Жаҳон | 14:47 / 09.07.2020
6038
2 дақиқада ўқилади

Пандемия сабабли Россиядаги мигрантларнинг 40 фоизи ишини йўқотди

Карантиннинг биринчи босқичида пули тугаган ва уйига қайтолмаган мигрантлар жиноятга қўл уриши тўғрисида кўплаб тахминлар билдирилганди. Аммо бу тахминлар ўз тасдиғини топмади.

Фото: Ведомости

Россияда коронавирусдан энг кўп жабрланганлар меҳнат мигрантлари бўлди: пандемия даврида уларнинг 40 фоизи ишини йўқотди, деб ёзади "Коммерсантъ".

Россия қишлоқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси (РАНХиГС) ўтказган сўровга кўра, россияликларнинг 23 фоизи ишидан айрилган.

Собиқ иттифоқдан келган мигрантларнинг 19 фоизи даромади миқдори ўзгармагани ёки ошганини айтган бўлса, мигрантларнинг 51 фоизи «барча даромад манбаларини йўқотган»лигини билдирган.  

 Шу билан бирга, аксарият меҳнат мигрантлари (Москвадаги 38 фоиз ва Россиядаги 42 фоиз) «қора кун»ларга деб омонат сақлаб қўйгани маълум бўлди. Аммо мигрантларнинг 10 фоизининггина омонати уч ойлик карантинга етган.

 Карантиннинг биринчи босқичида пули тугаган ва уйига қайтолмаган мигрантлар жиноятга қўл уриши тўғрисида кўплаб тахминлар билдирилганди. Аммо бу тахминлар ўз тасдиғини топмади, деб ёзади "Ведомости".

Россия ИИВнинг маълумотига кўра, апрелда хорижликлар томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг апрелидагига нисбатан 9,6 фоизга камайган.

«Охирги вақтда қийналиб қолган нотаниш одамларга ёрдам беришга ҳаракат қиляпман» деб таъкидлаган меҳнат мигрантлари россияликларга нисбатан 1,5 баравар кўп бўлган.

«Ушбу маълумотлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, маҳаллий аҳоли эпидемияга жавобан ўз қобиқларига ўралиб олган, мигрантлар эса бир-бирларига ёрдам беришга ҳаракат қилган», – дейди минтақавий тадқиқотлар ва урбанистика марказининг катта илмий ходими Евгений Варшавер.

Мигрантлар юқори даражада эпидемик хавф солади деган фикр ҳам тасдиқланмади. Тадқиқотчиларнинг аниқлашларича, карантин даврида россияликларга нисбатан хорижлик ишчилар кўчага камроқ чиқишган. Дўстлари билан учрашиш, спорт билан шуғулланиш ёки сайр қилиш учун кўчага умуман чиқмаган мигрантлар 48 фоизни ташкил этган бўлса, маҳаллий аҳолида бу кўрсаткич 42 фоизга тенг бўлган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид