Жамият | 19:30 / 08.06.2020
34797
6 дақиқада ўқилади

«Султонтекс» Қарши тумани ҳокимлигини судда енгди: туман ҳокимига кластер ишига аралашиш тақиқлаб қўйилди

Қарши тумани маъмурий судида пахта-тўқимачиликка ихтисослашган «SULTON TEX GROUP» кластери ва туман ҳокимлиги ўртасидаги суд жараёни якунига етди. Судья А.Расулов раислигида бўлиб ўтган суд мажлисида кластер корхонасининг даъвосини қисман қаноатлантирилди.

Суд мажлисида қатнашган Kun.uz мухбирлари хабар беришича, суд қарори билан Қарши туман ҳокимлиги мансабдорларининг фермер хўжаликлари кооперацияси дейилаётган «SILVER FIBER AGRO KOOPERATSIYASI» МЧЖ билан тумандаги фермерлар ўртасида шартнома тузишга эришиш мақсадида амалга оширган барча ҳаракатлари ноқонуний, деб топилган.

Шунингдек, туман Давлат хизматлари марказида давлат рўйхатидан ўтишда «SILVER FIBER AGRO KOOPERATSIYASI» МЧЖ номига кооперация сўзини қўшиб, рўйхатдан ўтган ва фермерларни шартнома тузишга мажбурлаган МЧЖ гувоҳомаси бекор қилинди.

Маъмурий суд қарори билан Қарши туман ҳокими ва ҳокимлик мансабдор шахсларига кластер фаолиятига аралашиш, унинг 2020 йил учун фермерлар билан тузган шартномасини бекор қилиш ёки ўзгартиришга уриниши тақиқлаб қўйди.

Суд қарорида туман ҳокими Мақсуда Мустафоеванинг бош вазир ўринбосари Ў.Барноев ҳамда вилоят ҳокими З.Мирзаев номига 2020 йил 10 апрель санасида ёзган хатига ҳам эътибор қаратилди. М.Мустафоеванинг ушбу ҳаракати қонунга хилоф деб топилди.

Мақсуда Мустафоева томонидан имзоланган мазкур хатда пахта-тўқимачиликка ихтисослашган «SULTON TEX GROUP» кластери ўз соҳасига алоқаси бўлмаган ғалла комбайнлари таъмири ва ҳосилдорлиги учун берилиши лозим бўлган 5 миллиард 636 миллон сўм маблағни ўтказиб бермаётгани, кластер Қарши шаҳридаги Миллийбанк вилоят бўлимидаги ҳисоб рақамини бир неча марта огоҳлантиришларга қарамасдан тумандаги банкларга ўтказмаётгани ёзилган.

Эслатиб ўтамиз, бош вазир ўринбосари Ў.Барноевнинг 20 март куни Косон туманида Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш ҳамда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида ўтказган йиғилишидан сўнг «SULTON TEX GROUP» хусусий корхонаси ишида муаммолар юзага кела бошлаган эди.

Косондаги йиғилишдан кейин тузилган баённомада Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, «Агробанк» АТБ, Марказий банк вилоят Бош бошқармаси ва тижорат банкларининг ғаллани минерал ўғитлар билан озиқлантириш ва кимёвий препаратлар билан ишлов бериш учун етишмайдиган маблағларни тижорат кредити, пахта-тўқимачилик кластерларига ажратиладиган пахта имтиёзли кредит маблағлари ва фермер хўжаликларининг устав фондига жамғариладиган маблағлар ҳисобидан қоплаш тўғрисидаги ноқонуний таклифлари маъқулланган.

Хусусан, «SULTONTEX GROUP» хусусий корхонасидан кластерга ажратилган пахта имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан 5 миллиард 636 миллон сўм маблағни ғаллачилик учун ўтказиб бериш талаб қилинган. Бироқ, кластер бу ҳаракат кредит маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш бўлишини рўкач қилиб, талабни рад этиб келган.

Шундан сўнг 2020 йил 8 апрель куни Вазирлар Маҳкамасида «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари — кластерлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» мавзусида ўтказилган йиғилишда республикада самарасиз фаолият кўрсатаётган ва тугатилиши лозим бўлган 16та кластер корхоналари рўйхати тасдиқланган. Уларнинг орасида «SULTONTEX GROUP» МЧЖ ҳам бор.

Йиғилиш баёнида «SULTONTEX GROUP» МЧЖга қуйидагича ёлғон айбловлар қўйилган:

1 . Пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлашнинг тўлиқ циклни қамраб олган қайта ишлаш қувватлари мавжуд эмас. Ҳолбуки, тўлиқ цикл мавжуд.

2. 2020–2021 йиллар учун аниқ ҳисоб-китобларга асосланган лойиҳалар ишлаб чиқилмаган. Лекин кластерда умумий қиймати 100 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳалар тасдиқланган ва президентга тақдимот қилинган.

3. Агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширишга амалий ёрдам кўрсатилмаслиги оқибатида пахта етиштиришда ҳосилдорлик паст бўлиб, 2019 йилда 19,4 центнерни ташкил этган ва 2018 йилга нисбатан 10,9 центнерга пасайтириб юборилган. Бу ҳам ёлғон. Қарши туманида ўтган йили ҳосилдорлик пасаймаган, ошган.

4. Фермер хўжаликларига етказилган моддий ресурслар ва кўрсатилган хизматлар нархларини оширилган қийматда тақдим этиб келган. Оқибатда, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги таъминланмаяпти. Фермерларнинг аксарияти буни тасдиқлашмади.

Хулосага кўра, «SULTON TEX GROUP» пахта-тўқимачилик кластери фаолияти тўхтатилиб, ўрнида фермер хўжаликлари кооперацияси ташкил этиш буюрилган.

Бу топшириқни бажариш учун туманда «SILVER FIBER AGRO KOOPERATSIYASI» МЧЖ 27 апрель куни шошилинч очилиб, тумандаги фермерларга «SULTON TEX GROUP» билан шартномаларини бекор қилиб, ўша кооперация билан шартнома имзолашга мажбурланган.

«SULTON TEX GROUP»нинг судга аризасида 2020 йилнинг 8 апрелдаги ҳукумат баённомасидаги хусусий корхонани тўхтатиш ҳақидаги маълумотлар туман ҳокимлиги томонидан киритилган, деган даъвоси ҳам бор эди. Ушбу даъво етарлича асосланмагани боис суд томонидан рад этилди.

Cуд бош вазир ўринбосарига кластерни тугатиш тўғрисидаги маълумотлар Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Хўжаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан тузиб берилганига аниқлик киритган.

Энди нима бўлади? Ҳукумат раиси ўринбосарининг кластер тугатилсин, деган хулосаси бор. Ўрнига тузилган кооперация ноқонуний, деб топилди. Бу ёқда кластер билан ишлашга ўрганган фермерлар ҳосил етиштиришда қийналмоқда. Балки мутасаддилар бошлаган ишларини охиригача етказиши учун кластерни энди тинч қўйишар.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

Мавзуга оид