Ўзбекистон | 15:00 / 26.12.2020
22664
2 дақиқада ўқилади

Депутатлар Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқди 

Қонун лойиҳасида президент Давлат хавфсизлик хизматининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланиши баробарида, ушбу хизматнинг фаолиятини назорат қилиш тартиби ҳам назарда тутилган.

Фото: Президент Давлат хавфсизлик хизмати

2020 йил 26 декабрь куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Мажлисда таъкидланганидек, бугунги кунда президент Давлат хавфсизлик хизмати ўз фаолиятини қонуности ҳужжатлари асосида юритиб келмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси президент Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятини ташкил этиш учун шаффоф ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Мазкур қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилишига МДҲ иштирокчи давлатлар раҳбарлари кенгаши аъзолари томонидан 2008 йил 10 октябрдаги имзоланган МДҲ иштирокчи давлатларининг давлат қўриқловига олинган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик келишуви ҳам асос бўлиб хизмат қилди.

Қонун лойиҳасида қўриқланиши белгиланган шахсларнинг тоифаси, президент Давлат хавфсизлик хизматининг мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари ўз аксини топган. Шунингдек, лойиҳада президент Давлат хавфсизлик хизматининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланиши баробарида, ушбу хизматнинг фаолиятини назорат қилиш тартиби ҳам назарда тутилган.

Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда хорижий давлатлар, хусусан, АҚШ, Россия, Корея давлатларининг соҳадаги қонунчилик асослари атрофлича ўрганилган. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон қонун ҳужжатларини МДҲ давлатлари билан имзоланган халқаро шартномаларга мувофиқлаштириш имконини беради, дейилади парламент сайтида. 

Мавзуга оид