Ўзбекистон | 10:46 / 14.04.2020
38866
5 дақиқада ўқилади

Юлий Юсупов: «Вазиятдан чиқишнинг асосий йўли – энг аввало эҳтиёжманд оилаларга тўғридан-тўғри тўловлар»

Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов Ground Zero томонидан ташкил қилинган вебинар доирасида «Коронавирусгача ва ундан кейинги жаҳон иқтисодиёти ва Ўзбекистон» мавзусида маъруза қилди ҳамда саволларга жавоб берди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Вебинарни кузатган Kun.uz мухбири таниқли иқтисодчининг фикрларини ўзбек тилида келтириб ўтади.

­ Ҳозирги пандемиянинг аввалги эпидемиялар – қора ўлат, вабодан фарқи нимада?

Жорий эпидемияни аввалги қора ўлат, вабо, испан гриппи каби эпидемиялар билан миқёси, тарқалганлик даражасига кўра таққослаб бўлмайди. Бироқ унинг жуда муҳим ўзига хос жиҳати мавжуд: у жуда тез тарқалади, грипп эпидемиясига қараганда [коронавирус сабабли юзага келадиган] ўлим даражаси нисбатан юқори, унга қарши ҳозирча вакцина йўқ. Яна бир муҳим жиҳати, касалликнинг оғир даврида махсус техник воситалар керак. Бу ўпкани сунъий нафас олдириш аппарати ва малакали шифокорлар.

Пандемиянинг ана шу хусусиятлари жорий инқирознинг ўзига хос жиҳатлари, жамиятнинг эпидемияга ҳозирги муносабатига сабаб бўлди. Чунки касалликнинг оғир даври бошланганида соғлиқни сақлаш тизимига ўта оғир юк тушади, керакли аппарат, тиббиёт ходимлари бўлмагани учун ҳақиқий гуманитар фалокат юзага келади. Даволаш керак бўлган одамлар кўп. Шунинг учун кимнинг яшаши ёки кимнингдир яшамаслигини танлашга тўғри келади.

Ўз-ўзидан, ҳукумат [иккитадан биттасини] танлаши керак бўлади: ё гуманитар фалокат, ёки иқтисодий инқироз. Кўпчилик ҳукуматлар ҳозирда бизга камроқ туюлган муаммо – иқтисодий инқирозни танламоқда. Табиийки, иқтисодиётга катта зарар келтирадиган чоралар киритилмоқда. Ҳозир юзага келган инқироз – содир бўлиши муқаррар, у онгли танлов.

- Инқирознинг ҳажми қандай?

- Ҳозир буни айтиш имконсиз. Чунки биз карантин қанча давом этиши ва иқтисодиётга қандай таъсир қилишини билмаймиз. Фақат тахмин қилиш мумкин, лекин бу ҳисоб-китоблар шартли.

Инқирознинг Ўзбекистон учун хавфи нимада?

– Вазият маошдан маошгача яшайдиган камбағал кишилар учун жуда хавфли. Ўзбекистонда 1-3 ой давомида яшаш имконини берувчи жамғармага эга бўлмаган одамлар жуда кўп.

Ижтимоий сўровномаларга кўра, Ўзбекистонда тахминан 5,7 миллион киши расмий секторда банд. Бу мамлакат меҳнат ресурсларининг 30 фоизи. Бундан тахминан ярми бюджет соҳасида ишлайди. Ўйлайманки, давлат ўз ишчилари ҳақида қайғуради. Қолган ярми хусусий секторда фаолият юритади. Бу ерда барқарор пул ишлаш имконияти бўлмаслиги ҳам мумкин. Фаолият юритаётган ва ўз ишини давом эттирадиган, ёпилса ҳам тез орада очиладиган корхоналар. Кўп ташкилотлар эса узоқ вақтга ёпилиши мумкин.

Тахминан 5,4 миллион киши норасмий секторда фаолият юритади. Бу ерда вазият ундан ҳам ёмонроқ. Чунки бу одамлар ҳақида ҳеч ким қайғурмайди, улар ўзларини мустақил банд қилган кишилар.

Яна 2,6 миллион киши хорижда ишлайди. Бу расмий маълумотларга кўра, аслида [кўрсаткичлар] бундан анча кўпроқ. Бу одамлар ва уларнинг оилалари фалокатли вазиятга тушиб қолишди. Шунинг учун ҳам ялпи талаб ва ялпи таклиф ҳамда эҳтиёжманд кишиларни қўллаб-қувватлаш чоралари муҳим. Кўплаб мамлакатлар тажрибалари шуни кўрсатяптики, вазиятдан чиқишнинг асосий йўли – бу энг аввало эҳтиёжманд оилаларга тўғридан-тўғри тўловлар. Бу бир тарафдан оилалар қашшоқлик ҳолатига тушиб қолмасликлари, очликдан ўлмасликлари учун бўлса, бошқа тарафдан ялпи талабни қўллаб-қувватлаш учун амалга оширилади.

Ҳаракатларнинг яна бир йўналиши бу – бизнесни қўллаб-қувватлаш. Мен бизнесга тўғридан-тўғри тўловларни амалга ошириш керак деб ўйламайман. Чунки бизнинг вазиятимизда тўғридан тўғри тўловлар айрим «ўғри компаниялар»га сарфланиши мумкин. Ишлаб чиқариши ана шундай тўловларга муҳтож компаниялар эса уларни олмайди. Кейин вазияти оғир бўлган тармоқлар бор: ресторан, меҳмонхона бизнеси. Уларга тўғридан-тўғри тўловлар нима беради? Меҳмонхонада одам йўқ, туристлар йўқ. Шунинг учун ҳам бизнесни тўғридан тўғри қўллаб-қувватлашда катта имконият кўрмаяпман.

Ишлаб чиқариши, фаолияти тўхтаган соҳаларни солиқлардан бутунлай озод қилиш керак. Агар улар ишлашни бошласа, ёки ишламаса ҳам ходимларига маош берса, уларни солиққа тортиш ярамайди. Ҳозир нафақат инқироз даври учун, балки умуман солиқ юкини камайтиришга эришишнинг айни вақти. Масалан, даромад солиғини умуман бекор қилиш варианти мавжуд. ҚҚСни тўлаш амалиётини такомиллаштириш керак. Импорт учун тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф қилиш керак. Бизнес учун маъмурий тўсиқларни қисқартиришда вазиятдан фойдаланиш лозим. Ҳозирги вазиятда бизнес харажатлар қисқаришига муҳтож.

Бироқ давлат томонидан қўлланадиган чоралар биринчидан, шаффоф, иккинчидан, бозор иқтисодиётига мос равишда, учинчидан қонун доирасида амалга оширилиши муҳим.

Тўлиқ суҳбатни «Ground Zero»нинг YouTube'даги каналида томоша қилиш мумкин.

Мавзуга оид