Юрист ислом динидаги маҳрни Ўзбекистон қонунчилигига киритиш таклифини билдирди
Тошкент шаҳар реабилитация ва мослаштириш маркази директори, юридик фанлари доктори Гулчеҳра Маткаримова 21 декабр куни ўтказилган Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия йиғилишида мазкур масала ҳақида гапирди. Юристнинг айтишича, бугунги кунда мулкий ценз ўта долзарб. Чунки оилани уй-жой билан таъминлаш эркакнинг зиммасида бўлса-да, буни бажармаётганлар кўпайиб кетмоқда. Натижада аёллар ва болалар жабр кўрмоқда.
«Мулкий ценз масаласи бугунги куннинг энг долзарб муаммоси. Эркак аёлни 3-4 нафар боласи билан кўчага ҳайдаб чиқариб қўяди-да, яна бошқа аёлни олиб келиб ўзи никоҳ ўқиб ҳам яшайверади. Нариги аёл кўчадан кира олмайди. Кираман деса на қайнона, на қайнота ва на маҳалла киритади. Чунки агрессордан ҳамма қўрқади.
Демак, бу ҳолат Маъмурий ва Жиноий кодексларга ўзгартиш ва қўшимча киритишни тақозо қилади.
Мулкий ценз қўйилиши керак деганимнинг маъноси шуки, уйланишдан олдин йигитлар яшаш учун хотинини қаерга олиб боришини ўйлаб кўрсин. Ота-онасини уйигами ёки ўзининг мулки борми?
Масалан, Мисрда эркаклар ўзи ва оиласи яшаши учун аниқ уй-жой топмагунча уйланишмайди. Эронда ҳам жуда катта чеклов қўйилган маҳр масаласида.
Биз ҳам диний эътиқодимиз нуқтаи назаридан 90 фоиздан ортиқ аҳоли мусулмон бўлса, нима учун маҳр билан боғлиқ бўлган цензни қўя олмаймиз. Балки ҳеч бўлмаса, эксперимент қилиб кўриш керакдир.
Масалан, Тошкент шаҳри мисолида. Ажрашадиган бўлса, хотинига уй-жойни ташлаб кетиш имкони бўлсагина уйлансин. Бўлмаса уйланмасин.
Ажрашиш уларнинг шахсий иши. Бунга аралашмоқчи эмасмиз. Бирга яшаб қола олмаса ажрашсин. Лекин болаларчи?! Эшикдан кирмасдан дарров болали бўлишадида, бир йилдан кейин қарабсизки, ажрашган бўлади. Бунақа муаммолар сон мингта. Шунинг учун мен ўйлайманки, бундай ҳолатларга қарши курашни қонунга ўзгартириш киритишдан бошлашимиз керак», деди марказ раҳбари.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, йиғилишда Гулчеҳра Маткаримова аёлига зулм қилаётган эркакларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш кераклиги, улар қонундан чўчимаётгани тўғрисида ҳам ўз фикрларини айтиб ўтди. Хусусан, бу борада қонунларга ўзгартиш киритиш зарурлигини таъкидлади.
«Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан биргаликда ишламасак бўлмайди. Чунки Оила, Маъмурий ва Жиноят кодексларидаги зўравонлик билан боғлиқ бўлган айрим моддаларга ўзгартиш киритиш зарур.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига назар солсак, агрессорга нисбатан муносабат жудаям юмшоқ ва енгил жазолар берилади. Улар жазодан қўрқмайди. Мана мисол, Мирзо Улуғбек туманида аёлига «горшокдаги фикале»ни едирган одамга 3 йил қамоқ жазоси берилди. Аммо судяни айбдор қила олмайсиз. Чунки у қонундан ташқарига чиқа олмайди. Қонунда шунақа белгиланган. Иккинчи қисмга ўта олмайди. Чунки тан жароҳатлари оғир эмас деб берилган. Лекин баданида соғ жойи йўқ эди. Аммо енгил тан жароҳати дейилди. Шунинг учун ҳам 1-қисмга ўтиб 3 йил берилди.
Одамлар ижтимоий тармоқларда «ҳа, демак одамни ўлдириб юборса ҳам бўлаверар эканда Ўзбекистонда», деган маънода уни билиб-билмасдан жуда кўп муҳокама қилишяпти.
Қонундан четга чиқа олмаслигимиз аниқ факт. Шунинг учун қонунларга ўзгартиш киритишни таклиф қиламан. Ишчи гуруҳ ишлаши керак», деди юрист йиғилишдаги нутқида.
Мавзуга оид
19:03 / 22.11.2024
"16 ёшли" аёлнинг 1 яшар эгизак фарзанди. Эрта никоҳни тарғиб қилганлар огоҳлантирилди
17:32 / 07.11.2024
Хитойда янги оила қуриш ҳолатлари рекорд даражада камайиб кетди
14:09 / 02.11.2024
Хитойдаги шаҳарда келин 35 ёшдан кичик бўлса, никоҳдан ўтишда ҳукумат томонидан пул тўланади
08:10 / 29.10.2024