Ўзбекистон | 17:31 / 27.11.2020
14243
2 дақиқада ўқилади

Усмонхон Алимов Шаҳрисабзда «Хўжамурод бахши» жоме масжиди янги биносининг очилиш маросимида қатнашди

Бугун, 27 ноябр куни Шаҳрисабз шаҳрида «Хўжамурод бахши» жоме масжидининг янги биноси очилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва «Вақф» хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё Абдураҳмонов қатнашди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда ёзилишича, «Хўжамурод бахши» жоме масжиди бир неча йиллар аввал ҳашар йўли билан қурилган ва ўтган давр мобайнида унинг биноси эскириб, пойдеворлари яроқсиз ҳолга келиб қолган. Шунингдек, охирги пайтларда масжид жамоати сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қилиб қолган.

Шу сабабли маҳалла томонидан мазкур масжидни қайта қуриш таклифи билдирилган. Ушбу хайрли ташаббус Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қўллаб-қувватлангач масжид биносини қайта қуриш ишлари бошлаб юборилган. Масжид миллий андозалар ва замонавий талаблар асосида барпо этилиб, ҳовлисида боғ ва атрофида автотураргоҳ ҳам бунёд қилинган.

Муфтий Усмонхон Алимов «Хўжамурод бахши» жоме масжидининг янги биносида намозхонлар иштирокида ўқилган илк жума намозида қатнашган ва масжид аҳлини ҳамда мазкур жомени барпо этишга ҳисса қўшган барчани янги масжид билан қутлаб, ҳақига дуолар қилган.

 

Мавзуга оид