Жаҳон | 23:41 / 22.12.2022
9229
3 дақиқада ўқилади

Навалний жамоаси даркнетда «махфий штаб-квартира» ишини мувофиқлаштирувчи сайт очди 

Бу давлатдан ҳимояланган тизим ва унда ҳамма нарса шифрлангани айтилмоқда. 

Фото: Reuters

Россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг шериклари «даркнет» деб номланувчи яширин тармоқда ўз штаби ишини мувофиқлаштирувчи сайт очди. 

Бу ҳақда Навальний томонидан асос солинган Коррупцияга қарши кураш фонди (ФБК) собиқ директори Иван Жданов хабар берди. «Давлатдан ҳимояланган тизим, унда ҳамма нарса шифрланган», деди у. 

Муаллифларнинг таъкидлашича, янги платформа Навалний тарафдорларига «махфий штабларга» бирлашиш ва ўз фаолиятини мувофиқлаштириш, яъни сиёсий тадбирлар, варақалар ва «бундан ҳам хатарли ҳаракатларни» амалга оширишга ёрдам беради. 

«Путиннинг ва урушнинг ниҳоясини яқинлаштирувчи ҳар қандай нарсани амалга ошириш учун», деди Жданов. 

Сайтнинг ўзи Tor браузери орқали ишлайдиган onion доменида рўйхатдан ўтган - у фойдаланувчи трафигини анонимлаштиради ва тармоқдаги махфийликни кафолатлайди. 

«Ҳатто бизда ҳам сиз ҳақингизда маълумот олиш имкони йўқ», деди Жданов. 

Onion доменидаги сайтга кириш учун Навалний шерикларининг оддий (.сом) сайтида анкета тўлдириш лозим. Шундан кейин фойдаланувчи шахсий почтасига «махфий штаб»га кириш учун логин ва махфий сўз келади. Логин ва махфий сўз бир марталик бўлиб, сайтга киргандан сўнг ўзгартирилиши керак. Навалнийнинг штаб-квартираси эса фойдаланувчининг почта маълумотларини ўчириб ташлайди. 

Маълумот ўрнида, 2021 йил 9 июн куни Москва шаҳар суди Коррупцияга қарши кураш фонди (ФБК), Алексей Навалнийнинг бош қароргоҳи ва Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамғармасини «экстремистик ташкилотлар» деб тан олган эди. Россияда уларнинг фаолияти расман тақиқланган. Бунгача ФБК «хорижий агент» мақомини ҳам олган эди. 

Навалний штаб-квартираси «экстремистик ташкилот» деб тан олинганидан кейин унинг филиаллари собиқ раҳбарларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди, уларнинг уйларида тинтувлар ўтказилди. Украинада уруш бошланганидан сўнг эса уларга нисбатан Россия армиясини «обрўсизлантириш» моддаси бўйича янги жиноий ишлар қўзғатилди. 

Алексей Навалний ҳозирда «фирибгарлик» ва «судга ҳурматсизлик» моддалари бўйича 9 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. 

Мавзуга оид