Ўзбекистон | 16:51 / 01.07.2020
4115
3 дақиқада ўқилади

Йўлларда инсон билан инсон мулоқоти чекланса, тартиб бўлади – ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари этикаси ҳақида

Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессиясида ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ички ишлар тизими ходимларининг этика қоидаларини бузаётгани ҳақидаги фикрларга муносабат билдирди.

У ҳеч қайси ИИВ ходими ишга келаётганда бировни ўлдираман деган ниятда келмаслигини таъкидлаб ўтди.

«Масалан, маст фуқаро ҳам рулга ўтирганда йўлда бирор кишини машинамда уриб кетаман, деган фикрда бўлмайди. Лекин тизимда хатолар ҳам учраб туради. Уларнинг олдини олиш учун эса вазирлик томонидан ҳаракат қилинмоқда.

Масалан, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг йўлда қўпол муомалада бўлмаслиги кабилар устида доимий иш олиб борилади. Жорий йилнинг ҳозирги даврига қадар 1356 нафар ходимни аттестациядан ўтказиб, 35 нафари лавозимига нолойиқ деб топилган. 174 нафарига синов муддати берилган.

Бироқ қўпол гапираётган, ҳайдовчилар билан муомала қилишда касб этикасини бузаётган ходимлар ҳам орамиздан чиқаётган оддий фуқаролар. Бизнинг айбимиз уларни ишга олиб, уларнинг одамлар билан муомала қила олмаслигини билмасдан ишга олганимиз билан боғлиқ», дея таъкидлади Шоҳрух Ғиёсов.

Таъкидланишича, қачонки йўлларда инсон билан инсон мулоқоти чекланса, тартиб бўлади. Ҳозирги кунда «Хавфсиз шаҳар» концепциялари йўлга қўйиляпти. Бу лойиҳани амалга ошириш натижасида, аслида, 2015 йилда кўчада йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари турмаслиги керак эди. Ҳозир ҳам лойиҳа устида ишланяпти. Агар у амалга ошса, ЙҲХ ходимлари кўчада турмайди ва коррупцион ҳолатларнинг олди олинади.

Шунингдек, Шоҳрух Ғиёсов ички ишлар тизимида психологларнинг ўрни ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

«Тизимда ҳозир 215 нафар психолог ходим ишлайди. Дунё стандарти бўйича эса уларнинг сони анча юқори бўлиши керак. Вазирликда ҳам психолог хонаси ташкил этилган. Лекин доимий равишда у ерга бориб, психолог билан суҳбатлашишга одатланмаганмиз. Бу одат менталитетимиз учун хос эмас. Шунинг учун ҳозир ички ишлар ходимларига 1 йилда 2 марта психолог суҳбатига боришни мажбурий қилиб қўйяпмиз», дея Шоҳрух Ғиёсовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид