Жаҳон | 20:17 / 18.04.2020
8094
2 дақиқада ўқилади

Уҳан коронавирус тарқалиш эҳтимоли паст бўлган ҳудудлар қаторига киритилди

Бутун дунёга тарқалган коронавирус илк марта аниқланган Хитойнинг Уҳан шаҳри мамлакатнинг вирус юқиш хавфи паст бўлган ҳудудлари қаторига киритилди. 

Фото: Reuters

Ҳубэй провинциясидаги 76 шаҳар ва унинг таркибидаги Уҳаннинг 13та тумани вирус тарқалиш хавфи паст бўлган ҳудудлар сифатида эълон қилинган.

Хитойда вирус юқиш хавфи бўйича ҳудудлар уч хил таснифланган: вирус юқиш хавфи паст, ўрта ва юқори бўлган ҳудудлар. 14 кун давомида бирор кишида коронавирус аниқланмаган ҳудудлар Уҳан каби вирус юқиш даражаси паст бўлган рўйхатга қўшилади. Икки ҳафта давомида 50тагача касаллик ҳолати аниқланган ёки 50та атрофида касаллик аниқланиб, оммавий юқиш ҳолатлари кузатилмаган ҳудудлар юқиш даражаси ўрта бўлган қаторга киритилади. Қолган ҳудудлар эса ҳамон хавфлилик даражасини сақлаб қолган.

8 апрель куни коронавирус илк марта аниқланган Уҳанга кириш-чиқиш тикланди ва 76 кун амалда бўлган изоляция тугади. Пандемия вақтида Уҳанда умумий 50 333 одам коронавирус юқтирди ва 2 869 киши ҳалок бўлди.

Маълумот учун, Уҳанда ҳамон ниқобсиз юрганлар жаримага тортилади ва ҳаёт тарзи тикланган бўлса-да, кескин чекловлар амалда.

Мавзуга оид