Жаҳон | 21:10 / 07.05.2020
15791
2 дақиқада ўқилади

Пандемия даврида дунёда ҳаммадан кўп маблағидан айрилган инсон номи маълум қилинди

Март ойида жаҳондаги энг бадавлат 20 кишининг бойлиги жами 300 миллиард долларга камайганди.

Бернар Арно / Фото: Reuters

Франциянинг Louis Vuitton Moët Hennessy компанияси раҳбари Бернар Арно 30 миллиард доллардан ортиқ маблағидан айрилди. Бу ҳақда Bloomberg Billionaires Index маълум қилди

Агентликнинг маълумот беришича, бу инқироз даврида бир инсон йўқотган энг катта маблағдир.

Коронавирус пандемияси сабабли Арнога тегишли бутун дунёдаги дўконлар бир ойдан ортиқроқ вақтга ёпилди, деб ёзади Bloomberg агентлиги. LVMH акциялари нархи 19 фоизга тушиб кетди.

Компаниянинг молиявий директори Жан-Жак Гионининг айтишича, Арно бизнесининг келажаги савдонинг учдан бир қисмидан ортиғи тўғри келадиган Хитой бозорига боғлиқ.  

Март ойида жаҳондаги энг бадавлат 20 кишининг бойлиги жами 300 миллиард долларга камайганди. Forbes нашрининг ёзишича, ҳаммадан кўп маблағни айнан Арно йўқотган.

У ҳозирда Forbes рўйхатида 90 миллиард доллар бойлиги билан учинчи ўринда жойлашган. Биринчи ўринда Amazon раҳбари Жефф Безос (141,8 млрд доллар) ва Microsoft асосчиси Билл Гейтс (105,7 млрд доллар) турибди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид