Ўзбекистон | 18:21 / 01.07.2020
34331
3 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳайвонот боғидаги вазият: жониворлар сувсиз қолганмиди?

Тошкент ҳайвонот боғи 1924 йилда Ўрта Осиё университети зоолог-олимлари томонидан ташкил этилган. 1997 йил 1 сентябрда ҳозирги кўринишда, замон талабларига мос ҳолда қайта ташкил этилган. Майдони қарийб 22 гектарни ташкил этади. Айни вақтда бу ерда 400га яқин халқаро ва республика Қизил китобига киритилган ноёб ҳайвонлар сақланади.

Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқда Тошкент ҳайвонот боғида олиниб, ижтимоий тармоққа жойланган видео кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Унда айиқ сақланаётган жойда сув йўқлиги акс эттирилган. Видео муаллифи ҳайвонот боғи маъмурияти бошқа ҳайвонларга нисбатан ҳам эътиборсизлик қилаётганини айтиб ўтган. Аслида вазият қандай?

Ҳолат ҳақида батафсил ахборотга эга бўлиш учун Тошкент ҳайвонот боғи «Йиртқич ҳайвонлар» бўлими мудири Нодир Баҳромов билан суҳбатлашдик.

Нодир Баҳромов

«Видеотасвирда ариқда сув бўлмаганлиги кўрсатилган. Бизда икки хил ҳолатда ҳовузда сув бўлмайди. Биринчиси, қиш мавсумида ҳовузда сув музлайди. Шунинг учун сув чиқариб юборилади. Иккинчи ҳолатда ҳовуздаги эски сув чиқариб, тозаланади. Видео иккинчи ҳолатга тўғри келади. Бунда ҳовуздаги сув чиқариб юборилади. Ҳовуз тозаланади, сўнг офтобда камида 2-3 соат қуритишга қўйилади. Шундан кейингина ҳовуз янги сув билан тўлдирилади. Ҳовузда сув бўлмаган пайти ҳайвонлар кириб-чиқадиган дарча очиқ қолдирилади. Шунинг учун сув ичишда муаммо бўлмайди. Видеотасвирда айиқ сувни тишлаб ичаётганини кўрамиз.

Табиий ҳолатда йиртқич ҳайвон тили билан сувни тортиб ёки тумшуғини сувга тиқиб ичади. Айиқнинг сувни тишлаб ичгани нотабиий ҳолати ҳисобланади. Унинг бу ҳаракатини ўйинқароқликка йўйиш керак. Айиқ бошқа пайтларда чанқамасаям тарновдан келаётган сувни шу тарзда ичади. Видеода айиқ чанқаб сув ичган ёки оч қолган, деган гап ноўрин ва умуман ҳақиқатга тўғри келмайди.

Ҳайвонот боғига келадиган озиқ-овқат махсус омборхонамиздан бўлимларга тарқатилади. Ходимлар кунига 2-3 марта белгиланган меъёр асосида озуқага бирламчи ишлов бериб, жониворларни овқатлантиришади. Шундан кейин ветеринария клиника ходимлари жониворлар қанча озуқани қанча миқдорда истеъмол қилиши, қанча сув ичишини назорат қилиб, буни доимий қайд этиб боришади», дейди мутахассис.

Бу ерга келганимизда ҳайвонлар меъёрий вазнига нисбатан анча озғинлигига гувоҳ бўлдик. Ташриф буюрувчилардан бирининг фикрича, карантиндан олдин ҳайвонлар тури кўп бўлган. Ветеринария бўлими бошлиғи Маҳмуд Қўзибоев юқорида билдирилган фикрга муносабат билдирди. Шунингдек, жониворлар тури нима сабабдан камайиб кетганига изоҳ берилди.

Маҳмуд Қўзибоев

«Ҳозир тулки ва бўриларга қарасаниз, яхши парвариш қилинмаётганлиги учун озиб кетибди, деган янглиш тушунча пайдо бўлади. Бу мавсумий табиий ҳолатдир. Улар ёзда эски жунини ташлаб, озишни бошлайди. Чунки жазирама иссиққа қалин жун билан бардош бериш қийин. Бу пайтда тулки, бўрилар ўзининг 30 фоиз вазнини йўқотишади. Шуни ҳисобга олиб, май ойидан бошлаб одатдагидан 25 фоиз камроқ гўшт берамиз. Куз-қишга келибгина вазн йиғишади», деди Маҳмуд Қўзибоев.

Kun.uz мухбири Муҳаббат Маъмирова тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси: Мирвоҳид Мирраҳимов

Мавзуга оид