Жаҳон | 11:55 / 31.10.2020
47012
5 дақиқада ўқилади

Энг яхши бошқарилаётган 6 мамлакат

Мамлакат яхши бошқарилаётганини қандай аниқлаш мумкин? Ҳукуматлар намунавий жамиятни яратиш учун турли хил сиёсат юритади. Ушбу сиёсат қанчалик самарадорлиги мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрни орқали ўз исботини топади. Қуйида халқаро рейтингларга кўра дунёнинг энг яхши бошқариладиган 6 мамлакати санаб ўтилади.

Foto: shutterstock

Дания

Скандинавия мамлакатлари доимий равишда ҳар бир кўрсаткичнинг юқори даражаларини эгаллаб келади. Дания эса улар орасида биринчи ўринда туради. 2017 йилда Дания ижтимоий ривожланиш индексининг «Инсоннинг асосий эҳтиёжлари» тоифасидаги кўплаб мавзуларида, фуқароларнинг овқатланиш ва соғлиққа бўлган эҳтиёжларини қондиришда деярли мукаммал даражани қўлга киритган.

Даниядаги ижтимоий тизим бюрократияга эмас, ишончга асосланган. Ҳатто Германияда ҳам ходимлар ва талабалар ўз бетобликларига исбот сифатида доктордан маълумотнома олишлари керак бўлса, данияликлар касал бўлишганида иш жойига қўнғироқ қилиб, ишга боролмаслигини айтиб қўйиши кифоя қилади. Данияда ҳаёт Европанинг бошқа мамлакатларига қараганда қимматроқ. Шунингдек, Дания ЕИдаги энг юқори солиқларга эга. Мамлакатда хизматлар айнан мана шу солиқлардан субсидияланади.

Данияликлар дўстлари билан биргаликда суҳбатлашишни ва шам ёруғида тамадди қилишни жуда яхши кўрадилар. Чет эллик талабалар эса молиявий ёрдам ва бепул тил курсларида таҳсил олиши мумкин.

Янги Зеландия

Индекслар рейтингида Австралия ва Янги Зеландия ёнма-ён юради. Лекин Янги Зеландия сиёсий барқарорлик, асосий ҳуқуқларнинг ривожланиши, зўравонлик ва терроризмнинг камлиги бўйича Австралиядан олдинда бормоқда.

Янги Зеландия 1893 йилда аёлларга овоз бериш ҳуқуқини берган биринчи мамлакат ҳисобланади. Бундан ташқари, ёлғиз оналар, вояга етмаган болалар, талабалар ва қариялар учун мўлжалланган кўплаб ижтимоий ёрдам ва хизматлар мавжуд.

Канада

АҚШ ва Канада ҳам барча кўрсаткичлар бўйича юқори ўринларни эгаллайди. Шунга қарамасдан, Канада сиёсий барқарорликнинг мавжудлиги, зўравонлик ва терроризмнинг камлиги жиҳатидан Америкага қаранганда юқори кўрсаткичларга эга. Канада овқатланиш ва соғлиқ, асосий билимлар ва шахсий ҳуқуқлар борасида Скандинавия мамлакатларидан қолишмайди. Шунингдек, канадаликлар адолатлилиги билан ҳам танилган.

Япония

Жаҳон банкининг ҳукумат самарадорлиги, қонун устуворлиги ва сиёсий барқарорлик кўрсаткичлари бўйича Япония Осиёдаги энг юқори рейтингга эга мамлакатдир. Осиёда ижтимоий ривожланиш индексида, асосий маълумотлардан фойдаланиш, сув ва санитария, овқатланиш ва соғлиқни сақлаш хизматлари бўйича биринчи ўринда туради.

Японлар ижтимоий ва давлат хизматларига катта аҳамият беради. Ҳар бир инсон тиббий суғуртага эга. Тўловлар иш ҳақи билан боғлиқ ва тўғридан тўғри иш ҳақидан ушлаб қолинади. Аммо ҳар ким хоҳлаган шифокорига мурожаат қилиши мумкин ва ушбу хизматларга бир хил миқдорда нарх ўрнатилган. Шунингдек, дунёдаги энг яхши онколог шифокорлар Япониядадир.

Ботсвана

Ботсвана Африкадаги энг кучли ҳукумат тизимига эга. Қонун суверенитети индексида, айниқса, пора билан курашиш бўйича юқори ўринларни эгаллайди. 1994 йилда ташкил этилган коррупцияга қарши комиссия порахўрликда айбланган мансабдор шахсларни тергов қилиш ва жазолашни самарали равишда давом эттирмоқда.

Бундан ташқари, олмос конларидан келадиган даромад мамлакатда тенг равишда тақсимланади. Ботсвана аҳолиси муаммоларини ички низолар орқали эмас, ўзаро муҳокамалар билан ҳал қилиш керак, деб ҳисоблайди. Шахс эркинликлари, матбуот эркинлиги ва мулк ҳуқуқларига катта аҳамият берилади. Ушбу мамлакат ирқ, тил ва жинсни камситмайдиган ва адолатсизликка қарши курашадиган жамиятга эга.

500 кишидан ортиқ аҳолиси бўлган ҳар бир қишлоқда мактаблар ва соғлиқни сақлаш марказлари мавжуд. Ботсвана ОИВ/ОИТС эпидемиясига қарши курашда биринчи қадамларни қўйган мамлакатлардан бўлиб, ОИВ билан касалланган ҳар бир кишига бепул дори-дармон берилади.

Ботсвана ҳукумати атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида ҳам муҳим қадамлар ташлаган. Туризмдан тушадиган даромаднинг катта қисми миллий боғлар ва ёввойи табиатни муҳофаза қилишга ажратилади.

Чили

Чили коррупцияга қарши кураш, шунингдек, шаффофлик, асосий маълумотлар ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланишда Лотин Америкасининг энг барқарор мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Бюрократия билан ҳеч қандай муаммо мавжуд эмас. Чет элликларнинг мулкни сотиб олиш жараёни бир неча ҳафта ичида якунланади. Иммиграция учун ариза бериш жараёни бироз узоқ бўлса-да, яшаш муаммоси ҳал қилингандан кейин ушбу мамлакатда истиқоматни давом эттириш деярли қийин эмас.

Чилида тиббий суғурта жуда самарали ва қиммат эмас. Чилининг энг кучли соҳалари - йўллар, сув ва электр энергияси каби сифатли инфратузилма хизматлари. Чет элликларга нисбатан очиқ ва дўстона муносабат мавжуд бўлса-да, қатъий ижтимоий синф тизими мамлакатнинг юқори ижтимоий доираларига киришни қийинлаштириши мумкин.

Мавзуга оид