Ўзбекистон | 14:47 / 19.12.2020
17488
4 дақиқада ўқилади

Туман ва шаҳарлардаги маъмурий судлар тугатилмоқда. Олий суд раиси бунинг сабабини тушунтирди

Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида бешта қонун муҳокама қилинди.

Фото: Kun.uz

Муҳокамалар давомида сенатор Олий суд вакилига «Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс»га киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар туман, шаҳар маъмурий судларини тугатиб, ҳар бир вилоятда, вилоят марказларида биттадан туманлараро маъмурий суд ташкил этилишини назарда тутмоқда. Бу маъмурий судларга мурожаат этувчи фуқароларга ноқулайликлар туғдирмайдими?», деган савол билан мурожаат қилди.

Олий суд раиси Козимжон Комилов бунга қуйидагича жавоб берди: «Бизда маъмурий судлар 2017 йил 1 июндан пайдо бўлган. Оддий қилиб айтганда, маъмурий суд фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатларни ҳал қилиши керак. Ўша пайтда қабул қилинган қонунда маъмурий судларга иккита вазифа юклатилган: маъмурий ҳуқуқбузарлик ва оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқади. Яъни, бу вазифалар табиатан бир-бирига қарама-қарши. Мана шу уч ярим йил давомида маъмурий судлар ўзининг керак эканини исботлади. Оммавий ҳуқуқий муносабатлар кўриб чиқилган 68 фоиз ҳолатда фуқаролар ютди. Демак, бу суд яшаш ҳуқуқига эга.

1 январдан маъмурий судлар сақлаб қолинган ҳолда янада ихтисослаштириляпти. Яъни, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус ихтисослаштирилган суд алоҳида ажратиб олинади, маъмурий ҳуқуқбузарлик эса ўзининг табиатига яқин бўлган жиноят судларига қайтарилади. Чунки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бир қадами жиноят. Бундай ишларнинг жиноят судида кўрилиши ўша тумандаги ҳар бир ҳолатни мониторинг қилишга, жиноятчиликнинг олдини олишга қулай бўлади.

Бу борада хавотирга ўрин йўқ. Вилоят марказларида ва вилоят судларида маъмурий судлар алоҳида ташкил қиляпмиз. Бу уларга қандай имконият беради? Аввало марказда бўлгани сабаб ортиқча аралашув чекланишига эришилади.

Ахборот технологиялари ёрдамида 1 октябрдан бошлаб фуқаро судга умуман келмасдан туриб ишини кўриши мумкин. Яъни, у электрон шаклда ариза бериши мумкин ва аризага жавоб берилади. Фуқаро ишнинг тайинланган кунини электрон шаклда олади, тайинланган кун графигини ҳам кўриб туриши мумкин, шунингдек, уйидами, идорасидами ўтириб, суд мажлисида иштирок этиши мумкин. 1 октябрдан мобил видеоконференция ишга тушди. Кеча ўзим ҳам битта процессни кўрдим: оилавий низо бўйича иш Самарқандда кўриляпти, жавобгар Лондонда. Зарурат бўлса, ҳамма техник воситалар, транспортимиз бор, ишларни жойида ҳам кўриш имкониятимиз бўлади.

2022 йил 1 январдан давлат идоралари, адвокатларга фақат электрон тартибда ариза бериш мажбурияти юкланади. Фуқаролар учун эса ихтиёрий. Ҳозир ҳам 50 фоиз аризалар электрон тартибда келяпти. Пандемия бунинг ҳаётий эканини кўрсатиб берди. Ҳатто ишни кўриб бўлгандан кейин у кишининг илтимос бўйича ўзимиз ҳам ижро варақани электрон жўнатиб юборишимиз мумкин. Шунинг учун бу масалада хавотирга ўрин йўқ», деб Олий суд раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенат раиси Танзила Норбоева Козимжон Комиловнинг сўзларига муносабат билдириб, жойларда ахборот-коммуникация технологияларининг сифатли жорий қилинишини таъминлаш керак бўлишини айтди.

Мавзуга оид