«Қишлоқ аёлларининг иқтисодий мустаҳкамлиги масаласини кўтаряпмиз» — Гулнора Маъруфова билан суҳбат
Охирги вақтларда Ўзбекистонда гендер тенглигини ўрнатиш борасидаги фикрлар кўп янграмоқда. Бу борада зарур қонунчилик базаси ҳам ишлаб чиқилди. Аммо ҳозир ҳамма ҳам гендер тенглиги ва унинг нималарда акс этиши борасида тўла тушунчага эга эмас.
Kun.uz мухбири гендер тенглиги аслида қандай бўлиши, бу борада ўзбек жамияти ҳозир қайси босқичда-ю, яна қайси жараёнга қараб интилаётгани борасида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфова билан интервью уюштирди.
— Гулнора Маҳмудовна, сиз гендер тенглиги ва ўзбек жамиятида бу борадаги ҳолатни қандай тасаввур қиласиз? Биз айнан қайси жараён ва қайси босқичга қараб интиляпмиз?
— Ўйлайманки, жамиятимизда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқли. Масалан, биз аёллар қаерда ишлаётган ва бунинг учун маош олаётган бўлсак, бирор бир жараёнда камситишни сезганимиз йўқ. Буни аёллар меҳнат қилаётган барча соҳада кўриш мумкин.
Бизнинг ҳуқуқларимиз конституциянинг икки моддасида ҳам белгилаб берилган. Оилада ҳам фарзанд учун эр-хотин бирдек масъул.
— Сиз айтаётгандек, ҳаммасида тенглик таъминланган экан, биз нимага ва нима учун интиляпмиз?
— Гап раҳбарлик даражаси ва муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнида аёлларнинг иштироки масаласида боряпти. Масалан, биз йиллар давомида қарорлар қабул қилишда аёлларнинг ўрни кам эканлигини кўриб келдик. Уларнинг ўрнини деярли сезмадик. Бунга ҳаракат қилиш эса жуда қийин эди.
Масалан, биз 5 йил аввал Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти билан бирга сўровнома ўтказгандик. Унга кўра, катта-катта вазирликларнинг бошқармаларида бирорта аёл киши йўқлиги бўйича таҳлил олганмиз. Албатта, бунда савол пайдо бўлади: қандай қилиб гендер тенглиги ҳақида гапириш мумкин?
Мана энди бу жараёнда аёлларнинг ўрни ўсиб бораётганини кузатяпмиз. Бу қонун қабул қилинганидан кейин (Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни –Таҳр.) ўсиш яққол сезиляпти. Булар ичида салоҳиятли ва иқтидорли раҳбар аёллар жуда кўп.
Масалан, Олий Мажлис Сенати раиси билан (Танзила Норбоева – Таҳр.) бемалол фахрланишимиз мумкин. Чунки бу аёл ўз меҳнати ва салоҳияти билан шу вазифада ишлаётганини барчамиз кўриб турибмиз.
— Бу жараён қишлоқларимизда ҳам бирдай кечяпти деб бўлмайди. Айнан чекка қишлоқларда аёлларнинг ҳуқуқлари энг кўп бузиляпти, ҳатто қўпол тарзда топталяпти.
— Албатта, шунинг учун ҳам аёллар ҳуқуқлари борасида кўп гапириляпти ва қилинаётган режаларнинг ижроси учун қонуний асослар яратиляпти.
Бу ерда гап биринчи навбатда аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда.
Афсуски, сиз айтаётганингиздек, қишлоқларда аёлларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги етарли эмас. Бу эса уларни ҳуқуқий жиҳатдан ўқитиш кераклигини тақозо қилмоқда. Аёл жамиятда ўз ўрнини топиши кераклигини ҳаётнинг ўзи кўрсатяпти.
Ахир аёл ўқимаган бўлса, ҳунари бўлмаса ва бир ёки икки фарзанди билан онасиникига қайтиб келса, турмуш ўртоғи эса, бемалол бошқасига уйланаверса.
Ҳа, жамият учун қонунлар бор, лекин уни билмасдан туриб қонунни ишлатолмаймиз. Ҳамма гап шунда.
Биз ҳозир шу масалалар бўйича Гендер комиссияси ва Гендер қўмитаси билан бирга ишлаяпмиз.
Биз шунингдек, жамиятда, айниқса, қишлоқларда аёлларнинг ижтимой фаоллигини, иқтисодий мустаҳкам бўлиши масаласини кўтаришга интиляпмиз. Чунки аёл иқтисодий мустаҳкам бўлса, ўзи ҳам пул топса ва оилага даромад келтира олса, унинг дунёқараши ҳам бошқача бўлади.
Биз келгусида ҳам жамият ва айниқса қишлоқларда аёлларни бошқарувга жалб қилиш, уларнинг фаоллигини оширишга ҳаракат қиламиз.
— Тўғри, биз давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрнини ошириш ҳақида гапиряпмиз. Лекин яна бир нарсани эсдан чиқармаслик керакки, бу жараён мутлақо табиий кечиши керак. Аёлларнинг ўрнини кўпайтириш дея шунчаки раҳбарлик ўринларини тўлдиравериш ҳам ярамайди.
Айтингчи, ҳозир Ўзбекистоннинг бошқарув органлари фаолиятини яхшилайдиган ва бунга салоҳиятли аёллар бизда етарлими?
— Бизда кучли аёллар жуда кўп. Гап уларнинг имкониятларини рўёбга чиқара олишда. Биз уларга ишонишимиз, ташкилот, ўқув юртлари ва бошқа идоралар бошқарувини топширишимиз керак.
Мен жуда кўп йиллардан буён шу тизимда ишлайман ва биламанки, аёллар жуда масъулиятли бўлади. У нафақат оиласини, ишини ва лавозимда турса обрўйини ҳам ўйлайди.
Ҳозир бизда аёл вазирлар, университет раҳбарлари, депутатлар бор. Албатта, ҳали бу кам. Биз ахир шарқда яшаймиз. Аёллар имконияти борми, албатта, бошқарув соҳасига ҳам ҳаракат қилиши ва бундан қўрқмаслиги керак.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи – Отахон Юсупов.
Мавзуга оид
16:02 / 09.09.2023
Кўпхотинлилик тарғиботи учун жавобгарлик: қонунчиликда янги ўзгартиришларга нима сабаб бўлди?
20:21 / 01.06.2023
ХМТ ҳамкорлари Ўзбекистондаги гендер тенгсизлиги ва камситишнинг асосий сабабларини бартараф этади
11:00 / 09.05.2022
Ўзбекистонда ёшлар гендер тенглик соҳаси бўйича фаолият юритадиган жамоа тузилди
11:55 / 29.06.2021