Жамият | 23:12 / 27.04.2020
17064
11 дақиқада ўқилади

ОАВ пандемияни қандай ёритмоқда? BBC ва Америка овози мухбирлари билан суҳбат

Kun.uz пандемия ва инқироз масалаларига оид суҳбатларни давом эттириб, бу гал BBC мухбири Ибрат Сафо ҳамда Америка овози мухбири Беҳзод Мамадиев билан боғландик. 

Хорижда фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик журналистлар пандемия масалаларини медиада ёритиш, Марказий Осиё давлатлари ОАВда кузатилаётган турлича муносабат ҳақида фикр билдиришди. Шунингдек, суҳбатда инқироздаги босма матбуот, реклама бозори қисқариши туфайли молиявий азият чекувчи нашрлар ҳақида фикр алмашилган. 

Ибрат ака, мана кўрдик пандемияга нисбатан кўпчилик матбуот ўзини худдики, мухолифатдек тутди. Ҳукуматга нисбатан ўзининг норозиликларини билдирди. Ҳукуматнинг бу ҳолатда яхши кураша олмаганига танқидларни билдириб келди. Бу вазиятни сиз, Марказий Осиё мисолида агар кўрадиган бўлсак, қандай кузатдингиз?

– Мухолифат демаган бўлардим, матбуот ўзининг ҳар доимги ишини қилди. Яъни, ҳукуматнинг амалларини сўроққа тутди. Бу айниқса, ҳозир жуда муҳим. Чунки одамларнинг ҳаёти савол остида турибди ва минглаб одамлар ўлиб кетяпти. Шунинг учун ҳукумат тўғри чораларни кўряптими йўқми, буни кундалик равишда, ҳар дақиқада сўраб туриш бу матбуотнинг иши, вазифаси аслида. Шунинг учун буни мухолиф ёндашув демаган бўлардим.

Марказий Осиёга келадиган бўлсак, Ўзбекистонда, Ўзбекистоннинг ичида ёритилиши анча фаол бўляпти. Таҳлил ҳам анчагина кўп бўляпти. Мана масалан, ўзингизда, Kun.uzʼда анча таҳлилий мақолалар, суҳбатлар бўляпти. Савол остига ҳам олиняпти. Шахсан ўзим ёмон эмас, деб баҳолаган бўлардим. Бу ерда бир нарсани назарда тутиш керак, журналистлар ҳозир сал қўли боғланиб қолган, пандемия даврида уйда ўтириш керак ва аввалгидай бемалол юриб, хоҳлаган идорасига бориб бирор нарсани суриштириш ёки айтайлик пандемия ҳолатида карантин жойлари ёки касалхоналарга рухсатсиз боролмайсиз, булар ҳаммаси расмий каналлар орқали қилиниши керак. Шунинг учун журналистларнинг қўли ҳам бироз боғлиқ. Шуни ҳисобга олсангиз анча фаол ишлашяпти деган бўлардим.

– Марҳамат, Беҳзод ака.

– Коронавирус билан боғлиқ вазиятни биз бевосита Ўзбекистондан туриб кузатиш имкониятига эга эмасмиз. Чунки хориждамиз. Шу сабабдан билдирадиган фикрларимиз четдан туриб кузатган журналист ёки оддий кузатувчи сифатида бўлади.

Америка овози мухбири Беҳзод Мамадиев

Умуман олганда, Ўзбекистонда рақамлар нисбатан кам. Бу яхши нарса, масалан қўшни Қозоғистонда аҳолиси Ўзбекистондан икки баравар кам бўлган билан вирусга чалинганлар сони адашмасам Ўзбекистонликлардан кўра икки баравар кўпроқ. Ёки Россияда, бошқа давлатларда... Бу албатта ўз вақтида кескин чоралар кўрилгани билан боғланяпти. Масалан, Тошкентда илк ҳолат аниқланиши билан карантин эълон қилинди. Бошқа шаҳарларда ҳам, ҳалигача бу давом этяпти. Буни мен шахсан олқишлайман. Яъни ўз вақтида чоралар кўрилгани тўғри бўлди. Журналистларга келсак, қанчалик ёритяпти у мавзуни? Аввало ҳукумат бераётган расмий маълумотлардан бошқа журналистларда маълумот йўқ. Улар мустақил қанчалик изланяпти, мутахассислар билан брифингларда маълумот олишяпти? 

Масалан Америка билан солиштирадиган бўлсак, Америкада уйда ўтириш буюрилган барча штатларда, муҳим бўлган бизнеслар, фаолият турларидан бошқа барча соҳалар фаолиятдан тўхтаган. Муҳим фаолият турлари булар озиқ-овқат дўконлари, аптекалар, тиббий корхоналар... ва журналистлар ҳам муҳим бўлган ишчи тоифасига кирган. Яъни, журналистларга уйингда ўтирасан, ишламайсан, кўча ёпиқ дея олмайди. Журналистлар ҳам мана шу муҳим бўлган ишлар тоифасига киритилди. Демак, улар олдингидек тартибда ишлаяпти, аккредитациядан ўтиш тартиблари бор албатта. Шулар асосида интервьюлар қилишяпти.

Яна бир муҳим нарса Америкада, кўплаб Ғарб давлатларида ҳар куни марказий ҳукумат ва вирус энг кўп тарқалган регионлар мунтазам медиабрифинглар бериб боряпти. Масалан, АҚШда ҳар куни, деярли ҳар куни шахсан президент Доналд Трамп ва унинг ишчи гуруҳи жонли тарзда маълумот беради. Қанча янги вирус чиқди, қанақа қарши чоралар кўриляпти ёки айни пайтда иқтисодиётни қайта йўлга қўйиш учун нималар қилиш керак? Нафақат марказий ҳукумат, балки Нью-Йорк, Нью Жерси каби бошқа штатлардаям губернаторлар ҳар куни халқ олдига чиқиб батафсил маълумотлар беряпти.

Ўзбекистонда ҳам албатта брифинглар бўляпти. Ўша тегишли идоралар ўзини йўналишида маълумотлар беряпти. Лекин мана шу нарса кўпроқ бўлса, журналистлар кўпроқ иштирок этишига имконият берилса менимча, улар ўзларини қизиқтирган, яъни берилган маълумотлардан ташқари ўзлари хоҳлаган, аҳолига қизиқарли бўлган қўшимча саволлар орқали кўпроқ маълумот олиш имконига эга бўларди деб ўйлайман.

Ибрат Сафо:

–  Алишер, масаланинг яна битта жиҳати бор деб ўйлайман. Масалан пандемия ҳолатида ўзи аҳоли қандай яшаяпти ёки ёрдамга муҳтож одамлар қандай яшаяпти ёки баъзи туманлар, қишлоқлар карантинда бутунлай ёпилиб қолди, ўша ерда, карантин ичида ҳаёт қандай? Ёки шу кураш билан бевосита шуғулланаётган шифокорларнинг шахсий ҳаёти қандай? Мана шуларни билиш учун расмий каналларни айланиб ўтиш керак бўлади ва бунда журналистнинг изланувчанлиги ва айни дамда ўша одамларда гапиришга қўрқув бўлмаслигиям муҳим-да. 

Биз шунга дуч келдик, масалан карантин остидаги одамлардан интервью оламиз деганимизда уларда қаттиқ қўрқув борлиги, билмадим, балки ҳозир шундай кайфият ҳукм сураётгандир. Мутасадди шахслар ҳам расмий линиядан чиққиси келмайди. Ҳозир қўрқув бор-да, мана шу нарсадан қанчалик айланиб ўта олсангиз ва одамларни гапиришга кўндира олсангиз ва асл вазиятни кўрсатиб беришга ҳаракат қилсангиз... расмий канални айланиб ўтиш керак демоқчиман-да.

BBC мухбири Ибрат Сафо

–  Эпидемияни пандемияга айланиб бўлгунга қадар, минтақамизда тушунарсиз ҳолат юз берди. Яъни минтақадаги бешта собиқ совет давлатлари ичида эпидемия даврида коронавирус аниқланганлиги расман тасдиқланмади. Бироз муддат бу нарсада тўхталиш бўлди. Бу кўпроқ Ғарбий Европа ва Америкада аниқланганда, Хитойда ва Жанубий Кореяда тасдиқлангандан сўнг, секин аста Қозоғистонда, Қирғизистонда ва Ўзбекистонда тасдиқланди. Шу пайтга қадар Туркманистон ва Тожикистонда бу ҳолат аниқланмади расман.

Беҳзод Мамадиев:

–  Тожикистон, Туркманистон мисолида оладиган бўлсак у ерда ҳақиқатан ҳам ҳукумат маълумотларни яшираётган бўлиши мумкин, деган шубҳа кўпроқ. Чунки бу мамлакатлар ҳар доим ёпиқ режим бўлган. Уларда маълумотлар, статистиканинг доим тўғри бўлиб чиқишига ҳеч ким ишонмайди. Шу нуқтаи назардан уларда вирус чиқмади, деб биз маълумот берган тақдиримизда ҳам “расмий маълумот йўқ” деб эслатиб кетишимиз керак. Чунки аслида қандай буни ҳеч ким билмайди — балки бордир, балки йўқ.

Ўзбекистонда анча кеч аниқланди бу нарса. Бу бўлиши мумкин, яширилганми йўқми, мен шахсан билмайман. Айни пайтда кундалик рақамлар мунтазам бериб борилаётганига қарасак, демак ҳукумат маълумотни яширяпти, дейишимизга жиддий асос кўрмаяпман. Лекин нафақат Ўзбекистонда, ривожланган, анча демократик жамиятларда ҳам коронавирус даврида сўз эркинлигини бўғиш ҳолатлари юз беряпти. Бу нарса яқинда Чегара билмас мухбирларнинг йиллик ҳисоботида ҳам хавотир билан тилга олинди. Ҳатта Европада, Венгрияда, кўп давлатларда айнан коронавирус эпидемияси даврида миш-мишларни тарқатмаслик, ваҳима, ишончсиз маълумотларни тарқатганларни жазолаш бўйича махсус қонунлар қабул қилинди ҳатто. Шу йўлда журналистлар, сўз эркинлиги бўғиляпти, деб хавотир билдириляпти.

Ўзбекистонда ҳам эсингизда бўлса вирус янги чиққан пайтда ёқилғи қуйиш шохобчаларида, дўконларда навбат кўпайиб кетди. Одамлар турнақатор бўлиб кетди, буни видеога олиб, расмга олиб тарқатганларга гўёки қайсидир идоралардан огоҳлантиришлар кела бошлади. “Сиз ваҳима тарқатяпсиз, бу маълум бир маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин” деган қўрқитишлар юзага кела бошлади. Ўзимиз кўрдик, ўзбекистонликлар бу ҳақда хабар беришди. Бу албатта фавқулодда ҳолатда,одатдаги пайтда сўз эркинлигини ёки конституциявий ҳуқуқларни бузишга рухсат берилади. 

Бу масалан ҳозир Америкадаям фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Назарий жиҳатдан Доналд Трамп сўз эркинлигини бўғиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистонда фавқулодда ҳолат эълон қилиндими? Шахсан менинг хабарим йўқ. Яъни инсон ҳуқуқи чекланадиган қарорлар чиқариладиган бўлса, бунга асос бўлиши керак. Аввало фавқулодда ҳолат эълон қилиниши керак. Одатдаги жамиятларда шундай бўлади. Балки ЎЗбекистонда ҳам бордир, менинг хабарим йўқ. Шу нуқтаи назардан сўз эркинлиги бўғилиш ҳолатлари юз бериши мумкин ва юз беряпти.

Ибрат Сафо:

–  Энди Тожикистон ва Туркманистонда ҳақиқатан ғалати вазият. Буни нафақат журналистлар балки оддий одамлар ҳам тушуниб етса керак. Қайсики “что то не так” эканини. Балки яшириш бўлаётгандир. Бу ББСнинг шубҳаси эмас, шахсан ўзим шундай деб ўйлайман. Негаки, Тожикистонни оладиган бўлсак афсуски бу жуда аянчли ҳол – пневмония ҳолатлари кўпайгани борасида хабарлар чиқяпти ва кўплаб одамлар пневмония касали билан шифохонага тушаётгани ё вафот этаётгани айтилаяпти. Ва пневмония касаллигини улар қайд этиб боряпти. Пневмония ташхислари ошиб бораётганига қарамасдан ҳалиям коронавирус ташхиси қўйилмаяпти-да... Жудаям ғалати ҳол.

Бу ерда ЖССТ бориши керак эди Тожикистон ва Туркманистонга ҳозирча билмадим бордими йўқми, шу ҳафта бориши керак эди. Балки уларни шу ташхисни қўйишга ишонтирмоқчи бўлганми бу делегация ҳали хулоса чиқса кўрамиз. Агар яширилаётган бўлса албатта ҳукуматнинг қандайдир босими ўзининг сиёсий қарашларидан келиб чиқиб балки айтайлик Тожикистонда сайловлар кутиляпти, шунга боғлиқлиги бўлиши мумкин, Туркманистонда билмадим, тўғрисини айтсам бирор нарсани мантиқ билан изоҳлаш қийин.

Шунинг учун ҳар кимнинг ўзига яраша сабаби бўлиши мумкин. Лекин афсуски охир оқибат барибир халқ жабр кўради. Агар бу нарса очиқчасига, маълумотлар шаффофлик билан тарқатилмаса барибир халқ билмасдан ҳам янада кўпроқ хавфга қолиб, қурбон бўлиб, кўпроқ одамлар ўлиши мумкин. Шунинг учун албатта, бу ерда шаффофлик ва эркинлик жудаям-жудаям муҳим. 

Суҳбат давомида хорижда фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик журналистлар босма матбуот ва мустақил нашрлар пандемиядан сўнг дуч келадиган масалалар юзасидан фикрини билдиришди. 

Суҳбатни Youtube орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин. 

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Мавзуга оид