Жаҳон | 12:46 / 18.10.2020
2064
2 дақиқада ўқилади

Гвинеяда президент сайловлари бўлиб ўтмоқда

18 октябрда Африканинг Гвинея давлатида президент сайловлари 15 октябрда мамлакат жанубидаги иккита ҳарбий базага уюштирилган ҳужум ортида кескин вазиятда ўтмоқда.

Фото: DW

Сайловчилар рўйхатига олинган 5,3 млн гвинеялик президент лавозимига 12 номзоддан бирини танлаши керак бўлади. Улар орасида амалдаги президент, 82 ёшли Альфа Конде ҳам бор. Бу унинг учинчи президентлик муддатга илгари сурилишидир. Конде 2010 ва 2015 йиллардаги сайловларда ғалаба қозонган эди.   

Африка давлатида март ойида ўтказилган референдумда маъқулланган янги конституция Кондега учинчи муддатга сайланиш учун йўл очиб берган. Аввалги конституцияда президент лавозимида қолиш икки муддат билан чекланган бўлган. Конституциявий суд янги конституция қабул қилиниши сабабли Конденинг аввалги икки муддати ҳисобга олинмаслиги ҳақида қарор чиқарган. Бу орада мухолифат Конденинг яна бир муддатга қолиш истагини қоралаган.  

Амалдаги президентнинг сайловлардаги асосий рақиби мухолифат етакчиси – собиқ бош вазир Селу Далейн Диалло ҳисобланади. У аввалги президент сайловларида ҳам Кондега рақобатчилик қилган, бироқ уларда мағлуб бўлган. Сайловлар арафасида Диалло амалдаги президентни овоз бериш натижаларини сохталаштиришга уринишда айблаган.

Конденинг тарафдорлари эса унинг президентлиги вақтида Гвинея ялпи ички маҳсулоти 2 баробар ошганини, тоғ-кон саноатида тез ва узлуксиз ривожланиш кузатилаётганини таъкидлашмоқда. 

Сайловларнинг дастлабки натижалари келаётган ҳафтанинг ўрталарида маълум қилинади. Агар номзодлардан бирортаси 50 фоиз+1 овозни тўплай олмаса, 24 ноябрда сайловларнинг иккинчи тури бўлиб ўтади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид