Жаҳон | 19:27 / 10.07.2020
24472
2 дақиқада ўқилади

Истанбулдаги Аё София музей-ибодатхонаси масжидга айлантирилди

Фото: Ayhan Altun/Getty Imagews

Туркия давлат кенгаши (олий маъмурий суди) Истанбулдаги Аё София ибодатхонасини музейга айлантириш тўғрисидаги 1934 йилда чиқарилган қарорни бекор қилди. Бу ҳақда CNN Turk телеканали хабар берди.

 "Туркия давлат кенгаши Аё София ибодатхонасини музейга айлантириш тўғрисидаги 1934 йилда чиқарилган қарорни бекор қилди", - дейилади телеканал хабарида.

 Телеканалнинг қайд этишича, эндиликда Аё Софиядан масжид сифатида фойдаланиш мумкин.

Шунингдек, хабар қилинишича, бугун Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Аё София ибодатхонасини масжидга айлантириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

 29 май куни, Константинополнинг қулаши санаси муносабати билан Аё София ибодатхонасида Қуръон тиловат қилинди. Орадан бир ҳафта ўтгач, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Адолат ва тараққиёт партияси марказий қўмитасига ибодатхонани масжидга айлантириш имкониятини ўрганиб чиқишни топширди.

Эрдўған ўтган йили Аё София ибодатхона-музейининг масжидга айлантирилиши АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти ва Жўлан тепаликларини Исроилга тегишли деб тан олиш ҳақидаги қарорига жавоб бўлишини айтганди.

Аё София ибодатхонаси 1934 йилда Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатуркнинг қарори билан музей мақомини олган.

Мавзуга оид