Жамият | 14:00 / 07.08.2020
28154
7 дақиқада ўқилади

Нурободда 7 йилда ҳам эгасига топширилмаган намунавий уй «тўкилиш» арафасида

Очиғини айтганда, қурилганига 7 йил бўлиб ҳам ҳали-ҳамон қурувчи ва уй эгаси ўртасида қабул қилиш-топшириш амалга оширилмаган уй борлигига фаолиятимизда илк марта дуч келиб турибмиз.

Қурилиш соҳасида тез-тез хато-камчиликларга оид мурожаатларга дуч келамиз. Айнан янги қурилган намунавий уйлардаги камчиликлар ҳам бир неча бор ёритилган. Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги ҳолатнинг бошқалардан фарқи шуки, фуқаро камчиликлар бартараф этилмагунча уйни қабул қилмасликка аҳд қилган. Қурилиш корхонаси ҳам афтидан «ўжар» экан, фуқаро айтган камчиликлар бартараф этилмаган, ўша далолатномасиз ҳам ишни тўхтатган кўринади.

Туманнинг «Нурбулоқ» маҳалласида 2013 йил қурилган намунавий уй эгаси Абдумўмин Қобилов ана шу ҳақда 7 йилдан бери турли идораларга мурожаат қилади.

Унинг мурожаатига кўра, уй қурилгач, фойдаланишга топширилиш эълон қилинган вақтда келиб уйни кўриб камчиликларга гувоҳ бўлган ва эътирозларини билдирган. Хусусан, А.Қобилов уйнинг ички ва ташқи деворлари нотекис ва сифатсиз сувоқ қилингани, ҳовли деворларининг бир қисми сувоқ қилинмагани, поллар сифатсиз ўрнатилгани, лойиҳа-сметасида кўрсатилган ванна, газ плитаси, сув иситкич, унитаз ва люстралар ўрнатилмаганидан норози бўлган.

«Қатор идораларга мурожаат қилаверганимдан сўнг, 2016 йил туман ҳокимлигига мени ва қурилиш корхонаси — «Хавас ИУС» вакилларини чақиришди. Масала муҳокама этилди ва қурувчи камчиликларни бартараф этишни гарданига олди.

Аммо шундан кейин ҳам орадан тўрт йил ўтди. Бу орада ҳам қатор идораларга мурожаат қилдим. 2019 йилда муаммо юзасидан вилоят прокуратурасига қилган мурожаатим туман прокуратурасига юборилибди, туман прокуратураси эса мурожаат қонуний ҳал этиш ва натижаси ҳақда мурожаат эгасига маълум қилиш учун аризамни туман ҳокимлигига юборибди. Туман ҳокимлиги эса муаммони бартараф ҳам этмади, бартараф этмагач, табиийки менга жавоб хати ҳам юбормади.

Ҳақиқатан ҳам уй 7 йилдан буён фуқарога топширилмаганми? Масалага ойдинлик киритиш учун Нуробод туман ҳокимлигига вакилларидан изоҳ сўрадик. Ҳокимлик тақдим этган маълумотда фуқарога уйи топширилгани, 2015 йилда унинг уйга эгалик қилиш тўғрисида ҳоким қарори ҳам чиқарилгани маълум қилинган. Аммо қурувчи ёки буюртмачи (Самарқанд вилоят «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси) ва фуқаро ўртасида қабул қилиш-топшириш далолатномаси имзоланганми йўқми? Ана шу саволга ҳокимликдан ҳам аниқ жавоб ололмадик.

Мазкур уйлар қурилишида буюртмачи «Қишлоқ қурилиш инвест» ҳисобланади. Фуқаро айнан шу ташкилот билан шартнома имзолаган, шартнома шартларидан бири шуки, буюртмачи қурилиш тайёр уйни қабул қилиши ва фуқаро билан қабул қилиш-топшириш ҳужжатларини имзолаши лозим. Аниқроғи, буюртмачи (вилоят «Қишлоқ қурилиш инвест») уйни қурилиш корхонасидан қабул қилиб олиши, шундан сўнг эса якка тартибда уй қурувчи (фуқаро)га уйни далолатнома билан топшириши лозимлиги кўзда тутилган.

Абдумўмин Қобилов буюртмачи — Самарқанд «Қишлоқ қурилиш инвест»га бир неча марта оғзаки ва ёзма тарзда мурожаат қилиб келади. 2019 йил 22 апрель кунги мазкур ташкилотга ёзган хатида ҳам А.Қобилов айнан уй ҳалигача топширилмаганини маълум қилади. Уй қурилишида бажарилган ишларга аниқлик киритишни ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини сўрайди.

Бироқ, «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК фуқаронинг фақат учинчи талаби — лойиҳа-смета ҳужжатлари қисмига жавоб беради ва айтилган ҳужжатларни етказади. Аммо қурилишдаги ноаниқликлар, айниқса, уйнинг фуқарога (далолатнома асосида) топширилмагани юзасидан фуқарога жавоб хатида лом-мим дейилмайди. Ахир, топшириши керак бўлган ташкилот — «Қишлоқ қурилиш инвест»нинг ўзида!

Нима ҳам дердик, эҳтимол, бу ерда бошқа муаммо ҳам бордир. Аммо биз ташкилотнинг айнан шу муаммо юзасидан фуқарога юборилган жавоб хатида кўрсатилган ижрочиси билан боғланганимизда мутахассис қисқа қилиб бу масала бўйича ҳеч нарса билмаслигини маълум қилди.

2019 йил А.Қобилов Самарқанд вилоят Қурилиш назорати инспекциясига ҳам мурожаат қилиб кўрган. Бироқ инспекция жавоб хатида лойиҳада кўрсатилган ишлар қурувчи томонидан тўлиқ бажарилгани, уйдаги барча камчиликлар ва нуқсонлар 6 йил давомида уй эгасиз қолганидан эканини маълум қилади. Ҳатто уйнинг деворлари дарз кетгани, пол қисмидаги камчиликлар ҳам айнан қаровсизликдан экани айтилади. Айрим жиҳозлар йўқлиги эса номаълум кишилар томонидан олиб кетилгани билан изоҳланади. Аммо уйнинг фуқарога топширилмаганига бу ташкилот ҳам изоҳ бермайди.

Уй шунча йилдан бери қаровсиз қолгани ҳам бор гап. Аммо қатор камчиликлар, мисол учун эшикларда ҳатто тутқичнинг, агар у ўғирлаб кетилган бўлса тутқич изининг ҳам йўқлиги бизнингча, қаровсизликданмас, унинг ўрнатилмаганидан бўлса керак...

Иккинчи томондан, агар уй фуқарога ростдан ҳам далолатнома билан топширилмаган бўлса, токи топширилгунига қадар унинг сифати, қарови учун аслида ким жавобгар?

Қурилиш корхонаси — «Хавас ИУС» вакилларини топиб бўлмади. А.Қобиловнинг айтишича, бу корхона аллақачон ёпилиб кетган.

Хуллас, мана шу тарзда фуқаро ва ташкилотлар ўртасида хатлар «олди-берди»си билан ҳақиқатан ҳам уй неча йилдан буён қаровсиз қолган. А.Қобилов «ахир, уйни менга топширишмагач, қаровсиз қолиши аниқ-ку?» демоқда.

Муаммо юзасидан Нуробод тумани ҳокимлиги ва мақолада тилга олинган ташкилотлардан қатор саволларимизга жавоб кутамиз: қурилган уй эгасига далолатнома билан топширилиши керакми? Агар далолатнома мавжуд бўлиб, уй қонун-қоидаларга мос равишда топширилган бўлса, нега шу ҳужжат хатларда акс этмаяпти, фуқарога тақдим этилмаяпти? Ёки, ростдан ҳам қабул қилиш-топшириш далолатномаси тузилмаган ва уй эгасига шу тарзда топширилмаган бўлса, шунча йиллик қаровсизлик натижасида юзага келган зарарни ким қоплаб беради?

Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири.
Жаҳонгир Алибоев олган суратлар.

Мавзуга оид