Ўзбекистон | 09:00 / 17.05.2020
27311
4 дақиқада ўқилади

Элдор Туляков: Захарованинг Ўзбекистонда давлат тилида иш юритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасига билдирган фикрлари асоссиз

«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков Россия ТИВ расмийси Мария Захарованинг Ўзбекистонда расмий доираларда давлат тили устувор бўлишини белгиловчи қонун лойиҳаси атрофидаги муҳокамаларга муносабати бўйича изоҳ берди.

Элдор Туляков ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграётганини таъкидлаган.

«Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг Ўзбекистонда давлат тилида иш юритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан билдирган фикрлари асоссиз ва бир ёқлама эканини таъкидламоқчимиз. Бинобарин, ўз заминида 130дан ортиқ миллат ва элатни бирлаштириб, тинчлик-хотиржамликда, ҳамжиҳатлик ва тотувликда ҳеч қандай миллатчилик ва шовинизмга йўл қўймасдан, барча миллат вакилларининг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаб, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиб келаётган Ўзбекистонга нисбатан бундай ўринсиз иддао халқаро ҳуқуқий нормаларга мутлақо мос келмайди», деган у.

Россия ТИВ расмийси ўз чиқишида Ўзбекистондаги расмий идораларда рус тилидан фойдаланиш сақлаб қолиниши Россияда ўқиш ёки ишлашни танлайдиган фуқароларнинг манфаатларига тўла мос келишини таъкидлаганди.

«Мария Захарованинг айтишича, Ўзбекистонда расмий идораларда ўзбек тилида иш юритишга қаратилган қонун лойиҳасининг тарафдорлари гўёки камчиликни ташкил этаётган эмиш. Шунинг учун рус тилини расмий доираларда тўлалигича сақлаб қолиш Россияда ишлаш ва ўқиш қарорини қабул қиладиган Ўзбекистон фуқароларининг манфаатларига тўғри келармиш.

Афсуски, Мария Захарова бу сўзларига ҳеч қандай исбот ва далил келтирмаган, келтиролмайди ҳам. Боиси, мазкур қонун лойиҳаси халқимизнинг катта қисми, шу жумладан, Ўзбекистонда истиқомат қилиб келаётган бошқа миллат вакиллари томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда ва уни такомиллаштиришга оид юзлаб таклифлар билдирилмоқда», дейди у.

«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори қонун қабул қилиш ҳар бир суверен давлатнинг ўз ички иши эканига эътибор қаратган.

«Қолаверса, бошқа давлат ташқи сиёсат идораси масъул шахсининг ушбу мавзуга аралашуви на дипломатик, на сиёсий этика ва на ахлоқ қоидаларига тўғри келади. Чунки, қонун қабул қилиш бу ҳар суверен давлатнинг ўз ички иши саналади.

Шундай экан, Ўзбекистон ҳам ўз ички сиёсатини ўзи мустақил равишда белгилашга, мустаҳкамлаб қўйилган халқаро стандарт ва нормаларга уйғун тарзда энг асосий миллий ҳуқуқий ҳужжатининг нормаларини мамлакат ҳудудида тўлиқ жорий этишга ҳар томонлама ҳақли. Бундан ким ёки кимлар манфаатдор экани ҳам Ўзбекистон фуқароларига, яъни халқимизга ҳавола», деган Элдор Туляков.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Адлия вазирлиги давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққанди.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова 14 май куни ўтказилган брифинг вақтида Ўзбекистонда рус тили билан боғлиқ вазиятга изоҳ бериб, «Ўзбекистонда иш юритиш жараёнларида рус тилидан фойдаланиш республика фуқароларининг манфаатларига мос келиши»ни айтганди.

Мавзуга оид