишда заифлаштириб, халқаро инқирозларга қарши курашиш қобилиятини маҳв этди.
Бундан ташқари, аввал Хитойга қарши бошланган ва кейинчалик бошқа давлатларни ҳам қамрайдиган даражада кенгайтирилган савдо урушлари эркин савдо ва соғлом рақобат тамойилларига асосланган, деб баҳоланувчи либерал халқаро тизимнинг асосларини йўқ қилди. Шу боис, бир қутбли ёки икки қутбли дунё сифатида кўришга одатланганимиз барқарорлаштирувчи кураш шакллари тарихнинг бир қисмига айланган кўп қутбли глобал тартибга, шунингдек, турли фигураларнинг ўз миллий манфаатлари йўлида қарама-қарши стратегияларни амалга ошириши учун замин яратди. Бу заминда бир томондан манфаатлар тўқнашуви ва сиёсий-ҳарбий можаролар кучайиб борар экан, бошқа томондан, энергия манбалари ёки иқтисодий ва технологик устунлик омиллари нуқтайи назаридан халқаро рақобат тобора ҳалокатли тус олиб бормоқда.
Тўппончадан ўқ узилди...
Биз бошида турган 2020 йилда кети узилмаётган глобал муаммолар дунё иқтисодиётида 2008 йилдаги глобал молиявий инқироз давридан кейинги энг нотинч давр сифатида баҳоланмоқда. АҚШ ва Хитой савдо урушлари кескинлигини ўзаро музокаралар йўли билан ҳал қилишга уринаётган бир пайтда Шарқий Осиёга, кейин эса бутун дунёга тарқалган коронавирус эпидемияси кўплаб мамлакатларда кундалик ҳаёт ҳаракатчанлиги сезиларли равишда секинлашишига олиб келди, жиддий ташвишларни келтириб чиқарди.
Ушбу эпидемия Хитой ва Шарқий Осиё билан чегараланади, деб тахмин қилинган бўлса-да, АҚШ, Европа ва Яқин Шарқ мамлакатлари мисолида глобал хавфга айланиши жаҳон иқтисодиётининг ишлаб чиқариш ва талабида сезиларли қисқариш тенденцияларини юзага келтирди. Коронавирус хавфига қарши кўрилган чора-тадбирларнинг кучли бир халқаро координация тармоғи томонидан қўллаб-қувватланмагани глобал бошқарув механизмларидаги заифлашувни борган сари кучайтирмоқда. Устига устак, ушбу эпидемиянинг жаҳон иқтисодиётига узоқ муддатли таъсири тўғрисида аниқ баҳолар ҳали ишлаб чиқилмаган бир пайтда халқаро нефть бозорларида кутилмаган воқелик содир бўлди. Яъни Россия ва Саудия Арабистони ўртасида жаҳон нефти нархларини белгилаш ва бозорларни тақсимлаш можароси ортидан энергия урушини бошлаш учун ишорат топпончасидан ўқ узилди.
Сукунатдан кейинги бўрон
Аслида, коронавирус эпидемияси сабаб бўлган глобал иқтисодий пасайиш ва нефтга бўлган талаб сусайиши халқаро нефть нархлари пасайишининг олдини олишни мақсад қилган Вена музокараларининг мантиқий давоми сифатида кўрилаётди.
Зеро, нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК) таркибида де факто етакчи бўлган Саудия Арабистони билан ОПЕКдан ташқари ишлаб чиқарувчиларнинг вакили бўлган Россия ҳукумати ўртасида 2016 йилда ташкил этилган ОПЕК-Плюс (ОПЕК +) номли механизм бир мунча вақт ишлаб турди. Келишувга биноан, томонлар ҳар олти ойда бир марта эҳтимолий қисқартириш миқдорини муҳокама қилишар, халқаро бозорда нефть нархи қадрсизланишига йўл қўймаслик учун тадбир олар эдилар.
АҚШнинг кўп қутбли дунё тартиби мантиғига мувофиқ, дунё энергия бозоридаги барқарорлаштирувчи ролидан воз кечгани ва ўзининг миллий манфаатларига эътибор қаратгани, шунингдек, энг буюк нефть ишлаб чиқарувчи мақомини олиши режаларни чалкаштириб юборди. ОПЕК-Плюс гуруҳидаги биринчи ихтилоф 2019 йил ўрталарида бюджет балансини 40 доллар/баррел нефть нархига мослаштирганини хабар қилган Россия ва жиддий бюджет тақчиллигини ёпиш учун нархларни кўтариши керак бўлган Саудия Арабистони ўртасида юзага келди. Тахминан бир ой давом этган музокаралардан сўнг Москва ишлаб чиқаришни қисқартиришга рози бўлган эса-да, яқин келажакда кўтарилувчи бўроннинг илк аломатлари ўша пайтдаёқ зуҳурланганди.
Москва-Риёд дуэли
Бироқ коронавирус сабаб жаҳон иқтисодиётининг пасайиши ва нефтга бўлган талабнинг сусайиши фонида бир мунча вақт илгари эълон қилинган қўшимча ишлаб чиқаришни қисқартиришга бўлган талаб Вена шаҳридаги сўнгги музокаралар пайтида ҳал қилиниши кутилган эди. Бундай муҳим халқаро конъюнктура шароитида глобал энергетика секторининг етакчи иштирокчилари ўзаро келишмовчиликларни бас қилиб, умумий манфаатларга мос келадиган қарор қабул қиладилар, деган якдил фикр мавжуд эди.
Бироқ Россиянинг бозордаги ўз улушини сақлаб қолиш истаги ортидан ишлаб чиқаришни қисқартиришдан бош тортгани энергетика дипломатиясидаги ришталарни узиб юборди. Дунё бўйлаб нефть нархи маълум даражадан пастга тушмагани учун бу масалага катта эътибор қаратаётган Саудия Арабистони Россияга жуда кескин муносабат билдирди. Бюджет даромадларининг кам қисми (38 фоиз) нефть билан боғлиқ экани, тўпланган даромадлари билан кучли бойлик жамғармаси ташкил қилгани ва Марказий банк захираларининг ҳолати кўнглини хотиржам қилгани учун энергия шахматини осонликча ўйнаган Путин бу билан гўё бошқарувга қарши гарданкашлик қилди.
Пандора қутиси очиладими?
Ар-Риёд маъмурияти энди нефть қазиб олиш аввалдан режалаштирилган қисқартиришлар асосида амалга оширилмаслигини, аксинча, 9,7 миллион баррелни ташкил қилувчи кунлик ишлаб чиқариш 12,5 миллион баррелга етказилишини маълум қилди. Бундан ташқари, Саудиянинг миллий нефть компанияси Aramco осиёлик мижозларига бир баррел учун 4-6 доллар, европалик харидорларига эса 6-8 доллар/баррел миқдорида нархларда чегирма қилишини билдирди.
Бир томондан, талаб тобора пасайиб бораётган жаҳон бозорларига нефть етказиб беришни кўпайтириш, бошқа томондан, бозордаги катта улуш русларга тегишли бўлган Осиё ва Европада нархлар пасайиши энергия урушлари шароитида Пандора қутисини очиш демакдир. Жаҳон бозорида Brent маркали нефтнинг нархи 5 март куни 50 АҚШ доллар бўлгани ҳолда, бу каби қарорлар ортидан нефть нархи 9 март куни 30 доллардан ҳам қуйига тушиб, кўплаб мамлакатларнинг ишлаб чиқариш харажатларини ҳам қопламай қўйди. Россия ва Саудия Арабистони ўртасидаги ўзаро дуэль яна қанча давом этади, жаҳон нефть бозоридаги нархлар уруши қайси фигурага кўпроқ зарар келтиради – буларни келгуси кунларда кузатишда давом этамиз.
«Қора душанба» шов-шуви
Бироқ нефть нархлари бошқа товарлар билан бир қаторда финансаллашгани ва фақат талаб-истак шароитларига кўра эмас, аксинча, глобал иқтисодиёт ва доминант ишлаб чиқарувчиларнинг иқтисодий аҳволига кўра шакллангани, бугунги кун коньюнктурасида энергия урушларининг халқаро капитал бозорига шок таъсир кўрсатиши муқаррар эди. Шу нуқтайи назардан, энергетика соҳасидаги нархлар уруши дунё бозоридаги коронавирус эпидемияси хавотирлари ва ноаниқликларни яна бир бор кучайтирди. 9 март куни «Қора душанба» деб номланган шиддатли шов-шувларга сабаб бўлди.
Нажот қаерда?
Осиё бозорларидаги очилишлардан сўнг, Япония захиралари 6 фоиздан кўпроқ қадрсизлангани ҳолда, Италиядаги коронавирус таъсири туфайли Европа бозорларида кескин пасайиш кузатилди. АҚШда S&P 500 индекси 7 фоизга тушиб кетиши ортидан Amazon ва Microsoft сингари «unicorn» технология компаниялари бир кунда 5-6 миллиард доллар йўқотди.
Узоқ йиллик фаолиятдан сўнг АҚШ фонд биржаларида операцияларни тўхтатишга мажбур бўлинар экан, 10 йиллик Америка ғазначилик облигация ставкалари биринчи марта 0,5 фоиздан пастроқ бўлди. Ушбу глобал нотинч вазиятда сармоядорлар хавфсиз бойлик сифатида олтин, япон иенаси ва хазина облигацияларига ёпишишни афзал кўрмоқдалар. Фавқулодда йиғилиш ўтказиб, сиёсат ставкаларини 50 асосга камайтирадиган АҚШ Марказий банки апрель ойидаги навбатдаги йиғилишида яна чегирма қилиб, бозорлардаги ваҳима кайфиятини босиш ва иқтисодий пасайишнинг олдини олишга уриниб кўриши тахмин қилинмоқда.
Бироқ пул-кредит сиёсати билан амалга ошириладиган тадбирларнинг глобал инқирозни енгишда қай даражада самарали бўлиши ҳали аниқ эмас.
Отабек Тиллаев тайёрлади
Мавзуга оид
16:31 / 09.06.2023
Reuters: Ар-Риёднинг нефть қазиб олишни қисқартириш қарори ОПEК+ давлатлари учун сюрприз бўлди
16:56 / 27.05.2023
Дронлар Россиядаги нефть қувурларига ҳужум қилишда давом этмоқда
23:26 / 15.05.2023
Россия нефтини денгиз орқали ташиш кўрсаткичлари чўққига чиқди — Bloomberg
21:26 / 02.05.2023