Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Қашқадарё ҲЭТ» АЖ: коррупция мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етказади
«Қашқадарё ҲЭТ» АЖда «Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш» мавзусида ўқув семинар ўтказилди. Унда Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси Қарши шаҳар бўлими катта маслаҳатчиси Ҳ.Чориев, жамиятнинг иқтисод ва молиявий масалалар бўйича директори С.Фозилов ва ишчи-ходимлар қатнашди.
Семинарда ҳар қандай давлатнинг ривожланиши давлат хизматчиларининг ватанпарварлигига, зиммасидаги масъулиятни англашига, садоқати ва фидойилигига боғлиқлиги айтилди. Ушбу хислатларга эга бўлмаган давлат хизматчиси коррупциядан холи бўла олмаслиги, натижада порахўрликка, мансабини суиистеъмол қилишга, пировардида, жамиятнинг обрўсизланишига сабаб бўлади. Мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етади. Коррупция муроса қилиб бўлмас глобал таҳдид ҳисобланиши, шу сабабли дунё миқёсида барча давлатларда бу иллатга қарши курашиб келинаётганлиги таъкидланди.

Хусусан, жорий йилнинг 25 январида Президент Ш.Мирзиёев ҳам Олий Мажлисга Мурожаатномасида жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётга ғов бўлаётгани, бу балонинг олди олинмаса, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмаслиги, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмаслиги ҳақида гапирди.
Айтиш мумкинки, “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг таркибидаги электр таъминоти корхоналарида ҳам коррупцияга қарши курашиш борасида ички назорат тизими фаолияти такомиллаштирилган. Яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш юзасидан 2020-2021-йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, жамият ва унинг таркибидаги туман, шаҳар электр таъминоти корхоналарининг маъмурий биноларида жисмоний ва юридик шахсларни, уларнинг вакилларини қабул қилишда шаффофликни таъминлашга кенг эътибор қаратилмоқда. Зарур ҳолларда, видео ва аудиога ёзиб олиш тизимини жорий этиш бўйича ишлар олиб бориляпти. Бундан ташқари, жамият томонидан истеъмолчилар билан ўзаро ҳисоб-китоб қилишда автоматлаштирилган тизимни жорий этишга ўтилмоқда. Истеъмол.чиларга электр энергияси сарфини ҳисобга олишнинг замонавий приборлари (ақлли ҳисоблагичлар) ўрнатилаётганлиги бир қанча қулайликлар билан бир қаторда, коррупцияни келтириб чиқариши мумкин бўлган айрим омилларнинг олдини олмоқда.

Шунингдек, ходимлар билан даврий профилактик суҳбатлар ўтказиляпти. Коррупцияга оид ёки уни келтириб чиқариши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар берган шахсларни мукофотлаш тартиби жорий этилган. Семинарда одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиниши юзасидан мониторинг йўлга қўйилгани, бу соҳада олиб борилаётган ишлар ўз навбатида ходимларда коррупция – ривожланиш кушандаси эканлигини ҳис қилган ҳолда иш олиб боришида туртки бўлиши каби масалалар муҳокама этилди.
АЖ тизимида коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш учун ҳаракат қилинмоқда. Семинарда жамият ходимлари қонунчиликдаги янгиликлардан ҳам хабардор қилинди.
«Қашқадарё ҲЭТ» АЖ матбуот хизмати.