Ўзбекистон | 08:33 / 02.05.2020
2953
2 дақиқада ўқилади

Фармкластер барпо этиш учун 50 млн долларгача йўналтирилади

Tashkent Pharma Park'ни ташкил этиш лойиҳасини Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси молиялаштиради.

Фото: kp.ru

Tashkent Pharma Park – ўз ичига Фармацевтика техник университети ва саноат зонасини олган инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери. Кластерни Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлаштириш режалаштирилмоқда. 
 
Norma’нинг ёзишича, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси фармкластерни ташкил этиш лойиҳасини молиялаштириш учун 50 млн долларгача ажратади. Қарздор - Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги. Қарзни сўндириш ва унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар кластер ҳудудидаги объектларни сотиш ва биноларни ижарага беришдан тушган тушумлар, Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ҳамда қарздорнинг бошқа тушумлари ҳисобидан амалга оширилади.
 
Биринчи навбатдаги объектлар қурилишини мамлакатимиз Бош вазири раҳбарлигидаги махсус ишчи гуруҳ ташкиллаштиради. Ишчи гуруҳ лойиҳавий таклифларни кўриб чиқади, бош пудратчиларни танлайди, қурилишнинг бориши ва маблағлардан самарали фойдаланилиши устидан назорат қилади. Tashkent Pharma Park дирекцияси (лойиҳанинг ижро этувчи органи) қурилаётган объектлар бўйича асбоб-ускуналар, товарлар, ишлар ва хизматларни қабул қилиб олиш учун масъул ҳисобланади.
 
Молиялаштириш ишчи гуруҳнинг қарорига биноан параллель равишда қуйидагиларни экспертизадан ўтказган ҳолда амалга оширилади:

лойиҳани - Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг тармоқ Илмий-техник кенгашида;

лойиҳа-смета ҳужжатларини - Қурилиш вазирлигида;

замонавий импорт асбоб-ускуналар ва технологиялар, қурилиш материаллари, бутловчи буюмларни харид қилиш бўйича импорт контрактларини - Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида.
 
Ҳужжат 29.04.2020 йилдан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид