Ўзбекистон | 16:12 / 28.07.2023
31896
2 дақиқада ўқилади

Ички ишлар вазири ўринбосарларидан бири ишдан олинди

Тизимда рақамлаштириш аҳволи қониқарсизлиги танқид қилинди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги

Ички ишлар вазирининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари Нажмиддин Тўрахўжаев лавозимидан озод қилинди.

Президент маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш бўйича янгича иш тартибини белгилаб берди.

Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлигига:

  • жиноят қилишга мойиллиги бор оғир аҳволдаги аҳоли билан «ижтимоий профилактика» тамойили асосида ишлаш бўйича «маҳалла бешлиги»нинг вазифаларини аниқ белгилаб бериш;
  • ёш тоифаси, ижтимоий ва моддий аҳволидан келиб чиқиб, уларнинг ҳар бир гуруҳи учун алоҳида методика ишлаб чиқиш топширилди. 

Энди профилактика инспектори ҳудудида жиноят қилишга мойиллиги бор шахсларни аниқлайди, «маҳалладаги бешлик» уларнинг муаммоларини ҳал қилади. 

Тизимда рақамлаштириш аҳволи қониқарсизлиги танқид қилинди. Ички ишлар вазирининг бу масалалар учун масъул ўринбосари зиммасига юклатилган бирорта вазифа охиригача етказилмагани кўрсатиб ўтилди ва шу муносабат билан вазир ўринбосари Н.Тўрахўжаев эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Тўрахўжаев 2021 йил январида ИИВ раҳбари ўринбосари лавозимига тайинланганди. У муқаддам Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази директори лавозимида ишлаган.

Мавзуга оид