Жаҳон | 23:01 / 21.08.2020
19390
5 дақиқада ўқилади

Шифокорлар Навальнийни Германияга юборишга рухсат беришди. Сўнгги маълумотлар

Россиялик шифокорлар Алексей Навальнийни Германияга даволаниш учун юборишга рози беришди. Сиёсатчининг оила аъзолари ва тарафдорлари бир амаллаб бунга эришишди. Унинг ўзи ҳамон комада қолмоқда, ҳамон ташхис қўйилмаган.

Dimitar Dilkoff / AFP / Scanpix / LETA

21 август куни Омскдаги шифохона врачлари Алексей Навальнийни даволаниши учун Германияга юборишга рози бўлишди. Германиядан келган шифокорлар иштирокидаги навбатдаги консилиумдан кейин шундай қарорга келинган. ТАСС агентлиги хабарига кўра, консилиумда Навальнийнинг рафиқаси Юлия ҳам қатнашган, аммо мухолифатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш буни ёлғон деб атаган. Консилиум якунларига кўра Омскдаги шифохона бош врачи Александр Мураховский Навальнийнинг ҳолати барқарорлашаётганини маълум қилган, бемор ҳамон комада қолаётган бўлсада, унда ижобий динамика кузатилаётганини қайд этган. Врачнинг қўшимча қилишича, Навальнийда заҳарланиш белгилари аниқланмаган.

Германиядан учган самолёт 21 август куни тушда Омскка қўнди. Уни Cinema for Peace Foundation ташкилоти йўллаганди — бу ташкилот 2018 йилда шу Pussy Riot вакили Пётр Верзиловни олиб кетиш учун ҳам самолёт ташкиллаштирганди, ўшанда унда ҳам заҳарланиш аломатлари аниқланганди. Навальнийни ўша заҳоти Берлинга олиб кетиш мўлжалланганди, аммо омсклик шифокорлар бунга рухсат беришмади — Александр Мураховский буни беморнинг ҳолати барқарор эмаслиги билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, куннинг иккинчи ярмида немис мутахассислар иштирокида ўтказилган консилиумда парвоз беморнинг соғлиги учун хавфли деган хулосага келинган. Шу билан биргаликда, Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш германиялик шифокорлар Навальнийни кўргач, уни транспортировка қилиш мумкин деб ҳисоблашган. Ярмиш бу маълумотни қаердан олганига аниқлик киритмаган; ФБК  («Коррупцияга қарши кураш фонди»)дагилар германиялик шифокорлар келган вақтда Навальнийнинг оила аъзолари шифохона ичига киритилмаганини маълум қилган, тушдан кейинги консилиумадан кейин уларни россиялик ҳамкасблари билан бирга орқа эшикдан олиб чиқиб кетишган. 

Ҳозиргача Навальнийга қандай ташхис қўйилгани аниқ эмас. Тонгда Александр Мураховский 5та тахминий ташхис кўриб чиқилаётганини ва ишга барча турдаги мутахассислар жалб қилинганини маълум қилганди. Кейинроқ унинг ўринбосари Анатолий Калиниченко шифокорларда «деярли тўлиқ ташхис» борлиги ва бу ҳақда Навальнийнинг рафиқаси Юлия ҳамда укаси Олегга маълумот берилганини айтди. У қандай ташхис ҳақида гапираётганига аниқлик киритмади ва шифокорлар Навальнийнинг заҳарланганини истисно қилишаётганини қўшимча қилди. Кейинроқ Мураховский шифокорлар кўриб чиқаётган асосий ташхис — «углевод баланси бузилгани, яъни моддалар алмашинуви бузилгани» эканини айтди.

ФБК тонгда транспорт полицияси Навальнийда хавфли модда аниқлашгани ҳақида хабар тарқатганди. Фонд юристи Иван Ждановнинг айтишича, полициячи бу ҳақда Навальнийнинг тарафдорлари кўз ўнгида бош врачга хабар берган. Ждановнинг сўзларига кўра, ушбу ходим гап айнан қандай модда ҳақида кетаётганини айтишдан бош тортган ва буни «тергов сири» билан изоҳлаган, шу билан бирга, бу жуда хавфли модда экани ва атрофдагилар ҳаёти учун ҳам хавф туғдириши — барча махсус ҳимоя костюмларида бўлиши талаб этилишини таъкидлаган. Кейинроқ Омск области ички ишлар бошқармаси Навальнийнинг терисидан ва кийимларидан олинган намуналарда пластик идишлар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган 2-этилгексил дифенил фосфат кимёвий моддаси топилгани ва кучли заҳарловчи модда эмаслигини маълум қилди. «Интерфакс» манбаси бу модда сиёсатчининг аҳволи ёмонлашишига сабаб бўлмаганини билдирди. «Медуза» манбаси эса Навальнийнинг қонида токсинлар аниқланмагани, бошқа биоматериаллар таҳлиллари ҳали якунланмаганини маълум қилди.

Юлия Навальная Владимир Путиндан турмуш ўртоғини даволаниш учун Германияга қўйиб юборишларида ёрдам сўради. У бу ҳақдаги мурожаатини Навальнийнинг твиттердаги саҳифасида эълон қилди. Унга Кремлдан реакция бўлмади.

Ундан бир неча соат олдинроқ президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль даволаниш масаласига аралашмаслиги ва Навальнийнинг Германияга эвакуациясига тўсқинлик қилмаслиги ҳақида гапирганди. «Бу ҳолатда ҳеч қандай тўсқинлик йўқ, фақат тиббий қарордан ва беморнинг соғлиги учун жавобгар шифокорлардан ташқари», — деганди Песков. Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмишнинг маълум қилишича, сиёсатчининг жамоаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилиб, Навальнийнинг Берлиндаги клиникага юборилишига тўсқинлик қилинишини тақиқлашни сўраган. Навальнийнинг жамосидагилар сиёсатчи заҳарлангани, маълум вақт ичида заҳар танадан чиқиб кетиши ва европалик шифокорлар ҳодисанинг аниқ сабабини аниқлай олмасликлари учун унинг эвакуациясига тўсқинлик қилишаётганини айтишмоқда.

«Улардай буйруқ бор: қўйиб юбормаслик ва мустақил лабораторияда заҳарни аниқлашнинг имконини қолдирмаслик», — деган Навальнийнинг сафдошларидан бири Леонид Волков фейсбукдаги саҳифасида.

Мавзуга оид