Жаҳон | 12:07 / 27.03.2020
28228
3 дақиқада ўқилади

«Сиз Уилл Смит эмассиз». Сиёсатчилар одамларни уйда қолишга қандай ундамоқда?

Бутун дунёга хавф солаётган коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун энг муҳим чора карантин. Одамлар қанчалик кам кўчага чиқса, касаллик тарқалиши хавфи шунчалик пасаяди. Бироқ одамларни уйда қолдириш раҳбарлар учун осон бўлаётгани йўқ.

Фото: BBC

Сиёсатчилар, ҳудудий раҳбарлар одамларни уйда қолдириш учун ҳар қандай гапларни айтишмоқда. Италия, Франция каби касаллик кенг тарқалган Европа давлатларида раҳбарларга айниқса қийин. Улар одамларни уйда қолдириш учун асабий оҳангда гапиришга ҳам мажбур бўлмоқда...

Винченцо де Лука. Италиялик сиёсатчи: «Менга хабар келдики, бир гуруҳ ёшлар битирув кечаси қилмоқчи экан. Биз уларнинг олдига ўт ўчирувчиларни юборамиз. Битирув кечаси? Шу жин ургур байрамни 3-4 ойдан кейин ўтказсангиз нима бўлади?».

Эмманюэль Макрон. Франция президенти: «Биз жангдамиз. Саломатлик учун жангда. Биз бегона давлат ёки бегона армияга қарши урушаётганимиз йўқ. Душман кўринмас у ҳар вақтда келиб қолиши мумкин. Биз унга қарши интизом билан курашишимиз керак».

Антонио Декаро. Италиянинг Бари шаҳри мэри кўчада юрган одамларга: «Полиция чақирайми ёки ўзим сизни таёқ билан дўппослайми? Қани ҳамма уйига. Яна қанақасига тушунтириш керак, кўчада юриш мумкин эмас. Эй, бу ерда пинг-понг ўйнаш мумкин эмас. Боринг, уйингизда Playstation ўйнанг».

Жастин Трюдо. Канада бош вазири: «Интернетда ўзини енгилмасдек тутаётган одамларнинг суратини кўрдик. Лекин бундай эмас. Етар ахир! Тинчгина уйингизда ўтиринг».

Борис Жонсон. Британия бош вазири: «Сиз уйингизда қолишингиз шарт. Дўстларингиз билан учрашманг, улар учрашишни сўрашса, йўқ денг, тамом. Агар талабларни бажармасангиз, полицияда куч ишлатиш ҳуқуқи бор».

Катено де Лука. Италиянинг Мессина шаҳри мэри: «Менинг сабрим тугади. Икки қулоғингизга қуйиб олинг, ҳеч ким уйидан чиқмайди, Мессинада ҳеч ким сайр қилмайди. Буйруқ бор. Кўчага чиқсангиз — сиз билан кўришишмайди».

Сергей Собьянин. Москва мэри: «Ҳурматли москваликлар. Айниқса катта ёшли фуқаролар, бу мурожаатим сизга қаратилган. Балки бу гапларим сизга ёқмас. 65 ёшдан катта москваликлар ва сурункали касаллик билан оғриганлар уйда қолишлари шарт. Шарт.»

Массимилиано Прешутти. Италиянинг Гуальдо-Тадино шаҳри мэри: «Менга қаранг, уйда сиқилиб қийналган бу итларингиз билан қаерга кетяпсиз? Одамлар ўляпти ахир, нега тушунмайсиз. Ҳамма касал бўлишини хоҳлайсизми? Аҳмоқлар! Жин урсин сизларни, аҳмоқлар».

Италиялик сиёсатчи кўчаларда ёлғиз сайр қилаётган одамларга қарата шундай дейди: «Бу сизга кино эмас. Сиз эса «Мен — афсона» фильмидаги Уилл Смит эмассиз».

Кўриб турганингиздек, италиялик сиёсатчилар уйқусиз ишлаш ва одамлар тинимсиз ўлишидан қийналиб қаттиқ асабийлашмоқда. Ҳаммани қийнаб қўйган бу вирус юртимиздан, Европадан, бутун дунёдан тез кўтарилсин. У кўпчиликнинг силласини қуритди...

Мавзуга оид