Мавжуд вазият ва истиқболдаги чоралар. Эксперт коронавируснинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ҳақида
Сиёсий иқтисодчи, олим, ижтимоий ва давлат секторидаги инновациялар соҳаси мутахассиси Баҳром Ражабов коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Дунё иқтисодиётига етказилган зарарни инқироз чўққисидан ўтилганидан сўнг, умумий тарзда ҳисоблаш мумкин бўлади. Иқтисодиётга пандемиянинг ўзи эмас, балки у билан боғлиқ чекловлар салбий таъсир қилмоқда.
Бироқ, амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, қатъий чораларни кўрмаслик фалокатли оқибатларга ва кўплаб қурбонларга олиб келиши мумкин. Бундай мураккаб шароитда иқтисодиётни имкон қадар қўллаб-қувватлаш ва унинг тезда тикланиб олишига умид қилиш асосий мақсадга айланади.
Турли халқаро молия институтлари маълумотларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш тезлиги пасаяди. Инқироздан олдинги даврда бу кўрсаткич Жаҳон банки томонидан 5,7 фоиз миқдорида бўлиши, Европа ва Марказий Осиё давлатлари ичида энг юқори кўрсаткичга айланиши башорат қилинган эди.
Энди эса Осиё тараққиёт банки (ОТБ) иқтисодиётни кейинги йилда тикланиб олиш шарти билан бу кўрсаткични 4,7 фоиз деб ҳисобламоқда. Жаҳон банки ўз хулосасида Марказий Осиёда иқтисодий инқироз кескин бўлишини башорат қилган ҳолда, бу кўрсаткични -4,4 фоиз ва -2,8 фоиз деган. Ўзбекистон учун ўсиш 1,6 фоиз бўлиши башорат қилинган, бу эса инқроздан олдинги 5,7 фоиздан анча пастдир. Жаҳон банки ўз башоратида кўпгина омилларнинг ноаниқ бўлиб қолаётганига урғу берган. Якунда айнан шуларга асосан ҳудуд малакатларидаги иқтисодий ўсишнинг қандай экани маълум бўлади.
Албатта иқтисодий ўсишнинг пасайишига Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари (Хитой, Россия, Туркия) иқтисодиётидаги пасайиш ҳам таъсир қилади. Яна бир муҳим омил – хомашё бозорларидаги пасайиш билан боғлиқ ишбилармонлик фаоллигининг сустлиги. Шунингдек, нефть нархининг пасайиши ҳам сезиларли даражада таъсир қилади. Кўп жиҳатдан мана шу ташқи омиллар барқарорлашса, Ўзбекистон иқтисодиётида ўсиш бўлиши мумкин.
Оптимистик прогнозларга кўра, агар пандемия жиловланса, юқорида тилга олинган мамлакатлар иқтисодиёти учинчи чоракда тикланиб олиши кутилмоқда. Шунда карантин чоралари енгиллаштирилади ва босқичма-босқич бекор қилинади, бу эса иқтисодиёт яна нормал изига қайтишига имкон беради.
Масалан, меҳнат мигрантларидан пул ўтказмаларининг кўп қисми келадиган Россиянинг иқтисодиёти иккинчи ярим йилликда тикланиб олиши башорат қилинмоқда. Таҳлилчилар сўзларига кўра, бунга «захираларни тўлдириб олиш ва товар етказиб беришнинг меъёрдаги тезлигини тиклаб олиш учун тезкор ишлаб чиқариш йўлга қўйилишидан келиб чиқадиган кечиктирилган истеъмол ёрдам беради».
Россия ва Қозоғистондан меҳнат мигрантлари жўнатаётган пул ўтказмалари ҳажмининг пасайиши Ўзбекистон иқтисодиётини карахт аҳволга солиши мумкин. Биринчидан, Россия ва Қозоғистон хориж фуқароларининг ўз ҳудудига киришини тақиқлади. Иккинчидан, ҳар иккала мамлакат нефть нархининг пасайиши сабабли, оғир аҳволга тушган. Бу ҳолат Ўзбекистонга жўнатиладиган пул ўтказмалари ҳажми пасайишига олиб келиши мумкин.
Жаҳон банкининг халқаро миграция ва уй хўжаликлари фаровонлиги масалаларига боғлиқ изланишлари натижасига кўра, пул ўтказмалари тўхтаса, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 16,8 фоизга ошади.
Пул ўтказмаларининг тўхташи истеъмолга ҳам салбий таъсир қилади, чунки уй хўжаликлари уларнинг катта қисмини истеъмолга ва уй шароитларини яхшилашга сарфламоқда. Жаҳон банки маълумотига кўра, пандемия шароитида пул ўтказмалари 50 фоиздан ҳам ортиқ миқдорда пасаяди.
Қайд этиш жоизки, карантин чекловлари Ўзбекистоннинг кўплаб соҳаларига салбий таъсир ўтказди. Умумий овқатланиш, туризм ва меҳмонхона, хизматлар соҳаси жиддий талафот кўрди. Чекловлар туфайли зарар кўрмаган соҳа деярли қолмади. Айниқса кичик бизнесга жуда оғир бўлди, чунки бундай шароитда унинг тезда тикланиб олиши осонмас. Шу сабабдан, иқтисодий пасайиш ҳажмини башорат қилиш мушкул. Воқеалар ривожининг ижобий сценарийсида, шунингдек, ҳукумат томонидан иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилаётгани, муҳтожларга ёрдам берилаётгани шароитида иқтисодиёт шу йилнинг учинчи чоракдан тикланиб олинишини кутиш мумкин.
Бироқ, мен бир қанча салбий таъсирларни ҳам кутяпман. Масалан, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, соғлиқни-сақлаш, ижтимоий соҳа учун йўналтирилган харажатлар, шунингдек, божхона божлари ва акцизларни пасайиши, кредитлар бўйича тўловларни кечиктириш билан боғлиқ маблағлар тушумининг камайиши натижасида бюджетнинг молиявий аҳволи оғирлашади.
Яна бир муаммо Ўзбекистон иқтисодиётининг «норасмий сектори»да меҳнат ресурслари улуши юқорилигида. Бу меҳнатга лаёқатли бўлган 13 миллион кишидан тахминан 7-8 миллионини ташкил қилади. Карантин билан боғлиқ чекловлар натижасида «норасмий сектор»да ишлаётган меҳнат ресурслари ишидан ва иш ҳақидан ажралади. Иқтисодий пасайиш даврида корхоналар ходимларни қисқартиришга ҳаракат қилишади, бу эса ўз навбатида ишсизликнинг ўсишига олиб келади.
Юқоридаги санаб ўтилган чораларни кўзда тутадиган бўлсак, ҳукуматнинг иқтисодиётни қўллаб-қувватлаши шубҳасиз зарурдир. Бошқа мамлакатларнинг бу борадаги тажрибасидан келиб чиқадиган бўлсак, иқтисодиёт қайта тикланишига умид қилган ҳолда, урғу талабни рағбатлантиришга қаратилган.
Шу мақсадда ҳукумат фуқароларга пул тарқатиши, уларнинг пулни ишлатиши эса иқтисодиётни қўллаб-қувватлаши мумкин. Ҳукуматнинг қатъий чоралари – молиявий-иқтисодий қийинчиликлар ва ноаниқлик даврида бизнесга йўлланган муҳим сигналлардир.
Аслида чекловлардан дунё иқтисодиёти азият чекмоқда. Bloomberg таҳлилчиларининг дастлабки ҳисоб-китобига кўра, зарар 5 триллион долларга баҳоланяпти. Бунда эпидемиянинг иккинчи тўлқини юз бериши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Агар шу ҳолат юз берса, озиб-тўзган иқтисодиётга яна бир зарба бўлади.
Ўзбекистон ва ҳар қандай мамлакат учун иқтисодиёт учинчи чоракдан бошлаб тикланиб олиш сценарийси мақсадга мувофиқдир. Акс ҳолда камтарона 1,5-1,6 фоиз ўсишга ҳам эришолмаймиз. Бунинг учун чекловлар юмшатилиши ва босқичма-босқич бекор қилиниши лозим. Бу очиқ-ойдин кўриниб турган факт.
Ҳозирги вақтда ҳукумат икки ўт орасида қолганга ўхшаяпти. Бир томондан инфекциянинг тарқалишига тўсиқ қўйиш ва мамлакатдаги санитария-эпидемиологик вазиятни яхшилаш керак. Бунинг учун дастлабки босқичда карантин ва ўзини яккалашга ўтиш, кейинги босқичда тиббиёт соҳасини ривожлантириш тавсия қилинмоқда. Акс ҳолда кўплаб қурбонлар бўлиши, тиббий хизматга юкламалар жуда катта миқдорда ошиб кетиши мумкин. Воқеалар ривожининг бундай тус олишига алоқадор қайғули мисоллар ҳаммага маълум.
Бошқа томондан, чекловларнинг узайтирилиши, шунингдек, ўсиш суратларига чиқиш даврининг узайиб кетиши одамларни ишсиз, даромадсиз ва базавий неъматлардан маҳрум қилиши мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини ҳам таъминлаш керак, айниқса чекловлар узайтирилган шароитда бу долзарб масалага айланади.
Ўз навбатида қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, қурилиш соҳасига инвестицияларнинг киритилиши истиқболдаги иқтисодий ўсиш сабабчиси бўлиши мумкин.
Ҳар биримиз вазиятнинг мураккаб эканини англаган ҳолда, карантиннинг чекловчи чораларини олиб ташланишини тезлаштиришимиз, иқтисодиёт ва ҳаётнинг барча соҳаларини нормал изга тушиб кетишига кўмак беришимиз мумкин. Бунинг учун шифокорларнинг тавсияларига амал қилишимиз шарт. Бу чоралар бошқа мамлакатларда ижобий самара берди ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан тавсия қилинган.
Сиёсий иқтисодчи, олим,
ижтимоий ва давлат секторидаги
инновациялар соҳаси мутахассиси
Баҳром Ражабов.
Мавзуга оид
11:28 / 20.11.2024
Ҳукумат инвестиция комплекси иқтисодиёт учун муҳим бўлган 300 дан зиёд йирик лойиҳани ишга туширади
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
20:57 / 08.11.2024
Хитой иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун триллион доллар ажратди
19:18 / 05.11.2024