Жаҳон | 01:08 / 07.04.2020
13778
1 дақиқада ўқилади

Данияда 15 апрелдан болалар боғчалари ва мактабларни очиш режалаштирилмоқда

Агарда яқин кунлар давомида Данияда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ вазият бўйича статистика барқарорлигича қолса, бу муассасалар иш фаолиятини бошлаши мумкин. 

Фото: Twitter /ziaarsenico

Дания бош вазири Метте Фредриксен мамлакатда болалар боғчалари ва мактаблар 15 апрелдан очилиши мумкинлигини эълон қилди.

Унинг сўзларига кўра, агарда яқин кунлар давомида Данияда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ вазият бўйича статистика барқарорлигича қолса, бу муассасалар иш фаолиятини бошлаши мумкин.

Аммо ҳукумат раҳбари қолган чеклов чоралари 10 майгача, оммавий тадбирлар ўтказишга тақиқ августгача амал қилишини таъкидлаб ўтди.

Данияда коронавирус сабабли чеклов чоралари жорий этилган, мактаб ва боғчалар, тунги клублар, бар, ресторан, театр, черков, кутубхона, йирик савдо марказлари, сартарошхона, массаж ва тату-салонлари ёпиб қўйилган.

Шунингдек, коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида хорижликлар учун чегаралар ёпилган.

Мамлакатда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 4,6 мингта ҳолат қайд этилган, 200га яқин киши вафот этган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид