Ўзбекистон | 09:40 / 25.07.2020
17325
3 дақиқада ўқилади

Жамшид Қўчқоровга парламент сўрови жўнатилди

Айрим туманларда “темир дафтар”га киритилган фуқаролар билан айнан бир хил тоифадаги бошқа фуқаролар қолган туманларда бошқа мезонларга таяниб, “темир дафтар”га киритилмай қолганлиги аниқланди. 

2020 йил 15-25 июнь кунлари Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини атрофлича ўрганиб, таҳлил қилдилар, дейилади парламент сайтида.

Қайд этилишича, мазкур ўрганиш жараёнларида камбағаллик тушунчасини, уни ҳудудий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш методологияси ва мезонлари, камбағалликни қисқартиришга қаратилган аниқ механизмларнинг мавжуд эмаслиги жойларда ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламини ҳимоялашда турлича ёндашувларни келтириб чиқараётгани маълум бўлди. Бу тегишли аҳоли гуруҳлари билан амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги паст даражада қолишига сабаб бўлмоқда.

Ўрганишлар давомида айрим туманларда “темир дафтар”га киритилган фуқаролар билан айнан бир хил тоифадаги бошқа фуқаролар қолган туманларда бошқа мезонларга таяниб, “темир дафтар”га киритилмай қолганлиги аниқланди. Бу каби ҳар хил ёндашувлар жойларда мураккабликларни келтириб чиқармоқда. Масалан, депутатлар томонидан бу борадаги асл ҳолат жойларга чиқиб ўрганилганда, ҳақиқатда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар “темир дафтар”га кирмай қолганлиги маълум бўлди. Бир қатор туманларда аҳоли хонадонларида ўтказилган мулоқотлар чоғида муҳтож оилаларга ажратилган субсидияларга эҳтиёж амалдагидан юқори эканлиги аниқланди.

Шунингдек, ўрганишларда айрим ҳудудларда камбағалликни аниқлаш, аҳолининг камбағал қатламини ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича захирани шакллантириш ҳамда мавжуд ресурслар тақсимотида туман (шаҳар)лар, секторлар ва ҳатто, маҳаллалар кесимида ҳам сезиларли тафовутлар юзага келгани аниқланди. Ижтимоий-иқтисодий ҳолати ўзаро яқин бўлган оилаларни қўллаб-қувватлашда бир оилага бир турдаги кўмак кўрсатилган бўлса, худди шундай бошқа оила бир вақтнинг ўзида бир неча турдаги кўмак билан қўллаб-қувватланганлиги бу жараёнда инсон омилининг таъсири катта бўлганлигини кўрсатмоқда.

Депутатлар томонидан жойларда ўтказилган ўрганишлар мобайнида аниқланган бу каби ҳолатлар ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти даражасидан келиб чиқиб, камбағалликни аниқлаш мезонлари ва бу борада аниқ дастурни ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровга «Камбағаллик даражасини аниқлаш мезонларини, ижтимоий таъминотнинг минимал стандартлари ва меъёрий асосларини ишлаб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида»ги Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

Қарорда асосий эътибор мамлакатда камбағалликни қисқартириш дастурини амалга оширишда самарадорлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, камбағалликни аниқлаш мезонлари ва баҳолаш усулларининг ишлаб чиқилиши муддатлари ва янги методологияда халқаро меъёрлар қай даражада ўз аксини топиши масалаларига қаратилди, дейилади маълумотда. 

Мавзуга оид