Ўзбекистон | 07:49 / 06.05.2020
18001
1 дақиқада ўқилади

Бразилияда бир кун ичида коронавирусдан рекорд сонда ўлим қайд этилди 

Бразилия соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусдан ўлим ҳолатлари бир кун ичида 600 тага кўпайганини, шунингдек, коронавирус билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган яна 1,5 мингта ўлим сабаби аниқлаштирилаётганини маълум қилди.

Фото: AP Photo/Natacha Pisarenko

Айни вақтда мамлакатда коронавирусдан ўлимлар умумий сони 7938 тага етди. 

Охирги маълумотларга кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 115 мингдан ошиб кетган, ундан соғайганлар 48 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда. 

Бразилияда коронавирус тарқалиши маркази Сан-Паулу штати ва унинг шу номдаги пойтахти бўлиб қолмоқда. Штатда коронавирусга чалинганлар 34 мингдан кўпроқни, ундан вафот этганлар 2,8 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда. Ундан кейинги ўринда Рио-де-Жанейро келмоқда. Бу ерда 12,5 мингта касалланиш ҳолати ва 1,1 мингдан кўпроқ ўлим ҳолати қайд этилган.

Шунингдек, мамлакатнинг шимоли-шарқидаги Сеара, Пернамбуку, Мараньян, шимолидаги Амазонас ва Пара штатларида ҳам оғир эпидемиологик вазият кузатилмоқда.

Бразилияда коронавирусга чалиниш бўйича илк ҳолат 26 февралда Сан-Паулуда қайд этилганди. Аввалроқ мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигида мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият июлга келиб барқарорлашиши, августда касалланиш суръатлари секин-аста камайиши ва сентябрда кескин пасайиши прогноз қилинган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид