Жамият | 19:02 / 12.12.2020
12457
3 дақиқада ўқилади

Мирободда тадбиркорнинг биноларини бузиш маъмурий суд қарори билан тўхтатилди

Иши Олий судда кўриладиган тадбиркор МИБ Миробод тумани бўлими мансабдор шахсларининг ўзига тегишли иншоотларни бузиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф, деб топиш ва ижро ҳаракатларини тўхтатиб туришни сўраб Миробод тумани маъмурий судига мурожаат қилди. Суд унинг аризасини қаноатлантирди.

5 декабрь куни Kun.uz Миробод туманида тадбиркорнинг бино-иншоотлари низо Олий судда кўрилаётганига қарамай шошилинч тарзда бузиб ташлангани ҳақида хабар берган эди.

Унда Тошкент шаҳар Миробод туманида фаолият юритувчи «Ulfat» хусусий корхонаси директори Шоҳиста Маҳмудова Тошкент шаҳар туманлараро иқтисодий судининг қарори асосида мулки шошилинч равишда бузилганини, бунда Олий судга назорат тартибида шикоят бергани инобатга олинмаганини айтган бўлса, Мажбурий ижро бюросининг Миробод тумани бўлими давлат ижрочиси Даврон Киргизов суднинг ҳал қилув қарорида ижро ҳаракатлари дарҳол амалга оширилиши белгилангани ҳамда Олий судга назорат тартибида шикоят берилгани ижро ҳаракатларини тўхтатиш учун асос ҳисобланмаслигини таъкидлаганди.

Тадбиркорнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ижро ҳаракатлари бошлангач, у Миробод тумани маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Миробод тумани бўлими мансабдор шахсларининг ўзи раҳбарлик қилаётган «Ulfat» хусусий корхонасига тегишли 1346 м2 ер майдонида жойлашган қурилмаларни бузиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш ва ижро ҳаракатларини тўхтатиб туришни сўраган.

11 декбрь куни мазкур иш судда кўриб чиқилиб, аризачининг дастлабки ҳимоя чорасини кўриш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантирилган.

Суд ажримида қайд этилишича, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 92-моддасига мувофиқ ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра маъмурий иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг аниқ хавфи мавжуд бўлса суд дастлабки ҳимоя чораларини кўриши мумкин.

Мазкур нормани инобатга олган ҳолда суд «Ulfat» хусусий корхонасининг дастлабки ҳимоя чорасини кўриш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантириш, Миробод тумани Фарғона йўли кўчасидаги 1346 м2 ер майдонида жойлашган корхона фойдаланишида бўлган бино-иншоотларни бузиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларни тўхтатиб туриш тўғрисида ажрим чиқарган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид